Ўзбекистон ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғайрат Фозилов бугун мамлакатимизга ташриф билан келган Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ё Син Пе билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, томонлар кенг кўламли Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг икки томонлама масалалари, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашди.

 Сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги мулоқотнинг юқори суръатларда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилиб, бу мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришдан ҳар икки томоннинг манфаатдор эканлигидан далолат беради

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига амалга оширгани давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган олий даражадаги келишувларни комплекс тарзда ҳаётга тадбиқ этишнинг муҳимлиги эътироф этилди.

 Келгуси икки ва кўп томонлама учрашувлар жадвали, шу жумладан, жорий йил нишонланаётган Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирлар юзасидан келишиб олинди.

Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА)