Ўзбекистон ва ЕОИИ: глобал иқтисодий ўзгаришлар шароитида амалий ҳамкорликни кенгайтириш

Май ойи охирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кейинги йилларда Евроосиё иқтисодий иттифоқи тадбирларида иштироки мамлакат ташқи иқтисодий стратегиясининг муҳим элементига айланди. У амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақавий ўзаро ҳамкорликнинг барқарор механизмларини ривожлантиришга қаратилган. Жаҳон иқтисодиёти трансформацияси, логистика йўналишларининг мураккаблашуви ва инвестиция ресурслари учун рақобат кучайиб бораётган бир шароитда Евроосиё йўналиши Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Президенти 2025 йилдаги Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида таъкидлаганидек, “Глобал бозорлар парчаланиши кучайиб, логистика занжирлари мураккаблашаётган ва инвестиция ресурсларини тақсимлашда устуворликлар ўзгараётган бугунги шароитда Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари билан прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш биз учун принципиал аҳамият касб этади”. Бу позиция Ўзбекистоннинг Евроосиё маконида барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий алоқаларни шакллантиришга интилишини акс эттиради.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи постсовет маконидаги энг йирик интеграцион бирлашмалардан бири ҳисобланади. У Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий макон негизида шаклланган. Иттифоқ 2015 йил 1 январдан бошлаб фаолият юрита бошлади. Ташкилот тўғрисидаги шартнома Беларусь, Қозоғистон ва Россия томонидан имзоланган бўлиб, кейинчалик Арманистон ва Қирғизистон ҳам унга қўшилди.

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигининг замонавий босқичи 2019 йилдан бошланади. Шу йили республика Иттифоқ билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини комплекс тарзда ўрганишга киришди. 2020 йил 11 декабрда Ўзбекистон расман ЕОИИ ҳузурида кузатувчи давлат мақомини олди. Бу мамлакатга Иттифоқ органлари йиғилишларида иштирок этиш, Евроосиё иқтисодий комиссияси билан тизимли мулоқот ўрнатиш ва интеграцион бирлашманинг амалий механизмларини ўрганиш имконини берди.

Шу даврдан эътиборан, Ўзбекистоннинг EОИИ билан ҳамкорлиги барқарор, тизимли ва амалий йўналиш касб этди. Иттифоқ билан ҳамкорлик бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилди, Евроосиё иқтисодий комиссияси билан доимий маслаҳатлашув механизми йўлга қўйилди, Ўзбекистон Ҳукумати ва ЕИК ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Кейинчалик томонлар савдо, саноат, транспорт, молия соҳаси ва рақамли технологияларни қамраб олган қўшма уч йиллик ҳамкорлик режаларини амалга оширишга ўтди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ тадбирларидаги юқори даражадаги иштироки ҳам фаоллашди. 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Президенти мунтазам равишда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишларида, ҳукумат вакиллари эса Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши ишларида иштирок этмоқда. Бу ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганини ва томонларнинг амалий ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан ҳамкорлиги барқарор ижобий динамикани намоён қилди. Евроосиё макони республика ташқи савдосининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 20 миллиард АҚШ долларидан ошди, Иттифоқ давлатларининг республика ташқи савдосидаги улуши эса мамлакат умумий ташқи савдо айланмасининг қарийб чорак қисмини ташкил қилди.

Ўзбекистон ЕОИИнинг қатор тармоқ ташаббуслари ва лойиҳаларида ҳам иштирок этмоқда. Улар қаторига электрон тижоратни ривожлантириш, юк темирйўл ташувларини рақамлаштириш, “Евроосиё агроэкспресси” лойиҳасини амалга ошириш, иқлим кун тартиби бўйича ҳамкорлик киради. Ушбу йўналишлар логистика харажатларини камайтириш, трансчегаравий савдони соддалаштириш ва Евроосиё маконидаги транспорт йўлаклари ўзаро боғлиқлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳозирги босқичда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги савдо-иқтисодий соҳадан ташқари рақамли трансформация, технологик ҳамкорлик ва қўшма инфратузилмани ривожлантиришни ҳам қамраб олган ҳолда сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда. Асосий устувор вазифалардан бири мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янада самарали механизмларини яратишдан иборат.

Ҳозирги ҳамкорлик босқичининг муҳим таркибий қисми рақамли интеграцияни ривожлантириш ҳам ҳисобланади. Ўзбекистон рақамли платформаларни ўзаро уйғунлаштириш, электрон тижоратни кенгайтириш ва маълумот алмашишнинг замонавий механизмларини жорий этишдан манфаатдор. Бундай ёндашув ташқи савдо самарадорлигини ошириш вазифаларига ҳам, Евроосиё маконида замонавий ва ўзаро боғланган иқтисодий инфратузилмани шакллантириш мақсадларига ҳам жавоб беради.

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги изчил равишда тизимли ва амалий йўналтирилган хусусият касб этмоқда. Кузатувчи давлат мақомидаги нисбатан қисқа давр ичида томонлар барқарор мулоқот механизмларини шакллантиришга, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ва аниқ тармоқ ҳамда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга эришди.

Ўзбекистон учун Евроосиё йўналиши иқтисодий модернизация, саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш стратегиясининг муҳим элементи бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, республика интеграцион жараёнларда миллий иқтисодий манфаатлар ва ўзаро манфаат тамойилидан келиб чиққан ҳолда мослашувчан ва прагматик иштирок моделини сақлаб қолмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти трансформацияси, бозорлар учун рақобат кучайиши ва глобал логистика йўналишлари ўзгараётган шароитда ЕОИИ билан ҳамкорлик Тошкент томонидан барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш воситаларидан бири сифатида қаралмоқда. Шу боис, Ўзбекистон келгусида ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кооперациянинг янги йўналишларини ривожлантириш ва минтақавий тараққиётнинг муҳим масалалари бўйича конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлаш ниятида.

“Дунё” АА