МУЙНОҚ, 4 апрель. /«Дунё» АА/. Бугун Мўйноқ шаҳрида бўлиб турган (Орол денгизидаги собиқ порт) Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус вакилларининг бир гуруҳи мамлакатимиз раҳбарияти томонидан Оролбўйи экологиясини тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда, деб хабар қилмоқта «Дунё» АА мухбири Зафар Юлдашқулов.
Хорижий дипломатлар саксовул плантацияларида бўлиб, у ерда кўчат экиш жараёни билан танишди.
Қайд этилишича, 2018 йил декабрь ойида бошланган Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш давлат дастурига асосан бугунги кунга қадар 1 миллион 730 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилган.
Шунингдек, Табиий ресурслар, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Орол фожиаси оқибатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Дипломатик корпус вакилларининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.