Ўзбекистон: халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш йўлида

Шу кунларда юртдошларимиз миллий давлатчилигимиз, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини изчил ривожлантиришнинг мустаҳкам замини – Конституция куни байрамини кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди. Юртдошларимиз ўз тақдири ва эртанги кунини белгилади, танлаган тараққиёт йўлимиз қанчалик тўғри, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар нақадар самарали  эканини ва ортга қайтмас тус олганини яна бир бор тасдиқлади.

Албатта, янги таҳрирдаги Конституция давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларига доир масалаларни қамраб олгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, унда миллий парламентимиз ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақиқатдан ҳам “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи”, деган нормани ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш имконини беради.

Сенат фаолиятига доир янгиликларни оладиган бўлсак, унинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага етказилди. Бунда Президентнинг ижро ва суд ҳокимияти тизимини шакллантириш соҳасидаги амалдаги айрим ваколатлари парламентга берилди. Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги ўзаро такрорланишлар бартараф этилди.

Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги йилларда миллий парламентимизни ривожлантириш, айниқса, унинг қонунчилик фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва ғоялари асосида қабул қилинган ва сўнги йилларда юртимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг янгича моделини ўзида ифодалаган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда ушбу ҳужжат асосида қабул қилинган давлат дастурларида, шунингдек, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам қонун ижодкорлиги сифатини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида илк бор Олий Мажлисга йўллаган тарихий Мурожаатномасида ҳам бирор-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдираётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.

Албатта, янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилгани бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳолини қийнаб келаётган масалаларнинг қонуний ечимини топиш борасидаги фаолиятимиз самарадорлигини янада оширади.

Мисол учун, ўтган йилнинг май ойида Сенат ҳузурида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди. Тўққиз ой мобайнида масъул вазирлик, идоралар, нодавлат ташкилотлар, халқаро экспертлар ва жамоатчилик фаолларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан жуда катта ҳажмда ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилди.

Ушбу жараёнлар оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди.

Натижада ишчи гуруҳ томонидан келиб тушган барча таклифлар чуқур ўрганилиб, умумлаштирилди, соҳага оид ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилиниб, ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг, Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланиб, ижрога қаратилди.

Биз ҳозирги кунда Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мазкур Қонуннинг сўзсиз ижросини таъминлаш, уни ҳаётга кенг жорий этиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз.

Шунингдек, Сенат томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунига оилавий тадбиркорлик субъектларига беш нафаргача (амалда уч нафаргача) доимий ходимни улар билан меҳнат шартномасини тузган ҳолда ёллаш, бир оилавий корхона иштирокчисига бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиш ҳуқуқини бериш ҳамда айрим тушунчаларни янада аниқлаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берилди. Ушбу таклифлар инобатга олинган тарзда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди.

Албатта, Қонунга киритиладиган ушбу янгиликлар мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, хизматлар ҳажмини ва сифатини ошириш имконини беради. Қолаверса бугунги кунда республикамизда 67 мингдан ортиқ оилавий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётганини эътиборга олсак, яна минглаб янги иш ўринлари яратилади, дегани бу.

Биз пастга тушиб, маҳаллий Кенгашлар билан биргаликда сайловчиларни ҳам кенг жалб этган ҳолда аҳолининг қонуний талабларини ўрганиш, тегишли қонунчилик таклифларини шакллантириш, уларни қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш борасидаги ишларимизни изчил давом эттирмоқдамиз.

Маълумки, қонун ижодкорлиги ўзига хос мураккаб усул ва воситалар мажмуини талаб этадиган, жамиятда ҳуқуқ нормалари билан тартибга солишга бўлган эҳтиёжни аниқлашдан то тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кириб, унинг ижроси мониторингини амалга оширишгача бўлган мураккаб жараённи ўз ичига олади. Мана шу талаблардан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида янги қонунларни ишлаб чиқиш ёки амалдагиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнларида Сенат бевосита иштирок этиб келмоқда. Агар таққослайдиган бўлсак, Сенатнинг 2015 – 2019 йилларда қонунлар ва бошқа масалалар муҳокамасига бағишланган 25 та ялпи мажлиси ўтказилиб, уларда 494 та масала, шундан 226 та қонун кўриб чиқилган бўлса, биргина 2020 – 2022 йилларнинг ўзида жами 36 та ялпи мажлис ўтказилган. Уларда 540 дан ортиқ масала, жумладан, 239 та қонун кўриб чиқилган. Эътиборли жиҳати шуки, 18 та қонун улардаги айрим нормаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги қонунларга зидлиги, такомиллаштириш зарурияти бўлганлиги сабаб рад этилган.

Биз яхши англаймизки, янгиланган Конституцияни изчил ҳаётга татбиқ этиш, киритилаётган ҳар бир ўзгартириш ёки қўшимчанинг сўзсиз ишлашини таъминлаш пишиқ-пухта тайёрланган, ўзининг аниқ ижро механизмига эга бўлган қонунлар орқали амалга оширилади. Шу маънода айтиш мумкинки, қонунларни ишлаб чиқишда барча иштирокчи субъектлар бирдек масъулиятни ҳис этиши бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида бу борада амалга оширишимиз зарур бўлган вазифаларни аниқ кўрсатиб берди.

Жумладан:

* ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш, қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш;

* қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш мақсадида жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш;

* қонун ижодкорлиги бўйича муайян даврга мўлжалланган миллий фаолият дастурини қабул қилиш, уни ишлаб чиқиш жараёнида мамлакатимизнинг кейинги ривожланиш босқичида қайси қонун ёки қандай ҳужжатларга эҳтиёж кўпроқлигини аниқлаш ва парламент ўз фаолиятини ана шуларни эътиборга олган ҳолда режалаштириши лозимлиги белгиланди.

Охирги йилларда қонун ижодкорлиги сифатини ошириш мақсадида жорий этилган янгиликлардан яна бири меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда уларни коррупцияга қарши ва гендер-ҳуқуқий экспертизада ўтказишнинг йўлга қўйилганидир. Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Тошкентда юқори савияда бўлиб ўтган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II Глобал форумда ҳам бу тажриба кўпчилик томонидан эътироф этилди. Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш нуқтаи-назаридан ҳам ҳуқуқий экспертизани йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бугунги кунда юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчилигимизни такомиллаштириб бориш ишлари жадал давом этмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида “тартибга солувчи гильотина” усули билан ўз аҳамиятини йўқотган 4000 дан ортиқ ҳужжатлар бекор қилинди. Натижада амалдаги қонунчилик 10 фоизга қисқартирилди. Қонун ҳужжатлари фаол кодификация қилинди. Мисол қилиб айтадиган бўлсак, 3 та қонун ва 50 дан ортиқ қонуности ҳужжатларини бирлаштирган “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Албатта, қонунларни такомиллаштиришдаги бундай ёндашув қонунчиликдаги мавжуд зиддият ва қарама-қаршиликларнинг олдини олишга хизмат қилади,  уларнинг тўлиқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлайди.

Маълумки, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунчиликни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Яқинда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган социологик тадқиқотда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданияти даражаси сўнгги йилларда сезиларли равишда ошгани қайд этилган. Бу нимадан далолат? Албатта, юртдошларимиз мустақил Ватанда эркин ва озод бўлиб яшаш нималигини ўз ҳаётида, амалда кўрмоқда, инсон қадри улуғланаётганини қалбдан ҳис этмоқда.

Мамлакатимизда янги таҳрирдаги Бош қомусимиз асосида жамиятни демократик ўзгартириш, янги сиёсий-ҳуқуқий тизимни шакллантириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш жараёнлари фаол давом этаётган бир даврда мазкур йўналишдаги маънавий-маърифий  ишлар самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифамиздир. Шу ўринда, Сенатнинг ҳар бир ялпи мажлисидан сўнг, барча сенаторларимиз ўзлари сайланган ҳудудларга чиқиб, маҳаллалар, муассаса ва ишлаб чиқариш корхоналари жамоалари ўртасида қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини тушунтириш ишларини олиб бораётганини айтиб ўтиш мумкин.

Маълумки, мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жамият ва давлат бошқаруви тизимида турли муносабатлар янгиланиб бориши ва замон тараққиёти Конституциямизни бугунги давр воқелигига, фундаментал янгиланиш жараёнларига мослаштириш заруратини юзага келтирди. Ҳозирда янгиланган Конституция асосида ҳокимият ваколатлари бўлиниши, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш принципларини изчил амалга ошириш, халқ ҳокимиятини, парламентаризмни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттирилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатларини ажратиш назарда тутилди. Яъни вилоят, туман ва шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида Кенгаш раиси лавозимини эгаллаши мумкин бўлмайди.

Бу жараён Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсида 2024 йилдан, туман ва шаҳарларда эса 2026 йилдан бошланиши белгиланган. Бу биринчидан, ҳокимликларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширади. Иккинчидан, ҳокимликлар ва маҳаллий Кенгашларнинг вазифалари такрорланишига барҳам беради. Учинчидан, маҳаллий вакиллик органларининг халқ номидан муҳим сиёсий қарорларни мустақил қабул қилиб, ижро ҳокимияти органлари устидан таъсирчан Кенгаш ва депутатлик назоратини ўрнатиш имконини беради. Бундай янги ёндашув натижасида ҳокимиятлар бўлиниши принципи маҳаллий даражада ҳам тўлақонли тарзда татбиқ этилади.

Очиғини айтиш керак, авваллари маҳаллий Кенгашлар депутатлари мажлисларда номига қатнашиб, қўл кўтариб, чапак чалиб чиқиб кетарди. Сўнгги йилларда Президентимиз ҳудудларни ривожлантириш борасидаги дастурлар ижросини назорат қилиш, аҳоли муаммоларини дадил кўтариб чиқиш ҳамда уларнинг ҳал этилишида маҳаллий Кенгашлар фаолияти таъсирчанлигини, самарадорлигини ошириш борасида қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Жумладан, Сенат маҳаллий Кенгашлар ишини ривожлантириш ва мувофиқлаштириб боришда уларга яқиндан кўмак бера бошлади.  Уларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилди ва Сенат Кенгаши қарори билан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг намунавий тузилмаси ҳамда низоми тасдиқланди.

Маҳаллий Кенгашларда котибият мудири лавозимига депутатлар орасидан масъулиятли, тажрибали, жамоатчилик орасида обрў-эътиборга эга номзодлар сайланди, котибият мутахассиси лавозимига соҳани яхши тушунадиган, етарлича тажрибага эга, ташаббускор кадрлар жалб этилди. Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш мақсадида синов тариқасида “kengash.gov.uz” платформаси ишга туширилди.

Маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги доимий комиссиялар таркиби қайта кўриб чиқилди ва улар фаолияти Сенат қўмиталари йўналишига мос тарздатубдан қайта ташкил этилди. Ҳозирда ҳар бир қўмита раиси ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда доимий комиссиялар билан биргаликда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилишини ўрганиб, мавжуд муаммо ва камчиликларнинг жойлардаги ижро ҳокимияти томонидан ҳал этилишига эришиб келмоқда. Айрим ижтимоий жиҳатдан муҳим саналган ўткир муаммолар Сенатнинг ялпи мажлисларида мутасаддилар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Шунингдек, Сенат раиси томонидан уч ойда, қўмита раислари томонидан ҳар чоракда маҳаллий Кенгашлар котибияти ходимлари, доимий комиссия аъзолари ҳамда депутатларнинг малакасини ошириб бориш мақсадида ўқув-семинарлар ташкил этиш йўлга қўйилди. Шу кунгача ўтказилган 50 дан ортиқ мана шундай ўқишларда депутатларнинг ҳуқуқий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий билимлари бойитилди, уларнинг ўз фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги кўникмалари ривожлантирилди. Маҳаллий Кенгашлар котибиятлари фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйиш мақсадида тегишли услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди.

Умуман олганда, амалга оширилаётган бу каби амалий ишлар натижасида сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолияти сезиларли даражада жонланди. Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш билан боғлиқ ваколатининг эндиликда Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилиши парламент юқори палатасининг ҳудудлар манфаатини ифода этадиган орган сифатидаги ҳамкорлик ишларини янги босқичга олиб чиқишига кенг имконият яратади.

Шундан келиб чиққан ҳолда Сенат Кенгашининг тегишли қарори билан юқори палата девони таркибида “Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази” ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ташкил этишга тизимли, мақсадли ва комплекс ёндашувни йўлга қўйиш, уларни жараёнга фаол жалб этишдан иборатдир.

Жумладан, Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида маҳаллий Кенгашларга ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий ҳамда илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, уларнинг норма ижодкорлигига доир фаолиятини мониторинг қилиб бориш ва зарур тавсияларни ишлаб чиқиш, уларни янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан доимий хабардор қилиб бориш мақсадида мунтазам ўқувлар ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Биз сўнгги пайтларда парламент назоратини йўлга қўйиш борасидаги иш услубимизни тубдан ўзгартирдик. Ижро ҳокимияти вакиллари билан биргаликда мавжуд муаммоли масалаларга комплекс ёндашув асосида иложи борича уларни жойида ҳал этиш ёки бу борада аниқ натижага қаратилган чора-тадбирларни белгилаш ва уларнинг бажарилишини назоратга олишга эришмоқдамиз.

Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, юқори палата девони ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ҳамда Президентимиз ташрифи давомида берилган вазифалар ижроси ҳолатини ўрганди. Сенат Кенгашининг жойларда ўтказилган сайёр мажлисларида масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, вилоят ва туманлар раҳбарлари иштирокида ўрганишлар натижалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ташкил этилган чуқур таҳлилий  ўрганишлар натижалари Сенат ялпи мажлислари ва Кенгаш йиғилишларида жиддий муҳокама қилинди.  

Жумладан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича йўл қўйилган камчиликлар ва мутасадди раҳбарларнинг бу борадаги шахсий масъулияти танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга тўлиқ эришилмасдан қолаётгани, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган маблағлардан фойдаланиш талаб даражасида эмаслиги, саноат зоналарида инфратузилма объектларининг қурилиши якунига етказилмаганлиги сабабли уларни тўлиқ қувватда ишлатиш имкони бўлмаётганлиги каби муаммоларни ҳал этиш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини назоратга олиш юзасидан Сенат қарорлари қабул қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқимиз ҳаётини тубдан янгилаш, жамиятимизнинг янги, демократик қиёфасини яратишга қаратилган ислоҳотлар кўлами борган сайин кенгайиб, изчил давом этмоқда. Буларнинг барчаси инсон манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқлари  ва эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги билан, аввало, халқимиз, қолаверса, дунё ҳамжамиятининг эътирофига сабаб бўлмоқда.

Албатта, янги таҳрирдаги Конституциямизни жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига татбиқ қилиш, ижро органлари фаолиятини шу асосда ташкил этишни таъминлаш, юртдошларимизнинг қалбида “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деган фахр-ифтихор ва ғурурни янада юксалтириш, албатта, бундай янгиланишларни улар, аввало, ўз кундалик ҳаётларида ҳис этишига эришиш  борасида биз – халқ вакиллари зиммасида жуда залварли вазифалар турибди. Уларни амалга ошириш учун ҳар қачонгидан кўра фаоллик, масъулият ва фидойилик билан  меҳнат қилишимиз талаб этилади.

Танзила Норбоева,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати Раиси