Қадрли ватандошлар! Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни кириб келаётган янги йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
2023 йилда меҳнаткаш халқимизнинг яратувчилик ҳаракатилари туфайли тараққиёт йўлида муҳим марраларга эришдик. Инсонга эътибор ва сифатли таълим тизимини яратиш, халқимизни рози қилиш борасида илдам қадамлар қўйдик.
Айни шу дақиқаларда якунига етиб бораётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида босиб ўтган йўлимизни ва рўй берган воқеликларни, қўлга киритган марра ва ютуқларни шукроналик билан кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз, 2023 йил биз учун баракали ва хосиятли бўлди, деб айтишга тўлиқ асосларимиз бор, деб ўйлайман.
Дунёдаги мураккаб сиёсий ва иқтисодий вазиятга қарамасдан, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўлламли демократик илоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ва барқарор ривожланмоқда. Халқимиз фаровонлиги юксалмоқда.
Иқтисодиётимиздаги таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш соҳасини узлуксиз техник, технологик янгилаб бориш ва модернизация қилиш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш давом этмоқда.
Миришкор деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирдилар. Саноат, қурилиш, рақамли технологиялар, туризм соҳалари жадал ривожланмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз ҳар томонлама обод бўлмоқда.
Янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли даромадлари ва ҳаёт даражаси ошмоқда. Ёшларимиз халқаро майдонларда истеъдод ва маҳоратини намоён этиб, Ватанимизни дунёга танитмоқда.
Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро тотувлик ҳукм сурмоқда. Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори юксалмоқда.
Тадбиркорлик ҳаракати, ва айниқса хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги жадал ривожланмоқда.
Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг бетакрор қиёфаси шаклланмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган фаол, чуқур ўйланган, тинчликсевар, очиқлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига таянган ташқи сиёсат туфайли бугун Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ва таъсири мисли кўрилмаган даражада ортмоқда.
Ўтган 2023 йилда ҳам олий ва юқори даражалардаги ташрифлар давомида мамлакатнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Халқаро майдондаги ҳамкорлик илғор дунё тажрибасини ўрганиш, хорижий мамлакатлар билан алоқаларни йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишга қаратилган сиёсат олиб борилмоқда, бу эса мамлакатда максимал қулай амалий ва инвестицион муҳитни шакллантиришга амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Бу борада Республика ташқи сиёсий стратегияси хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш, маҳаллий экспорт географиясини кенгайтириш соҳасида янги қирраларни очди.
Фурсатдан фойдаланиб, хорижий ҳамкорларимиз, дўст чет давлатлар халқларини Янги йил билан табриклаб, уларнинг барчасига тинчлик ва равнақ тилаймиз.
Азиз ва қадрли ватандошлар! Қалбларимиз пок ниятларга тўлиб турган ушбу қувончли лаҳзаларда сизларни, бутун халқимизни янги – 2024 йил билан Қўмитамиз аъзолари номидан яна бир бор чин дилдан муборакбод этишга ижозат бергайсиз.Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака, оилавий бахт-саодат тилайман. Янги йилнинг қадами қутлуғ келсин, барча эзгу ниятларимиз амалга ошсин, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Янги йил барчамизга муборак бўлсин!