Урганчда «Инсон – жамият– давлат» конституциявий тамойилини амалга ошириш мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди

20 июнь куниУрганч шаҳрида «Инсон – жамият– давлат» конституциявий тамойилини амалга ошириш: миллий ва хорижий тажриба» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази маълумотига кўра, халқаро анжуман«Барқарор ривожланиш маркази» ННТ, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференциянинг мақсади инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги тамойили ҳамда «Давлат – инсон учун» ва «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилади» деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича миллий ва илғор хорижий тажрибани ўрганишва мазкур тамойилларни Конституцияда мустаҳкамлаш борасида ҳар томонлама асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Халқаро анжуман давомида бугунги кунга қадар конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан халқимиз томонидан Конституциявий комиссияга40 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги қайд этиб ўтилди.Ушбу таклифлар жамият ва давлат ҳаётининг барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларини қамраб олган.

Конституциявий комиссия ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни конституционализмнинг ривожланиши борасидаги илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганиш асосида кўриб чиқаётгани қайд этилди.

Халқаро анжуманда Европада хавфсизлик ва прогнозлаш институти эксперти Жан-Антуан Дюпра, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вақтинчалик вакилиПол Политис, Европа аёллар лоббиси Италия мувофиқлаштирувчи қўмитаси президентиМария Людовика Ботарелликаби экспертлар маъруза қилдилар.

Муҳокамалар давомида бугунги кунда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – барча Ўзбекистон фуқароларинг қалбидан чуқур жой олиб, уни ҳаётга татбиқ этиш умуммиллий ҳаракатига айланиб улгургани ва энг муҳими, уларнинг дунёқараши, эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишончи кучайгани алоҳида эътироф этилди.

Форумнинг «Конституциявий ислоҳот: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш» мавзусидаги сессиясида миллий ва хорижий экспертлар «Қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашда депутатларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигига оид конституциявий-ҳуқуқий асосларни ривожлантириш», «Конституциявий ҳуқуқ ва жамоатчилик назорати институтини мустаҳкамлаш», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар фаолияти самарадорлигини ошириш» каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Халқаро конференция якунида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш  бўйича Конституциявий комиссияга тегишли таклиф ва тавсиялар тайёрланди.

Дунё АА