Хорижда истиқомат қилаётган ёки чет элга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диққатига! Фуқароларга консуллик масалаларини тезкор ва масофавий тарзда ҳал этишда қулайлик яратиш, шунингдек, зарур маълумотларни тўғридан-тўғри мобил қурилма орқали тақдим этиш мақсадида расмий мобил илова ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Замонавий рақамли ечимларни ўзида мужассам этган ушбу илова қуйидаги асосий вазифалар ва имкониятларни тақдим этади:
Дипломатик ваколатхоналар геолокацияси ва контактлари: Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги барча элчихоналари ва консуллик муассасаларининг аниқ манзиллари, харитадаги геолокацияси (жойлашуви) ҳамда тўлиқ алоқа маълумотлари бир тизимга жамланган. Шунингдек, иловада «Консуллик округлари»ни текшириш функцияси мавжуд бўлиб, у орқали қайси загранмуассаса сиз турган мамлакат ёки ҳудудга масъул эканлигини осонгина аниқлаш мумкин.
Масофавий консуллик хизматлари: Ҳозирги вақтда фуқаролар илова орқали қуйидаги муҳим консуллик хизматлари учун масофавий тарзда ариза топширишлари мумкин: — Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш; — Вақтинчалик ва доимий консуллик ҳисобига туриш. (Изоҳ: Келгусида кўрсатиладиган консуллик хизматлари рўйхати босқичма-босқич кенгайтирилади).
Анкеталарни автоматик тўлдириш тизими: Консуллик хизматларидан фойдаланиш жараёнини соддалаштириш мақсадида ариза ва анкеталарни тўлдиришда янги техник имконият жорий этилди. Тизим сўровномалардаги асосий мажбурий майдонларнинг тахминан 80 фоизини автоматик тарзда тўлдириш имкониятини беради, бу эса фуқароларнинг вақтини сезиларли даражада тежайди.
Виза талаблари тўғрисида маълумотнома (Тест режимида): Иловада Ўзбекистон фуқаролари учун хорижий давлатларга кириш визалари талаблари акс эттирилган махсус ахборот бўлими ташкил этилган. Айни пайтда ушбу бўлим «тест режимида» ишламоқда ва маълумотлар базаси мунтазам равишда тўлдириб борилмоқда. Иловадан фойдаланиш мутлақо бепул бўлиб, уни қуйидаги расмий ҳаволалар орқали юклаб олишингиз мумкин:
Google Play (Android):
App Store (iOS):
Хориждаги вақтингизни тежанг ва консуллик хизматларидан замонавий рақамли технологиялар ёрдамида хавфсиз ҳамда қулай тарзда фойдаланинг.