Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари Қамбарота-1 гидро электр станцияси қурилишининг лойиҳаси бўйича «йўл харитаси»ни имзоладилар

Кеча Бишкек шаҳрида   Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков томонидан Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳаси бўйича «йўл харитаси» имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, томонлар лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартлари ва зарур чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Мазкур ГЭС нафақат Қирғизистон, балки Марказий Осиё мамлакатларининг электр ва сув таъминотида муҳим ўрин тутади.

Лойиҳа доирасида 5,4 миллиард куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 миллиард кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Эслатиб ўтамиз: 2022 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида икки мамлакат Президентлари томонидан Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.