Жорий йил 20 феврал санасида Бош консулхона вакиллари ва “Пахтакор” ўзбек этномаданий бирлашмаси раиси ўринбосари Улуғбек Асадуллаев Ақтау шаҳридаги “САК” қурилиш товарлари бозори ҳамда 22-улгуржи ва чакана савдо бозорида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимиз билан учрашишди.
Ушбу учрашувлардаги мулоқот чоғида юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришлар, жумладан, давлатимиз томонидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, ижтимоий ва ахборот-маслаҳат ёрдамини кўрсатиш бўйича қилинаётган тизимли ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Ундан ташқари, дипломатларимиз томонидан ушбу савдо ўринларида меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимизга бўлиб турган давлат қонун-қоидаларига риоя этиш зарурлиги таъкидланиб, суҳбат доирасида фуқароларимизга ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик ва уларнинг салбий оқибатлари ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида, фуқароларимиз бу каби учрашувлар ватандошларимизнинг ҳорижда қонуний меҳнат фаолият олиб боришлари учун тегишли маълумотлар олишда қулай имконият бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди.
Учрашувлар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.