ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертларининг Тошкентга ташрифи кутилмоқда

19 июль куни «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлажак Республика референдуми муносабати билан ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертларининг ташрифи кутилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг 22 июлгача бўладиган ташрифидан мақсад референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш билан танишиш, шунингдек, референдум тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил қилишдан иборат.

ДИИҲБ Миссияси хулосалари асосида ЕХҲТ бўлажак республика референдумини кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, унинг формати, давомийлиги ва кузатувчилар таркиби тўғрисида қарор қабул қилади.

Ташриф давомида миссия мутахассислари Марказий сайлов комиссияси раиси, қатор вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашади.

Эслатиб ўтамиз,  2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси таркибида 300 га яқин узоқ муддатли ва қисқа муддатли  халқаро кузатувчилар  иштирок этди.