ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари: Ўзбекистоннинг янги конституцияси – жамиятда гендер тенгликни таъминлаш кафолати

«Янги Ўзбекистон Конституцияси нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқи ифодаси, балки тинчлик, фаровонлик, барқарор ривожланишга эришишнинг зарур асоси сифатида гендер тенгликни таъминлаш кафолатидир», деди Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссия раҳбари Альберт Йонссон бугун пойтахтимизда бўлиб ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдуми дастлабки натижалари юзасидан матбуот анжуманида.

Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегиясида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқи, имкониятини қадрият сифатида ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилган. Зеро, мамлакат аҳолисининг, қарийб, ярми, яъни 49,7 фоизини аёллар ташкил этиб, улар жамиятнинг барча жабҳаларида мунтазам, фаол иштирок этиб келмоқда.

Бугунги кунга қадар аёлларнинг улуши раҳбарлик лавозимларида 33, меҳнатга лаёқатли аҳоли орасида 45 фоиз ошган. Айниқса, сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ қонунчилик ва институционал негизни мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида умуминсоний глобал муаммоларга тўхталиб, биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди, дея таъкидлаган эди. Гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги — инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Илмий тадқиқотлар ва амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизидир.

Қолаверса, ўзбек халқи азалдан муқаддас Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатган. Бинобарин, аёлга эътибор, аввало, оилага, жамият келажагига эътибор ифодасидир.

Умуман, Янги Конституция лойиҳасида айни масалалар ёрқин ифодаланган. Жумладан, Асосий қонуннинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деб ёзилган.

Хулоса қилиш мумкинки, гендер тенглик — мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор. Янги Ўзбекистон Конституцияси нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқи ифодаси, балки тинчлик, фаровонлик, барқарор ривожланишга эришишнинг зарур асоси сифатида гендер тенгликни таъминлаш кафолатидир.