Ўзбек дипломатлари Ақтаудаги ватандошларимизнинг меҳнат ва яшаш шароитлари билан танишди

Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳрида (Қозоғистон) жойлашган Бош консулхонаси ходимлари “К7 Group” қурилиш компаниясининг мазкур шаҳардаги “7Qazyna” турар жой комплекси қурилиш майдонида бўлиб, вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув давомида ватандошларимизнинг меҳнат шароитлари билан танишилгани баробарида консуллик ва ҳуқуқий масалалар юзасидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Хусусан, Қозоғистонда вақтинча меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг барча тартиблари ва Бош консулхонанинг фуқаролар билан ишлаш бўйича фаолиятига доир маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган муҳим воқеалар, хорижда вақтинча меҳнат қилаётган фуқароларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш, хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.

Учрашув сўнгида Ўзбекистонга борадиганлар учун авиақатновлар, чегарадош темир йўл станциялари ва автомобил ўтказиш чегара пунктлари орқали ҳаракатланишда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ўрнатилган вақтинчалик чекловлар жорий йилнинг 10 июнь санасидан бекор қилгани ҳам маълум қилинди.