ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари: Ўзбекистон Конституцияси лойиҳаси жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида пухта ишлаб чиқилган

Бугун пойтахтимизда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг Ўзбекистон  Конституциясига  ўзгартиш ва  қўшимчалар  киритиш  бўйича референдуми дастлабки натижалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссия раҳбари Альберт Йонссон, унинг ўринбосари Лусине Бадалян, шунингдек, матбуот анжумани модератори, медиа-таҳлилчи Эльма Шехалич иштирок этди.

«30 апрель куни бўлиб ўтган Конституциявий референдум техник жиҳатдан пухта тайёрланган ва турли ҳуқуқ ва эркинликларни яхшилаш ниятида кенг эълон қилинган эди, –  деди ЕХҲТ/ДИИҲБ миссияси раҳбари Альберт Йонссон. – Ўзгартиришлар лойиҳаси бўйича маслаҳатлашув жараёни умуман қамраб олинган эди.

ДИИҲБнинг Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссиясининг кўплаб суҳбатдошлари таклиф этилаётган ўзгартишларни гендер тенглигини мустаҳкамлаш, давлатнинг фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари олдидаги ижтимоий мажбуриятларини оширишга хизмат қилувчи такомиллаштириш сифатида олқишлади. Конституциявий ислоҳот жараёни анча узоқ давом этди, кўплаб таклифлар инобатга олинди.