Актобе вилоятидаги ЙТҲга оид

Қозоғистон Республикаси ваколатли идораларининг маълумотларига кўра, 24-июн куни соат 09:30 атрофида “Самара-Шымкент” республика аҳамиятига эга автомобил йўлининг 1159 километрида Россия-Ўзбекистон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Ўзбекистон давлат рақамига эга “Chevrolet Captiva” автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотгани натижасида ағдарилиб кетган. Автомобилда ҳайдовчидан ташқари 6 нафар йўловчи бўлган.

Мазкур ЙТҲ оқибатида “Chevrolet Captiva” йўловчиси бўлган, Ўзбекистон фуқароси – 1975 йилда туғилган Т.М.М. олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.

“Chevrolet Captiva” ҳайдовчиси ва йўловчилари – Ўзбекистон фуқаролари Актобе вилояти Иргиз тумани касалхонасига ётқизилган. Бироқ, йўловчи – Ўзбекистон фуқароси – 1975 йилда туғилган М.Р.Т. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у маҳаллий тиббиёт муассасасида вафот этган. 

Вафот этган фуқароларнинг яқин қариндошларига маълумот берилган ва фуқаролар жасадларини Ўзбекистонга олиб кетиш масаласи олиб борилмоқда.

Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва Актобе вилояти полиция департаменти билан доимий алоқада бўлиб турибди.