МОНОПОЛ ФАОЛИЯТНИ ЧЕКЛАШ КОНСТИТУЦИЯ БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Иқтисодий муносабатлар фуқаролик жамиятининг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Улар ўз-ўзидан пайдо бўлиши ва ривожланиши мумкин эмас, аксинча, давлат ва жамиятнинг таъсирида шаклланади. Агар жамият иқтисодга ижтимоий нормалар орқали таъсир кўрсатса, давлат ўзи қабул қилган қонунлари асосида унинг ривожланишини таъминлайди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда киритилаётган ўзгаришлар иқтисодиётни эркинлаштириш ва бозор механизмларини кенг жорий қилиш тамойилларига асосланган ислоҳотларнинг янги босқичида давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш, иқтисодий жараёнларга маъмурий тартибга солиш дастакларидан фойдаланишни минималлаштириш, хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш орқали миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Айнан мана шу жиҳатдан олиб қаралганда, киритилаётган энг муҳим ўзгаришлардан бири, бу –товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар яратиш мақсадида,монопол фаолиятнинг қонун билан тартибга солиниши ва чекланишиКонституцияда мустаҳкамланаётганлиги ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда товарлар ва хизматлар бозоридаги монополияни босқичма-босқич камайтириш иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштиришнинг устувор йўналиши ҳисобланади.

Конституция иқтисодий эркинликни тан олиш ва унга барча шарт-шароитларни яратиш билан биргаликда, тадбиркорларга иқтисодий эркинликни суиистеъмол қилган ҳолда монополистик фаолиятни амалга ошириш ёки бир-бири билан инсофсиз рақобат қилишнинг олдини олишга доир қоидаларни белгилаши керак.

Ўзбекистонда ўтган йилларда Ҳаракатлар стратегияси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасидаги ислоҳотлар натижасида барчага тенг ва эркин рақобат шароити яратилди. Тадбиркорлик субъектларига солиқ юки камайтирилди, хусусан мол-мулк, даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари 2 баробар пасайтирилди, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга  туширилди, муҳими, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажарилиш даражаси 80 фоиздан 95 фоизга кўтарилди. Шунингдек, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш мақсадида 84 та турли самарасиз солиқ имтиёзи бекор қилинди.

Конституцияга киритилаётган ушбу норма рақобатни таъминлаш ва монополистик фаолиятига қарши кураш орқали давлат томонидан товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятларни яратади. Тараққиёт стратегиясида ҳам “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида 200 та экспортчини очиқ танлов асосида саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланган.

Ушбу моддага киритилаётган қўшимчалар самарали фаолият юритадиган бозорларни ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳисобига иқтисодий ўсиш ва инновацияларни рағбатлантириш, инвестициялар оқимини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга, шунингдек халқаро иқтисодий индекс ва рейтинглардаги ўринларни яхшилашга хизмат қилади.

Фурқат ЮНУСОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти