Ўзбекистон Бош консулхонасида давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Манғистау вилояти раҳбарияти вакиллари, Ақтау шаҳрида аккредитациядан ўтган Эрон Ислом Республикаси, Озарбайжон, Туркия ва Туркманистон Республикалари Бош консуллари, Манғистау вилоятидаги “Пахтакор” ўзбек этно-маданий бирлашмаси раҳбар ва фаоллари, Ш.Есенов номидаги Каспий давлат технологиялар ва инжиниринг универиситетида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда Манғистау вилоятида вақтинча меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳозир бўлдилар.
Ўзбекистон Бош консули байрамга ташриф буюрган меҳмонлар ва ватандошларни республикамиз мустақиллигининг 31 йиллиги билан қутлар экан, Ўзбекистон мустақил ривожланиш йиллари давомида эришган асосий муваффақиятлар, шунингдек, сўнгги йиллар мобайнида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлатни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва улар бераётган салмоқли самралар хусусидаги фикрларини ўртоқлашди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси қабул қилингани алоҳида таъкидланди.
Манғистау вилояти акими биринчи ўринбосари Бекбол Оринбасаров ўз нутқида мамлакатимиз халқини Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан самимий табриклар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ишлаб чиқариш саноатидаги ўзига хос ривожланиш ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалардаги юқори кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратди.
Расмий очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф қилинди.