Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида педагог мақомини юксалтириш вазифаси алоҳида қайд қилинган. Ушбу масала шунчаки қоғозни безаган чиройли орзу-истаклар ифодаси эмас, балки қатъий ҳаётий мақсад экани изчил ислоҳотлар давомида кунданкунга янада яққолроқ намоён бўлиб боряпти. Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни фикримизнинг тарихий тасдиғи дейиш мумкин. 21 моддадан иборат мазкур қонун билан юртимиздаги 700 мингга яқин педагогнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда фаолиятининг асосий кафолатлари белгиланди.
Қонунда педагог ходим фаолиятининг кафолатлари сифатида унинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида бўлиши кўрсатиб ўтилган. Ўқитувчиларни касбий фаолиятига кирмайдиган ишлар — қишлоқ хўжалигидаги юмушлар, ободонлаштириш, йиғилишларга жалб қилиш тақиқланган. Шунингдек, педагоглардан ҳисобот ва маълумотлар талаб қилиш, фаолиятини текшириш, тадбирларда қатнашишга мажбурлаш ман этилган. Ўқитувчининг зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, лавозим маошидан унинг розилигисиз маблағ ушлаб қолиш, куз-қиш даврида ва ишланмайдиган байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш, қолаверса, ўқувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш тақиқланган. Ушбу нормаларга амал қилмаслик жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгиланган.
Яна бир эътиборли жиҳати, қонунда педагогларга қисқартирилган иш вақти белгиланиши кафолатланган. Докторлик диссертацияси, дарслик ва ўқув қўлланмалар ёзиш учун ижодий таътил берилиши назарда тутилган.
Ўқитувчиларга муаллифлик дастурларини ва ўқитиш услубиятини жорий этиш, замонавий педагогик воситаларни эркин танлаш, давлат ахборот-ресурс марказлари хизматидан бепул фойдаланиш каби қатор имкониятлар бериляпти.
Педагоглар касбий фаолиятини бажариш чоғида шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун, шунингдек, ўз ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати устидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган тақдирда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Янги қонунимизда ЮНЕСКО томонидан ишлаб чиқилган “Ўқитувчиларнинг ўрни тўғрисида”ги тавсияларга мувофиқ педагоглар учун ижтимоий кафолатлар белгиланган. Жумладан, давлат таълим ташкилотлари педагоглари юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмланиши ҳамда давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиши мумкин.
Мамлакатимизнинг олис ҳудудида жойлашган таълим ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлаш учун жалб қилинган олий маълумотли педагогларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўланиши ҳам қайд этилган. Давлат таълим ташкилотларининг педагоглари давлат томонидан бирламчи ўқув-услубий материаллар билан таъминланиши, ўқув дастурлари ўзгарганда давлат таълим ташкилотининг педагоглари давлат ҳисобидан янги турдош фанга қайта тайёрланиши белгиланган. Бир нафар педагогни қайта тайёрлаш учун бугунги кунда олти миллион сўм сарфланиши кўзда тутилса, ўқитувчилар учун яхшигина енгиллик берилаётгани ойдинлашади.
Умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврида мураббийлик қилиш учун тажрибали педагог бириктирилиши ҳамда мураббийлик қилгани учун базавий лавозим маошига қўшимча ҳақ тўланиши мумкинлиги қонунан мустаҳкамланди. Давлат таълим ташкилотларининг ўқитувчиларига давомийлиги кўпи билан эллик олти календарь кунидан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътили кафолатланди.
Қонуннинг 12-моддасида педагогнинг ойлик иш ҳақи маълумоти, малака тоифаси (лавозими) бўйича базавий тариф ставкаси, илмий даражаси, илмий унвони, давлат мукофотлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа устамалар инобатга олинган ҳолда ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Шу ўринда ҳозир Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида педагоглар ойлик маошига қўшилган устамалар хусусида ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Амалдаги тартибга кўра, халқаро фан олимпиадаларининг совриндорларини тайёрлаган педагогларга 150-200 фоиз, олис ҳудудларда жойлашган таълим ташкилотларига бошқа ҳудудлардан келган ўқитувчиларга 10-50 фоиз, илмий даражаси (PhD, DSc) ёки илмий унвони борларга 30-60 фоиз, миллий ёки халқаро сертификат эгаларига 20-50 фоиз миқдорида устама тўланмоқда. Биргина мисол: бугун 25,9 минг педагогнинг миллий ёки халқаро сертификати мавжуд бўлиб, уларга бир йилда 1,2 триллион сўм устама тўлаш талаб қилинади.
Мавжуд имтиёзлар ва яратилган имкониятларга жавобан ҳамкасбларимиз мунтазам ўз устида ишлаши, замон билан ҳамнафас бўлиб, малака ошириб бориши зарур. Шу маънода, янги қонунда педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам аниқ нормалар белгилаб қўйилган. Давлат таълим ташкилотлари педагогларининг малакасини белгиланган муддат ва ҳажмда ошириш харажати давлат бюджети ҳисобидан қопланиши кўрсатилган.
Айни пайтда педагог кадрларнинг малака тоифасини ошириш тизимида ҳам ортиқча расмиятчилик ва қоғозбозликка чек қўйилган. Бу жараён билимини мунтазам ошириб боришдан манфаатдор, касбига меҳр қўйган фидойи, маҳоратли муаллимлар учун яна бир имконият. Малака тоифасини олиш бўйича синовлар бир йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ва 100 баллик тизимда баҳоланади. Биринчи босқичда педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси (80 балл), иккинчи босқичда педагогик маҳоратини (20 балл) баҳолаш тартиби жорий қилинмоқда. Ҳариккибосқичҳамкомпьютерда реал вақтрежимида онлайн ўтказилади. Натижаларинсономилигабоғлиқбўлмайди.
Юксак эътибор топаётган педагоглар касбий мажбуриятини бажариш чоғида этика қоидаларига риоя этиши зарурлиги ҳам қонун назаридан четда қолмаган. Педагогик этика қоидаларини билиш ва уларга амал қилиш ўқитувчи ўз касбий мажбуриятларини бажаришининг сифат кўрсаткичларини ҳамда меҳнат интизомини белгилайдиган мезон сифатида қайд этилган.
Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов таъкидлаганидек, муаллим камолот ичра кўзгудир. Бу кўзгу шу қадар тиниқ бўлиши, унга боқиб барча ўзини, ўзлигини такомиллаштириши, иллатларидан фориғ бўлиб, феъл-атворини тартибга келтириши лозим. Табиийки, жамият учун чинакам камолот кўзгуси бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шу туфайли қонунда педагоглик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайдиган шахслар ҳақида аниқ нормалар мавжуд. Хусусан, қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомалала ё қати чекланган, деб топилган шахслар, педагоглик фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қиладиган касаллиги бўлганлар, психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турганлар, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари судланганларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга ишга қабул қилиш ман этилди. Ушбу нормаларни татбиқ этиш жараёнида нафақат миллий менталитетимиз, балки халқаро тажриба ҳам ўрганилди.
Аниқроқ айтганда, қонунни ишлаб чиқишда Хитой, Жанубий Корея, Финляндия каби таълим да илғор давлатлар билан бирга қўшни Қозоғистон, Қирғизистондаги норматив-ҳуқуқий асослар ҳам синчиклаб ўрганиб чиқилди.
2030 йилга қадар мамлакатимиздаги Президент таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқитиш методикасини барча умумий ўртатаълим муассасалари ўқув жараёнига жорий қилиш, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, халқаро таълимни баҳолаш тадқиқотларида муносиб иштирок этиш, 500 минг нафар соҳа ходимининг малакасини узлуксиз ошириш тизимини такомиллаштириш, эҳтиёж юқори бўлган йўналишлар ва олис ҳудудлардаги абитуриентлар учун педагогик таълим йўналишлари бўйича кадрларни тўлиқ давлат гранти асосида тайёрлашни жорий қилишга бел боғлаганмиз. Қолаверса, тарбиячи ва ўқитувчиларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш, бир қанча халқаро олимпиадаларни юксак савияда ташкил қилиш каби долзарб вазифалар олдимизда турибди. Улар ижроси юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга салмоқли ҳисса қўшиши шубҳасиз.
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги янги қонун билан қадр-қимматия нада юксалган устоз-мураббийлар тақдиридан рози бўлиб, Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишига ишонамиз. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Жамият ҳаётида ўқитувчининг ўрни ва таъсири ошса — мактабнинг обрўйи ошади, илм-фан, таълим ва тарбия соҳасининг қадри кўтарилади. Муаллимнинг обрў-эътибори эса бу миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир”.
Ҳилола Умарова,
мактабгача ва мактаб таълими вазири