ТИВ: Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр

Афғонистоннинг Пактика ва Хост провинцияларида рўй берган зилзила оқибатида кўплаб инсонларнинг қурбон бўлгани ва жароҳатлангани, шунингдек, жиддий вайронгарчиликлар келиб чиққани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Ўзбекистон ТИВ баёнотига асосланиб.

“Ҳалок бўлганларнинг оилаларига чин дилдан ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз, – дейилади ҳужжатда. – Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр”.

Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вақти билан соат 01.34 да Афғонистонда 6,1 магнитудали кучли зилзила содир бўлган. Афғонистон ҳукуматининг “Бахтар” ахборот агентлигининг сўнгги маълумотларига кўра, жануби-шарқдаги Пактика вилоятининг тўрт туманида мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, минглаб одамлар жароҳатланган. Зилзила мамлакатнинг Хост ва бошқа қатор вилоятларига ҳам таъсир ўтказган.