Америка қонун чиқарувчилари АҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан маъруза тақдим этади

ВАШИНГТОН, 11 июль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобов Қорақалпоғистондаги вазият, шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳудудда тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида холис ахборот тақдим қилиш мақсадида АҚШ Конгресси аъзолари билан видеоконференция шаклида қатор музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

АҚШ Конгресси ташқи ишлар қўмитасидаги Осиё, Тинч океани ва Марказий Осиё бўйича қуйи қўмитанинг ҳамраиси, Огайо штатидан сайланган республикачи конгрессмен Стив Чабот Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг асл сабаблари ва ҳукуматнинг ҳудуддаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрган чора-тадбирлари ҳақидаги батафсил маълумот учун миннатдорлик билдирди. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг кенг қамровли ошкора ва ишончли суриштирув ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлашини таъкидлади.

Конгрессмен Стив Чабот АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус» аъзоси ва Марказий Осиё бўйича кичик қўмитанинг ҳамраиси сифатида Қорақалпоғистондаги мавжуд вазиятни диққат билан кузатаётганини ва расмийларнинг уни барқарорлаштириш бўйича қилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. «Ўзбекистон АҚШнинг вақт синовидан ўтган дўсти ва иттифоқчиси. Мамлакат ушбу синовни муносиб енгиб ўтиши ва ислоҳотлар давом эттирилишига ишонаман», деб қўшимча қилди конгрессмен.

«Яқинда мамлакат бошига тушган ушбу синов порлоқ келажак учун янги бошланғич нуқтага айланишига ишончим комил», – деди Конгрессдаги «Ўзбекистон бўйича кокус» аъзоси, 2021 йил октябрь ойида Америка қонун чиқарувчилари делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлган, Небраска штатидан сайланган республикачи конгрессмен Дон Бэкон.

Ўзбекистон элчихонаси маълум қилишича, америкалик конгрессменлар мулоқот якунида АҚШ Конгрессига Конгресснинг барча сенаторлар ва конгрессменлар офисларига тарқатиладиган расмий ҳужжати – «Congressional Record»ни тақдим этишга тайёрлигини билдирган. Уларнинг фикрича, ушбу расмий маълумот ҳудуддаги воқеалар ҳақида холис ахборот етказиш нуқтаи назаридан Конгресснинг барча аъзолари учун фойдали бўлади.

Бундан ташқари, конгрессменлар Қорақалпоғистон тўғрисидаги маълумотларнинг ушбу ҳужжатга киритилиши Конгресс аъзолари ўртасида ушбу масала бўйича ҳамфикрликни ифодалашини таъкидлади.