Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчилар иштироки Референдумни ошкора, демократик халқаро талаблар асосида ўтказишда муҳим омил ҳисобланади.
Шу боис мамлакатимизда ўтган муҳим сиёсий воқелик – умумхалқ референдумини кузатиш, тадбирни кенг ёритиш мақсадида халқаро ташкилотлар, сайлов органлари ва хорижий давлатлардан жами 383 нафар халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари, халкаро кузатувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, шаффофликни таъминлаш максадида хар бир воқеа-ҳодисани таҳлил этиб борди. Жумладан, миссиялар, делегациялар вакиллари билан ташкил этилган учрашувларда референдумга тайёргарлик, тадбирни ўтказиш жараёни хусусида мунтазам маълумот бериб борилди.
Аҳамиятлиси, референдумни ўтказишга оид қабул қилинган низомга мувофиқ, МСК ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этилди. Шунингдек, онлайн режимда фаолият юритган комиссия раҳбарияти мунтазам мажлислар ўтказиб борди.
Халқаро кузатувчилар референдум арафасида сайлов участкаларида барча зарур шарт-шароит яратилгани, комиссиялар ушбу сиёсий воқеликка ҳар томонлама пухта тайёрлик кўрганини қайд этишди. Жараён халқаро стандартга мувофиқ такомиллаштирилгани, МСК томонидан тасдиқланган режа ва миллий қонунчилик асосида тизимли ишлар амалга оширилгани юқори баҳоланди.
– Жараён шаффоф, тизимли йўлга қўйилган, – дейди Туркиядаги “Мarmara group” жамғармаси раиси Аккан Сувер. – Тошкент шаҳридаги 16 та референдум участкасида овоз бериш жараёнини кузатиб, фуқаролар сиёсий жараёнга бефарқ эмаслигига гувоҳ бўлдим.
Тадбирни атрофлича ёритиш мақсадида аккредитациядан ўтказилган 192 нафар чет эл ОАВ вакиллари ҳам улар учун қулай шарт-шароит яратиб берилганини қайд этишди. Умуман, Референдумга тайёргарлик кўриш, тадбирни ўтказиш жараёни очиқлигини таъминлашда ОАВнинг роли беқиёс.