Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кучайтирилмоқда

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлатнинг негизини фуқаролик жамияти институтлари ташкил этади.

Жумладан, мамлакатимизда илк бор яқин ва ўрта муддатга қаратилган истиқболларини белгилаб олиш мақсадида 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш вазифалари белгилаб олинди. Хужжатда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш ва ажратиладиган маблағ миқдорини 70 миллиард сўмга етказиш вазифаси белгиланган.

Давлатимизда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани диққат сазовордир. Аммо амалдаги Конституцияда мазкур институт конституциявий мақомга эга эмас.

Рақамларга эътибор қаратсак, 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикада 95 та ННТ фаолият кўрсатган бўлса, 2000 йилнинг 1 январга келиб уларнинг сони 2585 тага, 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра эса – 8417 тага, ҳозирга кунда эса 9104 тани ташкил этмоқда.

Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнларида фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, “ақл марказлари” экспертлари ҳам фаол иштирок этиб, қатор таклиф ва муносабатлар билдирганлигини алоҳида қайд этиш зарур.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамияти институтлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатланиши кучайтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасида алоҳида “Фуқаролик жамияти институтлари“ боби қўшилмоқда.

Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасининг 69-моддасида Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширишига оид норма киритилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида фуқаролик жамияти институтларига оид ўзгартириш ва қўшимчалар нималарда намоён бўлади?

Биринчидан, конституциявий қонун лойиҳасига илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” номли боб ва ибора киритилмоқда.

Иккинчидан, ННТлари, маҳаллалар, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилмоқда.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлпш вазифаси юклатилмоқда.

Тўртинчидан, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда.

Бешинчидан, фуқаролик жамияти институтларига Ўзбекистон Республикаси бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати берилмоқда.

Мазкур кафолатлар халқаро ҳуқуқий хужжатлар ва ривожланган давлатлар конституцияларида ҳам мустаҳкамланган. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг 2016 йил 11 апрелдаги “Илғор тажриба ва олинган сабоқлар асосида фуқаролик жамияти фаолияти учун хавфсиз ва қулай муҳитни яратиш ва сақлаш бўйича амалий тавсиялар” номли ҳисоботида фуқаролик жамияти ҳамда унинг институтларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш тавсия этилади. Фуқаролик жамияти атамаси Озарбайжон, Словения ва бошқа бир қатор давлатларнинг конституцияларида ҳам мустаҳкамланган.

Мазкур норманинг киритилиши фуқаролик жамияти асосини ташкил этувчи муҳим институционал тузилмаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини конституциявий даражада таъминланиши, самарали фаолият юритиши ва ривожланиши, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнининг ошиши учун хизмат қилади.

Умуман олганда, киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар жамиятимиз ҳаётида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ҳамда аҳамиятини ошириш, улар фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

бўлим бошлиғи Анваржон Миркомилов