Хоразм вилояти делегацияси Қозоғистоннинг Атирау ва Манғистау вилоятлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

АҚТОВ, 17 август. /“Дунё” АА/. Жорий йил 10-15 август кунлари савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизнинг Оқтовдаги Бош консулхонаси томонидан Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Исмаилов, Ургенч тумани ҳоким ўринбосари Аббос Қурбонниёзов, Янгибозор тумани ҳокими ўринбосари Ғайрат Рўзметов ва “Урганч файз сервис” МЧЖ директори Ҳусенбой Атаевлардан иборат делегациянинг Қозоғистоннинг Атирау ва Манғистау вилоятларига ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташрифнинг биринчи кунида Хоразм вилояти делегациясининг Атирау вилояти акими Серик Шапкенов билан учрашуви ташкил этилди. Унда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатида ҳамкорлик истиқболлари юзасидан музокаралар олиб борилди.

Хусусан, Хоразм вилояти делегациясининг Атирау вилоятига қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича билдирган тижорат таклифлари, шунингдек, Атирау вилоятида Хоразм вилоятининг савдо уйини очиш ва вилоятда қўшма иссиқхона комплексини ташкил этиш ташаббуслари Атирау вилояти акими томонидан қўллаб-қувватланди.

“Атамекен” Қозоғистон тадбиркорлар миллий палатаси Атирау вилояти бўлимида ўтказилган учрашувда “Атамекен” Қозоғистон Республикаси тадбиркорлар миллий палатаси Атирау вилояти бўлими директори Нурлан Суюнбаев, вилоятнинг давлат тушумлари департаменти, фавқулодда вазиятлар департаменти, давлат архитектура ва қурилиш бошқармаси, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агросаноат комплексидаги давлат инспексияси қўмитасининг ҳудудий инспекцияси вакиллари, шу билан бирга, вилоятдаги “Идеал”, “Лидер”, “Ярмарка” ва “Марко” каби йирик савдо марказлари раҳбарлари иштирок этишди.

Хоразм вилоятининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти салоҳияти ва Атирау вилоятидаги савдо марказларининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Учрашув сўнггида Хоразм вилоятининг “Agro Land Max” ФХ ва Атирау вилоятининг “Асыл Арба” МЧЖ ўртасида Атирау вилоятига 1 миллион 27 минг АҚШ доллар қийматдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланди.