Ҳозирги кунга қадар Конституциявий комиссияга кенг жамоатчилик томонидан Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича жами 35 мингдан ортиқ таклифлар юборилган

Кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, унда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари аъзолари, депутатлар, сенаторлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссиянинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан ахборот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз парламенти учун ортда қолган бир ой давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини барқарор ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган жараёнларнинг бошланиши билан боғлиқ муҳим воқеаларга бой бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан Конституциявий комиссия тўғрисидаги Низом тасдиқланиб, Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш ва Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда Матбуот хизмати фаолияти йўлга қўйилди.

Конституциявий комиссия иши самарадорлигини таъминлаш мақсадида унинг фаолиятига илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, соҳа экспертлари кенг жалб қилинди. Энг муҳими, жаҳон давлатларининг конституциявий тажрибаси чуқур ва ҳар томонлама ўрганилди.

Комиссия ҳузурида тузилган Таклифлар билан ишлаш ва Йиғма аҳборот таҳлил гуруҳлари томонидан иш 24/7 режимида йўлга қўйилиб, кенг жамоатчиликнинг Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари турли воситалар орқали куну тун қабул қилинди.  

Конституциявий ислоҳотларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Конституциявий комиссия аъзолари, депутатлар ва сенаторлар томонидан ҳудудларда қатор учрашувлар ташкил этилди, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар олиб борилди. Бундай учрашувлар давомида конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди.

Аҳоли фикрлари ва таклифларини узвий, ўз вақтида қабул қилиш, умумлаштириш, уларга жавоб қайтаришнинг аниқ механизмлари жорий этилиб, “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, 1341 қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, маҳаллалар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, “Telegram” мессенжеридаги махсус бот орқали таклифларни қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.

Ўтган даврда аҳоли томонидан келиб тушган таклифларнинг салмоқли қисмини шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир таклифлар ташкил этмоқда. Шу билан бирга, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилган нормаларни акс эттириш билан боғлиқ таклифлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Эътиборлиси, бугун халқимиз Бош қомусимизда сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, экологияга устувор аҳамият қаратиш, хусусий мулк ҳимоясини муҳофаза қилиш, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларда конституциявий кафолатларни кучайтиришга оид нормалар акс эттирилишини исташаётганини очиқ баён қилмоқда.

Мажлисда аҳолининг барча қатламларидан келиб тушган фикр-мулоҳаза ва таклифларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида Конституциявий комиссиянинг 4 та йиғилиши ўтказилгани, уларда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича тақдим этилган таклифлар моддама-модда муҳокама қилинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани таъкидланди. 

Шу билан бирга, фуқароларимизга конституциявий ислоҳотларга оид ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида тезкор, холис ва тўлақонли ахборот етказиш мақсадида телевидение, радио, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилди. Ўтган даврда ОАВда 10 мингдан ортиқ чиқишлар қилинди.

Конституциявий комиссия Матбуот хизмати томонидан 3 маротаба брифинг ва 1 маротаба матбуот анжумани, 2 маротаба Халқаро пресс-клуб ташкил этилди. Энг муҳими, ўтган даврда барча мобиль алоқа операторлари орқали фуқароларга ўз таклифлари билан Конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол бўлишга қаратилган смс-хабарномалар юборилди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан тақдим этилган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича кенг жамоатчилик томонидан жами 35 мингдан ортиқ таклифлар юборилган.

Ушбу таклифларда “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини юксалтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим, илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, оила институтини ривожлантириш, бой тарихий ва маданий меросимизни муносиб сақлаб қолиш, экологик ҳуқуқлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби масалаларга алоҳида урғу қаратилган.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.