ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИ РАҚАМЛАРДА. Қайси соҳа қандай ривожланмоқда?

Мамлакатимиз иқтисодиётидаги устувор йўналишлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ўз ифодасини топган.  Шундан келиб чиқиб, ўтган йили амалга оширилган ишлар самараси  асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда яққол кўзга ташланади.

Жумладан, дастлабки баҳолашларга кўра, 2023 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий нархларда 1 квадриллион 66,6 триллион сўмни ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 6 фоизга ошди. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғида 4,, саноатда 6, қурилишда 6,4, савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 10,2, ташиш, сақлаш, ахборот ҳамда алоқа хизматларида 12,3 ва бошқа хизмат тармоқларида 4,5 фоиз ўсиш кузатилди.

2023 йил ҳолатига Ўзбекистон Республикаси асосий макроиқтисодий кўрсаткичларининг ўсиш суръатлари
(ўтган йилга нисбатан, % да)

2023 йилда иқтисодиёт тармоқлари таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги улуши 24,3, саноат 26,1, қурилиш 6,2, хизматлар соҳаси ҳиссаси 43,4 фоизни ташкил этди.

Хизматлар соҳасининг ЯИМ ўсишига ҳиссаси 2,6, саноат 1,5, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғи 1, қурилиш соҳаси улуши 0,4 фоизга тенг бўлди.

Шунингдек, 2023 йилда республика бўйича ЯИМнинг шаклланишида Тошкент шаҳри 17,1 фоиз улуш билан энг катта ҳисса қўшди. Тошкент, Навоий вилоятлари 10,1, ва 7,7 фоиз кўрсаткичлари билан кейинги ўринларни эгаллади. Сирдарё вилояти (2 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (3,1 фоиз)  ҳамда Жиззах вилоятига (3,1 фоиз ) билан энг кам натижа кўрсатган.

Шунингдек, ўтган йили аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми жорий нархларда 29,3 миллион сўмни ташкил этган ва 2022 йилга нисбатан 3,8 фоизга ўсган.

Саноат ишлаб чиқариши

2023 йилнинг дастлабки маълумотларига кўра, республикамизда фаолият юритаётган 69,4 мингдан зиёд саноат корхоналари томонидан 655,8 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ҳажми 6 фоизга ошди. Жумладан, энг юқори улуш 84,4 фоиз билан қайта ишлаш саноатига тўғри келди. Тоғ-кон ва очиқ конларни ишлаш саноатининг улуши 8,4, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш саноатининг улуши 6,7, сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш саноатининг ҳисаси 0,5 фоизни ташкил этди.

Қайта ишлаш саноати корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 6,7 фоизга ҳамда электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш саноатида 9,7 фоизга ошиши кузатилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилга нисбатан 6,2, тўқимачилик маҳсулотлари  6,4 фоизга кўпайди.

Ўзбекистон Республикасида саноат ишлаб чиқаришининг асосий тармоқлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажмлари

         Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш суръатлари Жиззах (7,4 фоиз), Андижон (7,3 фоиз), Наманган (7,2 фоиз), Сирдарё (7,1 фоиз), Қашқадарё (7,1 фоиз), Навоий (6,7 фоиз), ҳамда Фарғона (6,2 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Ижобий ўсиш суръатларига эришишда 2023 йилда
14,1 мингдан ортиқ янги ташкил этилган саноат корхоналарининг аҳамияти катта. Хусусан, тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳар бирида 3,3 мингтадан, мебель, кимё саноатида мос равишда 0,9 ва 0,5 мингта янги субъектлар иш бошлади.

2023 йилда ўзлаштирилган жами инвестицияларнинг қарийб ярми, яъни 53,3 фоизи айнан саноат соҳасини ривожлантириш ва модеринизация қилишга йўналтирилди. Бу эса республикамизда импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қиляпти.

Шунга кўра, ўтган йилда саноат тармоқларига киритилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 140 триллион сўмга, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 68,6 триллион сўмга етди.

2023 йилда республика экспорти ҳажми 24,4 миллиард долларга тенг бўлиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 23,8 фоиз ўсишга эришилди. Бунда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми 3 миллиард долларни, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажми 1,8 миллиард долларни, машина ва транспорт асбоб-ускуналари 1,3 миллиард долларни ташкил этди.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғи

Давлат томонидан аграр соҳани қўллаб-қувватлаш, иқтисодий манфаатдорлигини ошириш бўйича амалга оширилган тизимли тадбирлар натижасида, дастлабки маълумотларга кўра,  йил якуни бўйича қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг умумий ҳажми 426,3 триллион сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 4,1 фоизга ошди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 63,1 фоизи   деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳамда 29,8 фоизи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

2023 йилда республика бўйича жами 8,4 миллион тонна (ўтган йилга нисбатан 105,5 фоиз) дон ва дуккакли дон экинлари, 3,6 миллион тонна (103,8 фоиз) картошка, 11,5 миллион тонна (103,5 фоиз) сабзавотлар, 2,5 миллион тонна (105,5 фоиз) полиз ҳамда 3,1 миллион тонна (104,1 фоиз) мева етиштирилди.

Ўтган йил давомида республика бўйича тирик вазнда жами гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 миллион тоннани (ўтган йилга нисбатан 103,9 фоиз), сут 12 миллион тоннани (102,9 фоиз), тухум  8 487,5 миллион донани (104,4 фоиз) ҳамда балиқ етиштириш 198,9 минг тоннани (107,3 фоиз) ташкил этди.

Чорвачилик маҳсулотларини етиштириш кўрсаткичларининг хўжаликлар тоифалари бўйича таҳлили шуни кўрсатдики, тирик вазндаги гўштнинг умумий ҳажмида 84,9, сутнинг  92,8 ҳамда тухумнинг 57,9 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳиссасига тўғри келди.

2024 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикада йирик шохли қорамоллар умумий бош сони 14,1 миллионни (2023 йилнинг мос даврига нисбатан 288,9 минг бошга кўп), шундан сигирлар 5 миллион, (89,8 минг бошга кўп), қўй ва эчкилар 24,1 миллион, (515,8 минг бошга кўп) ва паррандалар 103 миллдион бошни (5,7 миллион. бошга кўп) ташкил этди.

Чорва моллари ва паррандалар бош сони тўғрисидаги маълумотларни хўжалик тоифалари бўйича таҳлил қилар эканмиз, йирик шохли қорамолларнинг 90, сигирларнинг 90, қўй ва эчкиларнинг 77,5 ҳамда  паррандаларнинг 48,5 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликларида парваришланмоқда.

Хизматлар соҳаси

Дастлабки маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь — декабрь ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 470,3 триллион сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,7 фоизга кўп демакдир.

Хизматлар умумий ҳажмининг ўсишига молиявий хизматларининг 20,6, савдо 10,2, алоқа ва ахборотлаштириш 24,6, таълим соҳасидаги хизматларнинг 22,8 фоизга ўсиши ижобий таъсир кўрсатди.

Молия сектори янги маҳсулот ва хизматларни жорий этиш ҳамда технологияларга сармоя киритиш ҳисобига жадал ривожланмоқда. 2023 йилда унинг ҳажми 106,4 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 120,6 фоизни ташкил этди ва жами кўрсатилган бозор хизматлари ҳажмидаги улуши 22,6 фоизга тенг бўлди.

Молиявий хизматлар ҳажми ошишига банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, истиқболли инвестиция лойиҳаларини кредитлашнинг кенгайиши, валюта сиёсатини либераллаштириш ўз таъсирини кўрсатди.

2023 йил январь декабрь ойлари якунига кўра кўрсатилган бозор хизматлари

Транспорт хизматлари ҳажми 108,5 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 108 фоиз даражасида қайд этилди. Ушбу хизмат турининг жами кўрсатилган бозор хизматлари ҳажмидаги улуши 23,1 фоизни ташкил этди. Уларнинг ўсишига темир йўл транспортида кўрсатилган хизматлар катта таъсир кўрсатди — 112,4 фоиз. Шу билан бирга, омборга жойлаштириш ва ёрдамчи транспорт хизматларининг 14,9 фоиз ўсиши таъминланди.

Сўнгги йилларда алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг жадал ўсиши кузатилмоқда. Масалан, 2019 йилда 108,3 фоизга тенг бўлса, 2023 йилда  ўсиш суръати 124,6 фоизга етди. Улар ҳажми 32,2 триллион сўмни ташкил этди.

2023 йилда савдо хизматлари ҳажми 110,7 триллион сўм, 2022 йилнинг нисбатан ўсиш суръати 110,2 фоиз  бўлди. Ушбу турдаги хизматлар ялпи қўшилган қийматининг ўсиши автомобиль ҳамда мотоцикллар улгуржи ва чакана савдоси, жумладан, уларни таъмирлаш хизматларининг 29,4 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланди.

Таълим соҳасида хизматлар ҳажми 20,4 триллион сўмни ташкил этиб, аввалги йилга қараганда ўсиш суръати 122,8 фоизга етди. Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари, хусусан, хорижий олий таълим муассасаларининг мавжуд ва янги филиалларида янги факультетлар очилиши, шунингдек, тўлов-контракт асосида қўшимча қабул ўринларнинг очилиши таълим соҳасида хизмат кўрсатиш ҳажми ошишига олиб келди.

Интернет тармоғининг кенг қўлланилиши, логистика, электрон тўлов тизимлари ва электрон ҳужжат айланишининг пайдо бўлиши натижасида фаолиятнинг янги шакли — электрон тижорат фаол ривожланмоқда. Таҳлил қилинаётган даврда йирик корхоналарнинг электрон тижорат ҳажми жами кўрсатилган бозор хизматлари ҳажмининг 2,7 фоиз улушига тенг бўлди.

2023 йил якунига кўра, мамлакатимизга туристик мақсадларда келган чет эл фуқаролари сони 6 миллион 626,3 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,6 фоиз ошди.

Асосий капиталга инвестициялар

2023 йил январь — декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси бўйича жами 352,1 триллион сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 122,1фоизга ўсганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, мазкур юқори ўсиш марказлашмаган молиялаштириш манбалари ҳисобидан таъминланди. Улар жами инвестицияларнинг 87,3 фоизини қамраб олди ёки 307,3 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, 2022 йилга нисбатан 26,2 фоизга кўпайди.

Марказлашмаган молиялаштириш манбалари тўғрисида гап кетганда, тўғридан-тўғри ва кафолатланмаган хорижий инвестиция ҳамда кредитлар ҳисобидан ўзлаштирилаётган сармояларнинг ўрни катталигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Бу инвестициялар 166,7 триллион сўмни ёки жами инвестицияларнинг 47,4 фоизини ҳамда 2022 йилга нисбатан ўсиш суръати 156,2 фоизни ташкил этди. 

Хорижий инвестицияларнинг инвестор мамлакатлар бўйича географиясига эътибор қаратадиган бўлсак, унда Хитойдан кириб келган инвестицияларнинг ўзлаштирилиши энг юқори улушга эга бўлиб турганини кўриш мумкин. Ушбу мамлакат инвестицияларининг ўзлаштирилиши жами ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг 25,6 фоизи ёки 48,1 триллион сўмдан иборатдир.

Шунингдек, Россия инвестицияларининиг ўзлаштирилиши
25,2 триллион сўм ёки жами ўзлаштирилган инвестицияларнинг 13,4 фоизини, Туркия инвестицияларининг ўзлаштирилиши 12 триллион сўм ёки жами ўзлаштирилган инвестицияларнинг 6,4 фоизини ташкил этди.

Бажарилган қурилиш ишлари ҳажми

Қурилиш иқтисодиётнинг бир қисми сифатида иқтисодиётнинг барча бошқа тармоқлари учун асосий фондларни яратиш
ва модернизация қилишда иштирок этади. Шунинг учун асосий фонд яратувчи тармоқ ҳисобланади.

2023 йилда мамлакатимизда бажарилган қурилиш ишлар ҳажми 149,9 триллион сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 6,4 фоизга кўпайди. Иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил қилинганда, бино ва иншоотлар қурилиши бўйича амалга оширилган ишлар етакчилик қилди. Яъни жами бажарилган қурилиш ишларининг 70,1 фоизи улар улушига тўғри келди. Фуқаролик объектлари қурилишининг ҳиссаси 20,6 фоизни ёки 31 триллион сўмни, ихтисослаштирилган қурилиш ишларининг улуши 9,3 фоизни ёки 13,9 триллион сўмни ташкил қилди.

Қурилиш ишлари таркиби

Қурилиш фаолиятини олиб борувчи корхона ва ташкилотларининг сони 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига мувофиқ, 34 минг 749 тани ташкил қилиб, қурилиш соҳаси томонидан  яратилган ялпи қўшилган қиймат мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 6,2 фоизни қайд этди.

Ўтган йили мамлакатимизда умумий майдони 14,1 миллион метр квадратга тенг тураржойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур тураржойлар 63 минг хонадонга мўлжалланган бўлиб, аҳолининг уйга бўлган талабини қондиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, тураржойларнинг 64,6 фоизи қишлоқ жойларда ишга туширилди. Ижтимоий соҳанинг муҳим тармоғи ҳисобланган таълим йўналишида республика бўйича жами 107,4 минг ўқувчи ўринга мўлжалланган мактаблар ҳамда 27,6 минг ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасалари, қарийб 2,8 минг ётоққа мўлжалланган касалхоналар ва 5 мингдан ортиқ қатновга мўлжалланган поликлиникалар фойдаланишга топширилди.

Ташқи савдо айланмаси

Мамлакатимизда сўнги йилларда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш, умуман, ташқи савдо мувозанатини таъминлаш мақсадида имтиёз ва афзалликларнинг комплекс тизими яратилди. Бунинг натижасида жаҳон бозорларидаги конъюктуранинг сезиларли ўзгаришларига қарамай, охирги беш йил ичида ташқи савдо айланмаси 1,5 баробар ўсди.

Экспорт қилувчи корхоналарга, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектларига маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, уларни ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган тузилмалар ташкил этилди.

Сўнгги йилларда ташқи савдо соҳасидаги амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли ўтган йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 62,6 миллиард долларига етди ва 2022 йил нисбатан 12,1 миллард долларига ёки 23,9 фоизга ошиши таъминлади.

Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 24,4 миллирад долларга (23,8 фоизга ошди) ва импорт ҳажми 38,2 миллиард долларга (24 фоизга кўпайди) етди. Ҳисобот даврида 13,7 миллиард доллар қийматида манфий ташқи савдо баланси қайд этилди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси

(млрд доллар)

Мамлакатимиз жаҳоннинг 198 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (21,9 фоиз), Россия (15,8 фоиз), Қозоғистон (7 фоиз), Туркия (5 фоиз) ва Корея Республикаси (3,7 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.

Кейинги йилларда Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби қўшни давлатлар билан ташқи савдо айланмасида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Сўнгги беш йил ичида ташқи савдо айланмаси Туркманистон билан икки карра, Тожикистон билан 1,6, Қозоғистон билан 1,3 ва Қирғизистон билан 1,2 баробардан зиёдга ошди.

Ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида ва амалга оширилган ислоҳотлар натижасида экспортчилар сони 7,3 мингтага етди ва улар томонидан 16,2 миллиард доллар (номонетар олтиндан ташқари) қийматидаги (ўсиш 4,5 фоиз) товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланди.

2023 йилда товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорларимиз Россия (13,5 фоиз), Хитой (10,1 фоиз), Қозоғистон (5,6 фоиз), Туркия (5,1 фоиз), Афғонистон (3,5 фоиз) ва Қирғиз Республикаси (2,6 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий республика экспортдаги улуши 40,4 фоизни ташкил этди.

Экспорт таркибида товарлар улуши 78,8 фоизга етиб, унда саноат товарлари (16,6 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,3 фоиз), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (5,4 фоиз), машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (5,3 фоиз) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Асосий экспорт маҳсулотлари орасида тўқимачилик етакчилик қилмоқда. Хусусан, 2023 йил якуни бўйича 3,1 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, умумий экспортнинг 12,5 фоизини ташкил этди ва сўнги беш йилликда қарийиб 2 баробарга ошгани кузатилди.

2023 йилда 1,2 миллиард доллар қийматидаги ёки 1,8 миллион тонна мева-сабзавот экспорти амалга оширилган бўлиб, ушбу кўрсатгич 2022 йилга нисбатан 3,3 фоизга кўпайди ёки 18,9 минг тоннага ошгани қайд этилди. Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (37 фоиз), Покистон (16,7 фоиз), Хитой (12,3 фоиз) ҳамда Қозоғистон (10,3 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

2023 йилда импорт ҳажми 38,2 миллард долларни ва 2022 йилга нисбатан 24 фоиз ўсишни ташкил этди. Товарлар импорти суръати таҳлилига кўра, импорт қилинган товарлар ҳажми 7,4 миллард долларга кўпайди ва 35,6 милиард долларга етди. Хизматлар импорти эса 2,6 миллиард долларни қайд этди ва 2022 йилга нисбатан 1,6 фоизга камайди. Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва асбоб-ускуналар (39,2 фоиз), саноат товарлари (16,6 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,8 фоиз) ҳисобига тўғри келди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Статистика агентлиги