“Яшил иқтисодиёт” келажак энергетикаси локомотиви

Ўзбекистонда ҳам аҳоли сони кўпайиши ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, одамларнинг турмуш даражаси яхшиланиб боргани сари электр энергиясига бўлган талаб ошиб бормоқда. Сўнгги беш йилда юртимизда электр энергияси истеъмоли 20 фоизга, жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоизга ортгани фикримиз тасдиғидир. Эътиборлиси, бу рақам бир жойда тўхтаб қолаётгани йўқ, ўсиш йилига 6 фоизни ташкил этяпти.

Дарҳақиқат, барча соҳаларда кузатилаётган ривожланиш суръатлари, энг аввало, электр энергиясига бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Ўзбекистон бу борада ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган ва шу мақсад йўлида дадил одимламоқда.

Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 20 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилган.

Бу борада республикамизда энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан ҳисобланувчи қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш, энергиясамарадор қурилмалардан фойдаланиш ҳамда энергия сарфини камайтириш, шу орқали келажак авлод учун углеводород захирасини сақлаб қолиш, экологик вазиятни юмшатиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қуёш панеллари ҳақида нималар биламиз?

Эътибор берган бўлсангиз, мамлакатимизда сўнгги вақтларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни жадаллаштиришга жиддий киришилди.

Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонлари билан бунинг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланиб, муқобил энергия манбаларини тарғиб қилиш ва қўллашни рағбатлантириш асослари яратиляпти.

Ўзбекистонда йилнинг 300 кундан ортиғи қуёшли бўлиб, қуёш энергиясининг техник салоҳияти 265,9 миллион тонна шартли ёқилғини ташкил қилиши бу имкониятдан оқилона фойдаланиш заруратини юзага келтиради. Қуёш энергияси бугун тилимизда тобора оммалашиб бораётган қуёш панеллари орқали электр энергиясига айлантириб берилади. Шу боис, келинг, дастлаб фикримизни шундан бошласак. Қуёш панеллари ўзи нима ва у қандай ишлайди?

Кремний асосидаги пластинкаларни кетма-кет ёки параллел улаш орқали қуёш панели ҳосил қилинади. У қуёш батареяси, фотоэлектрик батарея деб ҳам аталади. Кремний таркибли битта қуёш элементи ўртача 0,6 вольт кучланишли ўзгармас ток беради. Агар биз 12 вольт кучланишли электр токи олишни истасак, 20 та қуёш элементини ўзаро улашимиз керак.

Қуёш панелларига нурни тўғридан-тўғри электр энергиясига ўзгартирувчи электрон ускуна деб қараш мумкин.

Ҳозир жаҳонда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришнинг 90 фоиздан ортиғини замонавий қуёш фотоэлектрик панеллари асосидаги кристалл кремнийли технологиялар ташкил этади. Сабаби, ер пўсти массаси жиҳатидан қарийб 30 фоизга яқини кремний элементидан иборат ва уни олиш технологияси анча арзон.

Жаҳон энергетика ва ишлаб чиқариш бозори бўйича 2021 йилдаги ҳисоботларга кўра, дунё кремний бозори ҳажми 10,2 миллиард долларга кўтарилди. Бу борада глобал ишлаб чиқаришнинг 90 дан ортиғи Хитой, Бразилия, Норвегия, Франция ҳамда АҚШ ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонда 2014 йилда “Ангрен” махсус иқтисодий зонасида Жанубий Корея билан ҳамкорликда “Уз-Шиндонг Силикон” техник кремний ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди. Заводнинг лойиҳавий қуввати йилига 6 минг тонна техник кремнийга тенг. Бундан ташқари, 2020 йилдан буён Навоий эркин иқтисодий зонасида қуёш элементларини ишлаб чиқариш учун пластинка ва цилиндр шаклидаги монокристалл кремний ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича Германия, Япония, Хитой АҚШ, Испания ва Ҳиндистон етакчилик қилади. Германия атом электр станцияларидан воз кечган давлат ҳисобланиши билан бир қаторда, ҳар йили “Яшил йўлак”, “Яшил макон” каби лойиҳаларга асосланиб, турар жой ҳамда маъмурий бино ва иншоотлар томига қуёш панеллари ўрнатиш орқали “экологик тоза” энергия олиш йўлига ўтяпти. Ушбу мамлакатда эълон қилинган ривожланиш дастурига асосан, 2024 йилга бориб электр энергияси улушининг 20 фоизини муқобил энергия манбалари асосидаги энергетик қурилмалардан олиш режалаштирилган.

2010-2022 йиллар оралиғида жаҳон бозорида қуёш панелларини ишлаб чиқариш ва сотиш борасида Хитой етакчи бўлса, эндиликда бир қатор Европа давлатлари, шунингдек, Япония, АҚШ, Малайзия ҳам илғорлар сафида. Қуёш панелларини ишлаб чиқариш сифат кўрсаткичи, таннархи, яроқлилик муддати ва бошқа шу каби техник-иқтисодий кўрсаткичларига кўра “Longi Solar”, “LG Energy”, “Jinko Solar”, “SunPower”  компаниялари анча машҳур.

Ўзбекистоннинг йиллик эҳтиёжидан уч карра кўп манба

Қайта тикланувчи энергия турлари ичида қуёш энергиясидан фойдаланиш Ўзбекистон учун жуда қулай. Унинг ялпи салоҳияти барча қайта тикланувчи энергия турлари салоҳиятининг 98,6 фоизини ташкил этади. Аслида, бу энергиядан унумли фойдаланиш аждодларимиздан бизгача етиб келиб, қон-қонимизга сингиб кетган. Чунки ҳанузгача қуёш энергиясидан мева-сабзавотларни, қишда чорва моллари учун ем-хашакларни қуритиш, сувни офтобда қизитиш ва бошқа мақсадларда фойдаланиб келинади.

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг техник салоҳияти 180 миллион тонна нефть эквивалентини ташкил этади.

Бу йиллик энергия ресурсларига бўлган талабдан уч марта ортиқ демакдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йилда илк бор Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 МВт.лик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган бўлса, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 100 МВт.га тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси фойдаланишга  топширилган.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2030 йилгача республикамизда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига биноан, умумий қуввати 7 минг МВт. бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича жами 7 та йирик лойиҳа амалга ошириляпти.

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан амалий фойдаланиш соҳаси етарлича рағбатлантириб борилмоқда. Хусусан, 2019 йил 21 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни билан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт. ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган майдон бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайт дан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.

Шунингдек, амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, 2030 йилга қадар умумий қуввати 8 минг МВт. бўлган қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишини ривожлантириш мақсадида халқаро молия институтлари ҳамда чет эл банкларининг имтиёзли кредит линияларини жалб этиш белгиланган.

Катта қувватлардаги қуёш ҳамда шамол электр станцияларини қуришда хорижий компаниялар инвест-лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бир қатор енгиллик ва имтиёзлар белгиланган. Хусусан, хорижий компаниялар билан давлат-шериклик ҳамкорлик механизмлари йўлга қўйилгани соҳани ривожлантиришда иқтисодий жозибадорликни оширишга хизмат қилади.

Қайта тикланадиган энергия соҳасида ДШҲ механизмларини жорий этиш мустақил электр энергияси ишлаб чиқарувчилар сифатида илғор инновацион техник ва технологик ечимларга эга бўлган етакчи хорижий компанияларнинг инвестицияларни ички ишлаб чиқариш бозорига тўғридан-тўғри жалб қилинишини таъминлайди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда иситиш тизимини инобатга олмаган ҳолда, маиший энергия эҳтиёжини қоплаш учун мўлжалланган 1 киловаттлик қуёш электр станцияси истеъмолчига қарийб 10 миллион сўмга тушади. Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ички бозорида 3 та ишлаб чиқариш лойиҳаси фаолият юритмоқда. Энергия сақлаш қурилмалари “Ўзиккиламчиранглиметалл”, биогаз қурилмалари “Ўзбекнефтгаз” ҳамда кичик қувватли қуёш электр станциялари “Ўзэлтехсаноат” тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилади. Бугун бундай қурилмаларга эҳтиёж ортиб бораётган экан, буни етарли, деб бўлмайди. Бу қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмалари тармоғини тезкорлик билан кенгайтириш механизмларини ишлаб чиқишни талаб қилади.

Маҳаллийлаштириш геосиёсатдан ҳимоя қилади

Умуман олганда, қайта тикланадиган энергия манбалари асосидаги электр станциялари учун ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёни рақобатни ривожлантириш ва “яшил” келажакни яратиш харажатларини камайтириш каби кўплаб вазифаларни бажаришга хизмат қилади. Биринчи қадам — зарурий технологиялар трансфери аллақачон қўйилди. Галдаги вазифа мазкур технологик линияларни ишга қўйиш, миқёсини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбалари технологияларини ва электр станцияларнинг асосий таркибий қисмларини ишлаб чиқаришга қаратилиши керак. Бу мазкур турдаги станция ларни лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш, хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассисларга бўлган талабни ҳамда мавжуд технологияларни такомиллаштириш, рақобатдошлигини ошириш бўйича илмий ҳажмдор ишланмаларга талабни юзага келтиради.

Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергетиканинг тўлақонли саноат кластери геосиёсий таҳдидларга чидамлиликни оширади.

Ҳозир жаҳонда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар жадал суръатга кирган. Замонавий техника-технологиялар ва улар асосидаги қурилмалардан фойдаланиш натижасида соҳа сезиларли даражада илгариламоқда. Бунга Германия, Хитой, Корея, Япония, АҚШ каби давлатларда электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши йил сайин ошиб бораётганини мисол сифатида келтириш мумкин.

Дунё тажрибасида муқобил энергиядан фойдаланиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жаҳон энергия бозорида қуёш энергияси технологияларининг таннархи пасайиб, қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторлари тобора оммалашмоқда. Улар нафақат маъмурий-маиший бино-иншоотлар, балки турар жойларга ҳам ўрнатиляпти. Шунингдек, электромобиллар сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Келажак авлод учун ёқилғи ресурслар ва хомашёни тежаб, улардан унумли фойдаланиш кун тартибидаги долзарб масалага айланган. Айнан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳар бир мамлакатнинг иқтисодига ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Хусусан, бу борада қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланиш орқали қазилма ёқилғиларни тежашга эришилади.

Халқаро энергетика агентлиги (IЕА) 2022 йил учун тақдим этган ҳисоботида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг дунё бўйича ўрнатилган қуввати 3000 гигаваттдан ортгани келтирилган. Бу қарийб 3349 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш имкони деганидир.

Табиий бойликлар ҳақида гап кетганда, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки биргина ушбу қарор туфайли 2023 йилнинг ўзида умумий қуввати 4 минг 300 МВт. бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш натижасида қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш кўзда тутилган. Умуман, мамлакатимизда 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш мақсад қилингани диққатга сазовор. Бу Ўзбекистонда муқобил энергия турларидан фойдаланишни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Юртимизда “яшил энергия” ва “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали иқтисодиётнинг энергия ҳажмдорлигини ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш чоралари кўриляпти.

Илмий-тадқиқот институтлари ҳамда соҳадаги етакчи мутахассислар олиб борган изланишлар натижасида ташкилотлар иссиқлик таъминоти тизимларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари (қуёш панеллари ва қуёш коллекторлари)ни қўллаш орқали қазилма ёқилғи ресурсларининг 80 фоиздан кўпроғини қоплаш имконияти мавжудлиги исботланган. Қолаверса, жамоат транспортларида электр токида ишлайдиган автобуслар сонини кўпайтиришга эътибор қаратилаётгани, умуман, барча соҳа ва тармоққа муқобил энергиялар изчил кириб бораётгани катта ўзгаришлар бўлаётганини, қайта тикланувчи энергия манбалари келажак энергетикаси локомотиви бўлишини англатади.

Санжар Шоқўчқоров,

Тошкент давлат техника университети доценти,

техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)