Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари

Дунё аҳолисининг 2 миллиарддан зиёди, яъни 25 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Мамлакатимизда эса ёшлар қатлами жами аҳолининг қарийб 60 фоизига яқин. Шунинг учун Ўзбекистон ёшлар мамлакати сифатида эътироф этилади. Яқин ўн йилликларда бу қатлам давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга эга бўлишини тасаввур қилсак, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, муаммоларини вақтида ҳал этиб, шахс сифатида ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, профессионал касб маҳоратини шакллантириш каби вазифалар ниҳоятда долзарб экани ойдинлашади.

Давлатимиз раҳбари “Ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бирламчи аҳамиятга эга”, деб бежиз таъкидламайди. Бу ёндашув “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам аксини топган. Мисол учун, ушбу муҳим ҳужжатнинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” деб номланган биринчи йўналиши 44 банддан иборат бўлса, шунинг 25 дан ортиғи бевосита ёшлар манфаатларига қаратилган.

Ёшлар сиёсати соҳасида қабул қилинаётган режа ва дастурларимиз қанчалик жозибали ва жарангдор бўлмасин, уларнинг ҳаётга қай даражада кенг татбиқ этилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Хусусан, масъул давлат хизматчилари ижро интизомига қатъий риоя этса, ҳар бир топшириқ ва вазифанинг ижросини белгиланган муддатларда, юқори даражада таъминласа,ёшлар манфаати йўлидаги ислоҳотлар самарасини ҳар бир ёш ўз танасида ҳис этади, бундан баҳраманд бўлади.

Бу борада Ёшлар ишлари агентлигида Президентимизнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобдорлик тизими мавжуд. Хусусан, ҳар бир топшириқ ижроси электрон тизим орқали назоратга олиниб, раҳбар ва масъул ходимларнинг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб бориш йўлга қўйилди.

Бунинг натижасида ўтган йили агентлик томонидан Президентимизнинг 11 та фармонида белгиланган 40 та, 34 та қарорида белгиланган 162 та, 2 та фармойишида белгиланган 24 та, 18 та йиғилиш баёнида белгиланган 65 та топшириқ ижроси сифатли ташкил этилди. Бунинг натижасида ёшларимиз ўзлари талпинаётган эзгу мақсадлари йўлида мисли кўрилмаган имтиёз ва имкониятларга эга бўлди.

Ёшлар нимани хоҳлайди?

Хўш, бугун ёшларимиз давлатдан нимани хоҳламоқда? Албатта, улар ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ҳеч қандай тўсиқларсиз рўёбга чиқариш учун эркин ва қулай шарт-шароитларни, тенг имкониятлар
ва келажак учун мустаҳкам кафолатларни истайди.

Айни пайтда ёшларга оид давлат сиёсати тўлиқ ушбу мақсадларга йўналтирилган. Ёш авлодга ҳуқуқий кафолатларни яратишдан тортиб, сифатли билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, шахс сифатида камол топиши, қўйингки, меҳнат қилиб, фаровон келажагини бунёд этиши учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Хусусан, ўтган 2023 йилда ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, манфаатларини таъминлаш соҳасида юртимиз тарихида кузатилмаган улкан ишлар қилинди. Албатта, бу жадал демократик тараққиёт йўлини танлаган ватанимиз учун мутлақо табиий ҳолдир. Чунки илм-фан ва технологиялар жадал ривожланаётган, глобал дунёда рақобат ортиб бораётган бир шароитда мамлакатларнинг келажак тақдири ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, истеъдодига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар билан ишлаш борасидаги муаммоларга самарали ечимлар топиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ўтган вақт давомида амалга оширилган ишлар айни шу вазифалар ижросига қаратилган, десам адашмайман.

“Ёшлар баланси”

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари йилдан йилга такомиллашиб, янги ва самарадор йўналишларда давом эттирилмоқда. Ҳамма ўғил-қизларимиз учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида 2023 йилда “Ёшлар баланси” асосида ёшларимиз учта – “яхши”, “ўрта” ва “оғир” тоифаларга ажратиб олинди. “Оғир” тоифадаги ишсиз, давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигига муҳтож 400 мингга яқин ёшга кенг кўламли ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, улар 133 нафар вазир ва ўринбосарига, 6 622 нафар ҳоким, сектор ва ташкилот раҳбарига бириктирилди. Шу асосда раҳбарларнинг “оғир” тоифадаги ёшлар билан учрашувини ташкил қилиш график режаси ишлаб чиқилди.

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси томонидан 208 та туман (шаҳар), 832 та сектор, 9448 та маҳаллада ёшлар билан ишлаш ҳолати бирма-бир ўрганилди. Амалий чоралар натижасида “оғир” тоифадаги 146 минг ёш “яшил” тоифага ўтказилди.

Жумладан, муаммоси аниқланган 185 минг ёшнинг 181 мингта (98 фоиз) масаласи ҳал этилди. Улардан 51379 нафарининг бандлиги таъминланди, 30847 нафарига моддий ёрдам берилди, 31910 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанди, 66816 нафарининг турли ижтимоий-иқтисодий масалалари ҳал этилди.

Ёшлар етакчиси ва бириктирилган масъул раҳбар кафиллиги асосида хулқ-атвори ижобий томонга ўзгарган, пробация назоратида турувчи 6293 (45 фоиз) ҳамда профилактика назоратида турувчи 13567 (61 фоиз) ёш муддатидан олдин ҳисобдан чиқарилди. Мунтазам дарс қолдирувчи 5552 (60 фоиз) ёш таълимга, наркотик ва психотроп моддаларни истеъмол қилувчи 166 (20 фоиз) ёш соғлом турмуш тарзига қайтарилган бўлса, 5204 та (81 фоиз) нотинч оилада ижобий муҳит барқарорлаштирилди.

Хорижий миграциядан қайтган 18148 (29 фоиз) ёш иш билан таъминланди. Ажралиш ёқасидаги 3791 та (51 фоиз) ёш оила яраштирилди. Ногиронлиги бўлган ёшларнинг 25709 нафари даволатилди, 2644 нафари ногиронлик реабилитация техник анжомлари билан, 13395 нафари иш билан таъминланди.

Ёшлар етакчилари хонадонма хонадон хатлов ўтказиб, хориждаги 268 минг ёш балансини шакллантирди ва улар билан доимий мулоқот ўрнатди. Меҳнат миграцияси орқали 11335 ёш юқори даромадли иш ўринларига жойлаштирилди. Хорижий меҳнат миграциясидан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 54075 гектар, жумладан, боғзор (16485 га), токзор (6840,4 га), захира (3066 га) ва лалми (27684,4 га) ер ўрганилиб, 1605,9 гектари ажратиб берилди.

“Қўқон шаҳри тажрибаси” асосида жиноят содир этишга мойил 50506 ёш аниқланиб, улар билан манзилли ишлаш бўйича “ҳаракатлар режаси” амалга оширилди. Уларнинг 3860 нафари“Жасорат мактаби” ҳарбий ўқув йиғинига, 2860 нафари“Ватанпарвар” тарбия оромгоҳига жалб этилди ҳамда уларда ватанга муҳаббат, садоқат туйғулари шакллантирилди. Уюшмаган ёшларнинг 7605 нафарига ҳарбий хизмат бадал пули тўлаб берилди ва улар маҳаллалардаги “Қалқон” жамоатчилик гуруҳларига жалб қилинди.

Ёшларни ҳарбий-спорт ўйинлари орқали ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Амир Темур издошлари” ҳарбий-ватанпарварлик спартакиадаси ўтказилиб, танловлар доирасида жами 1,2 миллион ёш қамраб олинди. Ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш бўйича махсус ўқув модули ишлаб чиқилиб, ИИВ академиясида 180 нафар тренер тайёрланди. Улар томонидан “маҳалла бешлиги”нинг 47 634 вакили каскад усулида ўқитилди.

Бунинг натижасида 3286 та маҳаллада бирорта ишсиз ёш қолмагани, 2831 та маҳаллада ёшлар иштирокида умуман жиноят содир этилмагани тизимдаги улкан жамоанинг меҳнати маҳсулидир.

“Ёшлар дафтари” – имкониятлар дафтари

Ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини юритиш бўйича ишлаб чиқилган маълумотлар базаси – “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етди, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса 30 кундан 5 кунгача қисқарди.

Ёшлар етакчилари тавсияси билан 338 минг йигит-қизга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, талабаларнинг шартнома пули тўланди, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилди. Ишсиз ёшларга меҳнат қуроллари ажратилди. Бугунга келиб кўрсатилган ёрдамлар натижасида ёшлар тадбиркорлик, деҳқончилик ва бизнес билан шуғулланмоқда.

Ҳар бир маҳаллада “фуқаробай” тасдиқланган “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилди. 2023 йилнинг ўзида ишсиз 236120 ёш, 189085 мактаб битирувчисининг бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 150 минг ёшга 3,2 триллион сўм имтиёзли кредит, 163 минг ёшга 67 минг гектар экин майдони ажратилди. 662 минг нафарига ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилди, 56 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди.

“Беш ташаббус олимпиадаси”

2023 йилдан бошлаб “Беш ташаббус олимпиадаси”ни 4 та йўналишда, маҳалла, мактаб, профессионал таълим ва олий ўқув юртларида ўтказиш йўлга қўйилиб, жами 11,7 миллион, яъни 2022 йилдагига нисбатан 5,5 миллионта кўп ёш қамраб олинди. Ғолиб ёшларнинг маҳаллаларида 623 та спорт майдончаси қуриб берилди. Илк маротаба ташкил этилган “Касблар танлови” (ошпазлик, тикувчилик, ҳунармандлик, қандолатчилик, эркаклар сартарошлиги йўналишлари бўйича) мусабақалари жуда кўплаб ёшларни бирлаштирди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда иқтидорли 4500 дан ортиқ ёш иштирокида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз каби тарихий ва диққатга сазовор шаҳарларга “Инклюзив Ўзбекистон” шиори остида бепул саёҳатлар ташкил этиш учун 2,3 миллиард сўм ажратилди. Бугунга қадар 17 маротаба саёҳат уюштирилиб, ногиронлиги бўлган жами 3500 дан ортиқ ёш жалб этилди.

Шунингдек, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган ёшлар ойлигида 5 миллион нафардан ортиқ ёш қамраб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувдаги топшириқлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳар йили икки мавсумда, спорт, маданият ва санъат, китобхонлик, касб-ҳунар йўналишлари бўйича кенг қамровда ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 февралдаги “Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва қобилиятларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2024 йилги мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш” тўғрисидаги 28-баёни ижросини таъминлаш юзасидан жорий йилги мусобақаларни ўтказиш календар-режаси ишлаб чиқилиб, тарғибот қилинди, мусобақаларда қатнашиш учун талабгор ёшлар рўйхатга олинди.

Йилнинг энг йирик лойиҳалари

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида креатив парк фойдаланишга топширилди. Саройнинг биринчи қаватида 150 ўринлиИжод” китоб дўкони очилди.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 97 мингдан ортиқ ёш учун 239 та талабалар турар жойида ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб қилувчи махсус стенд, китобхонликни ривожлантириш учун 50 номдаги23,9 мингта бадиий адабиёт ҳамда QR-кодли китоблар стендидан иборат “Китоб карвони” лойиҳаси ташкил этилди. Хорижий тилларни ўргатишга қаратилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 22 та тил бўйича 1800 дан ортиқ видеодарс яратилиб, 2 миллион ёш қамраб олинди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 20 январдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Заковат” интеллектуал клуби учун алоҳида бино ҳамда Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилди. Республика миқёсида “Заковат” интеллектуал ўйини, кубик-рубик, ментал арифметика, мнемоника каби ўйинлар ташкил этилиб, аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантирилди. “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинларга 2 миллион ёш жалб этилиб, “Қарши шаҳри – 2024 йилда интеллектуал ҳудуд” деб эълон қилинди.

Википедиа интернет тармоғида ўзбек тилида яратилган мақолалар сони 239 мингтага етказилиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 45-ўринга кўтарилди. Чет тилларни ўрганиш бўйича 18 та халқаро имтиҳон тизимида 70 фоиздан юқори натижа кўрсатган 12359 ёшга 21,7 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини шакллантириш мақсадида “Зукко китобхон”, “Билим учун 100 миллион” лойиҳалари амалга оширилди.

Аждодлар меросини ўрганиш мақсадида “Уйғониш” рукни остида илк Уйғониш даври алломалари ва уларнинг илмий мероси хусусида сўз юритувчи 7 та китобдан иборат тўплам чоп этилди. Китоблар матни илк Уйғониш даври олимлари ҳаёти, фаолияти ва ижоди билан боғлиқ илмий манбалар асосида бир неча олий ўқув юртларининг етук олимлари томонидан шакллантирилди ҳамда нашрга тайёрланди.

Айни пайтда Президентимизнинг 2023 йил 28 ноябрдаги “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, энг сара илмий-оммабоп ва бадиий адабиётларни хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш бўйича “1000 китоб” лойиҳаси устида амалий ишлар бошланди. Жумладан, дастлабки 10 та китоб бўйича муаллифлик ҳуқуқини олиш юзасидан шартномалар имзоланди.

Ёшлар етакчилари фаолияти қўллаб-қувватланмоқда

Республикамиздаги 9448 та маҳалладаги ёшлар етакчилари фаолиятини мунтазам қўллаб-қувватлаш, услубий-методик ёрдам кўрсатиш доимий равишда эътибор марказида турибди. 2023 йил май ойида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ёшлар оромгоҳида “Ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими” бўйича республика ўқув семинари ташкил этилиб, “Ёшлар билан индивидуал ишлашни ташкил этиш бўйича” услубий қўлланма ишлаб чиқилди ва барча ёшлар етакчиларга тарқатилди. Бундан ташқари:

– ёшлар етакчилари учун “7+2” энг муҳим вазифаларни ўз ичига олган 2 та видеодарслик ишлаб чиқилди;

– ёшлар етакчиларининг фаолиятига оид барча статистик маълумотларни ўз ичига олган “Ён дафтарча” ишлаб чиқилиб, етакчиларга тарқатилди;

– ёшлар етакчиларининг фаолияти йўналишларини белгилайдиган ҳафталик иш режа ва унинг ҳисоботини олиш тизими йўлга қўйилди;

  • фаол ишлаётган етакчиларнинг 4 нафари Туркия ва 7 нафари Россияга стажировкага юборилди;
  • олий таълим муассасаларининг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинган, 474 нафар ёшлар етакчисининг 2-семестр контракти учун 3 миллиард 159 минг сўм тўлаб берилди;
  • “Йилнинг энг намунали маҳалла етакчиси” республика танлови ўтказилди.

Ўтган йил декабрь ойида – “Ёшлар форуми” доирасида ёшлар ва раҳбарлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадида барча вазирлик ва идораларда юз минглаб ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиб, кўплаб муаммоларга ечимлар топилди.

2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганини ҳисобга олсак, бу йил ёшлар манфаатларини таъминлашга янада кенг кўламли ёндашилади.

Шубҳасиз, ёшлар – давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи. Бизнес ва тадбиркорлик эса замонавий иқтисодиётимизнинг асосини ташкил қилади. Жорий йилнинг ана шундай номланиши ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ташаббусларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратилишидан далолатдир.

Жумладан, бу йил юртимизда 5 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари қатъий таъкидлаганидек, “қамбағалликни кескин камайтириш учун одамларимизга доимий даромад келтирадиган иш ўринларини яратиш зарур”.

2024 йилда йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади. Бизнес ва тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларга, айниқса, тадбиркор ёшларга янада кенг имконият ва имтиёзлар тақдим этилади.

Юқорида таъкидлаганимиз – “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. 400 минг ёшнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал этишга эришиш, ёшларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга тушириш мақсад қилинган. Бу борадаги вазифалар “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да изчил амалга оширилади.

Шунингдек, ёшлар орасида катта қизиқиш билан кутиб олинган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали чет тилларни ўрганаётган ёшларни 1 миллион нафарга, китобсеварларнинг “Мутолаа” дастури орқали ёш китобхонларни 1,5 миллион нафарга етказиш чоралари кўрилади. Бунинг учун ҳудудларда қўшимча инфратузилма барпо этилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариш учун янада кенг шароитлар яратилади.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Бу ишларнинг дебочаси ўлароқ, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган қизларни ўқитиш учун махсус грант эълон қилинди. Бунда икки ой давомида 50 нафар қиз илк босқичдан бизнес бошлашнинг амалий усулларини 10 нафар тажрибали экспертдан бепул ўрганади. Лойиҳанинг биринчи босқичида 18-30 ёш оралиғида бўлган, Тошкент шаҳрида яшайдиган ёки яшаш имконига эга номзодлар кўриб чиқилади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу йил юртимиздаги 19 миллиондан ортиқ ёш учун улкан имкониятлар йили бўлади. Бизнес ва тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиш, илм-фан, инновация, ахборот технологиялари соҳаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Ёшларнинг илғор ғоя ва ташаббуслари, интилишлари янада рағбатлантирилади.

Шу боис, Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладан республикагача бўлган вертикал тизимидаги барча раҳбар ва масъул ходимлари, ёшлар етакчилари “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган ҳар бир топшириқ ва вазифаларнинг ижросини юқори савияда таъминлаш учун тўла сафарбар қилинди.

Бу борада 2023 йил 21 ноябрь куни ижро интизоми масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган қуйидаги талаблар топшириқлар ижроси бўйича якуний натижадорликка эришишнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади:

биринчиси – тизим яратиш;

иккинчиси – тартиб ўрнатиш;

учинчиси – темир интизомни таъминлаш;

тўртинчиси – раҳбарлар ва бошқарув тизими ходимларининг дунёқарашини кескин ўзгартириш.

Алишер Саъдуллаев,

Ёшлар ишлари агентлиги директори