Маълумки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва ривожлантириш бўйича қабул қилинган муҳим стратегик ҳужжатлар – “Рақамли Ўзбекистон – 2030”, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барча ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш, шунингдек 2030 йилгача БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида энг етакчи 30 та давлатлар қаторига киришга эришиш ҳамда мамлакатни минтақавий “IT-hub”га айлантириш каби қатор мақсад ва вазифалар белгиланган.
Дарҳақиқат, рақамли трансформация жамиятни янада модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш каби қатор имкониятларга эга. Рақамли трансформациянинг самарали амалга оширилиши кўплаб афзалликларни, жумладан, барча учун қулай шароит яратиш, жаҳон товарлар ва хизматлар бозорига кириш ҳамда давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиялари барча асосий соҳаларда рақамли трансформацияга эришишга қаратилган.
Рақамли трансформация ва рақамли технологиялар мамлакатлар иқтисодиёти ва жамиятни жадал ўзгартирар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли инфратузилма ва хизматларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, қисқа давр ичида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Жумладан, мамлакатимиз электрон ҳукуматининг асосий тизими – Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (“My.gov.uz”) янги технологияларни жорий этиш ва рақамлаштириш натижасида 2024 йилнинг октябрь ойи ҳолатига кўра, давлат хизматларининг 60 фоизидан кўпи “My.gov.uz” орқали тақдим этилмоқда, мазкур электрон ҳукумат платформасида давлат хизматлари сони эса 675 га етган. Қолаверса, 2013-2023 йиллар давомида “My.gov.uz” портали орқали келиб тушган аризалар сони 100 миллиондан ошган бўлса, электрон ҳукуматнинг мобил иловаси фойдаланувчилари сони 2,5 миллиондан ортди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг умумий сони 2024 йилга келиб 31 миллиондан зиёдни ташкил этмоқда.
Соҳада эришилаётган муваффақиятлар халқаро ҳамжамият томонидан, хусусан, БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича жорий йилда эълон қилинган рейтингида ҳам эътироф этилди. Ҳар икки йилда белгиланган методологияга асосан БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN Department of Economic and Social Affairs) томонидан нашр этиладиган мазкур рейтингда Ўзбекистон олти поғонага юқорилаб, илк маротаба электрон ҳукуматни ривожлантириш индекснинг “жуда баланд” кўрсатгичга эга давлатлар гуруҳига қўшилди. Рейтингда БМТга аъзо 193 давлатда рақамли ҳукуматнинг интеграциялашганлик даражаси, самарали рақамли сиёсати ва электрон хизматларнинг қандай таъминланганлиги каби рақамли трансформациянинг муҳим жиҳатлари ўрганилади.
Агар 2022 йил натижаларига кўра Ўзбекистон мазкур халқаро рейтингда 0,7265 қиймат билан 69-ўринни эгаллаган бўлса, 2024 йилда 0,7999 индекс ҳисобига 6 поғонага юқорилаб, 63-ўринга чиқди. Шу нуқтаи назаридан, мамлакатимизнинг БМТ Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида 0,7999 индекс билан баҳоланиши “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2025 йил учун мўлжалланган мақсадли кўрсаткичидаги– 0,75 индекс қийматидан ҳам ошганлигиниди кўрсатади.
Бундан ташқари, Жаҳон банки томонидан ҳар икки йилда олиб бориладиган GovTech етуклик индекси бўйича сўнгги ўрганишда (2022 йил) Ўзбекистонда давлат бошқарувини рақамлаштириш, электрон ҳукумат ва рақамли хизматлардан аҳолининг фойдаланишидаги имкониятлари юқори баҳоланган. Аҳамиятлиси, мамлакатимиз GovTech етуклик индексида 2020 йилга нисбатан 37 ўринга юқорилаб, 198 та мамлакат ичида 43-ўринни эгаллаган ва “А” тоифага, яъни GovTech етуклигининг барча мезонлари энг юқори давлатлар гуруҳига киритилган. Шунингдек, “GovTech Enablers” индексига мувофиқ, рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича Ўзбекистон дунёдаги етакчи тўртта давлатлар қаторидан жой олган.
Шунга қарамасдан, мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларга рақамли хизматлардан фойдаланишлари учун имкониятларни янада ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар янада жадаллашмоқда.
Жумладан, “Рақамли ҳукумат” ва “Рақамли ҳудуд” дастурлари доирасида 2023-2024 йилларда амалга ошириладиган 300 та устувор лойиҳалар Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланди. Қарорга кўра, давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича 112 та устувор лойиҳалар, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини рақамлаштириш бўйича 51 та устувор лойиҳалар ҳамда ҳудудларни рақамли трансформасия қилиш бўйича 137 та устувор лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Натижада, бошқа самарали кўрсатгичлар қатори аҳолини сифатли рақамли инфратузилма билан таъминлаш мақсадида барча аҳоли яшаш масканлари 2024 йил якунига қадар кенг полосали мобил алоқа ва кенг полосали маълумотлар узатиш тармоқлари билан тўлиқ қамраб олиниши белгиланган.
Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида давлат хизматларини рақамлаштиришнинг кўламини кенгайтириш орқали аҳоли учун “Сервис давлат” тизимини жорий қилиш, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда бюрократик тартиботларга барҳам бериш мақсадида давлат хизматларини “3 қадам”, “фойдаланувчи учун мослаштирилган”, “барчаси бир мобил иловада” тамойиллари асосида рақамлаштириш ҳамда “электрон ҳукумат” тизимининг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтилиб, барча ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклда бўлишини таъминлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, давлат бошқарувини марказий ва ҳудудий бўғимларини ҳамда улар хизматларини рақамлаштириш, хусусан маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни тўлиқ рақамлаштириб, ҳар бир маҳаллада “электрон хизмат нуқталари”ни ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида жамоатчилик иштироки учун зарур шароитларни яратиш, фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш, уларнинг фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, бундан ташқари давлат бошқаруви органлари фаолиятини “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида ташкил этиш мақсадида давлат бошқарувида мавжуд бўлган 5 мингга яқин функцияни амалга ошириш жараёнларини 100 фоиз рақамлаштириш кўзда тутилган.
Қолаверса, Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сунъий интеллект асосида кўрсатилаётган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш ҳам мақсад қилинган.
Мазкур устувор вазифалар ва режалар, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини самарали амалга ошириш, жумладан, барча ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш мақсадида БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича халқаро рейтинги кўрсаткичлари асосида Ўзбекистондаги давлат ва хўжалик ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур методикага кўра доимий мониторинг олиб борилмоқда. Ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилишнинг баҳолаш ишлари очиқлик ва электрон иштирок, электрон давлат хизматлари, ахборот хавфсизлиги ва рақамлаштириш даражаси каби йўналишларда амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб рақамли инфратузилмани такомиллаштириш, хусусан, давлат хизматларини кўрсатиш нуқталарини кенгайтириш мақсадида 2023 йилда 13 та тижорат банки, онлайн тўлов тизимлари ва мобил операторларнинг мобил иловалари учун 30 га яқин хизмат жорий этилди. Қолаверса, ўтган йилда устувор тармоқларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилган. Шунингдек, 500 дан зиёд янги IT компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган. Ўзбекистондан IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти жадал ўсишда давом этиб, 2023 йилда бу кўрсатгич 344 миллион долларга етди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг рақамли келажаги ёшлар ва соҳанинг етук мутахассислари қўлидадир. Шунинг учун ҳам IT ва янги ахборот технологиялари йўналишларида таълим кўлами ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада, юртимизда сўнгги йилларда турли босқичдаги таълим муассасалари билан бир қаторда, IT ўқув марказлари сони 300 дан ошди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олиб, сертификатга эга бўлган ёшлар сони 1 миллион 200 минг нафарни ташкил этган бўлса, ҳудудларда аҳолининг электрон хизматлардан фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув семинарларида жами 20 минг нафардан ортиқ фуқарларимиз, тадбиркорлик субъектлари ва ёшлар ўз малакаларини оширди. Шунингдек, келгусида ҳар йили 5 минг нафар иқтидорли ёшларни саралаш, ўқитиш ҳамда ҳалқаро меҳнат бозорига тайёрлаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш, электрон ҳукуматни ривожлантириш, аҳолига рақамли хизматларни кўрсатишни такомиллаштириш ҳамда комплекс рақамли трансформацияни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Соҳада эришилаётган ижобий ўзгаришлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида 2030 йилгача энг етакчи 30 та давлатлар қаторига киришга эришиш, шунингдек кўзда тутилган бошқа устувор мақсадлар сари ташланаётган амалий қадамлар натижиси, дейишимиз мумкин. Шу билан бирга, рақамли трансформациянинг тўлиқ салоҳиятига эришиш ҳамда “рақамли ҳукумат” тизимига ўтиш учун инфратузилмани ривожлантиришни давом эттириш, барча фуқаролар учун рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, рақамли саводхонликни ошириш, давлат идоралари ахборот тизимларининг киберхавфсизлигини самарали таъминлаш, маҳаллий IT компанияларни қўллаб-қувватлаш, соҳага сармоя киритишга янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда минтақавий ва глобал рақамли технологиялар бозорига интеграциялашувни жадаллаштириш мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг муваффақиятли рақамли трансформацияси нафақат мамлакатнинг технологик имкониятларини оширади, балки Марказий Осиё минтақасида рақамли ўзаро боғлиқликни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонидан минтақада электрон ҳукумат ва рақамли давлат хизматларини ривожлантиришда идоралараро алоқаларни таъминлаш орқали ҳамкорликни жадаллаштириши Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияга замин яратади.
Фаррух Хакимов,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи