Хива шаҳри 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дея эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири – Хива 2024 йил «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дея эълон қилишга доир қарор қабул қилинди.
“Ислом дунёсининг туризм пойтахти” номинацияси учун Абу-Даби (БАА), Шанлиурфа (Туркия), Лаос (Нигерия), Душанбе (Тожикистон) ва Хива (Ўзбекистон) шаҳарлари ўзаро курашди. Сессия иштирокчилари бир овоздан Хива шаҳри номзодини танлади.
Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отель ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланди.
– “Ислом дунёсининг туризм пойтахти йили” доирасида Хива шаҳрида ИҲТга аъзо 57 давлатнинг туризм вазирлари ва туристик маъмуриятлари раҳбарларининг йиғилиши юқори даражада ўтказилади. Шу билан бирга, Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ва арт-экспозициялар бўлиб ўтади, – деди Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов. – 2018 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган «Ипак йўли» халқаро туризм университети базасида ИҲТ давлатлари олим ва тадқиқотчилари иштирокида таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.