Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги делегация аъзоларининг Японияга ташрифи яоғида Токио шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишлаган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Тадбирда мамлакатимизда кечаётган конституциявий ислоҳотлар, хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси, Бош қомусимизга киритиш таклиф этилаётган янги нормаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ватандошларимиз Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмунини чуқур ўрганишга, уларга бефарқ бўлмасликка ҳамда мазкур ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашишга чақирилди.
Янги конституциявий қонун лойиҳасига киритилиши режалаштирилаётган барча ўзгартиш ва қўшимчалар, энг аввало, инсон қадр-қиммати, турмуш фаровонлиги ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, муҳокамага қўйилган лойиҳада янги нормалар орасида ёшлар масалаларига оид моддалар қўшилгани ва мамлакатимизда ёшлар сиёсатига катта аҳамият берилаётганига урғу берилди.
Ўз навбатида, Япониядаги ватандошларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнини мунтазам кузатиб боришини ҳамда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда тинчлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган ҳолда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Шунингдек, фуқароларимиз давлатимиз раҳбари томонидан чет элдаги ватандошларга қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларнинг асл келиб чиқиш сабаблари ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.
Учрашув сўнгида ватандошларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берилди, конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларни «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформасига юбориш мумкинлиги айтиб ўтилди.