Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов мамлакатимизга ташриф билан келган АҚШ (М.Карпентер), Буюк Британия (Н.Буш), Германия (Г.Бройтигам) ва Франциянинг (К.Фажес) ЕХҲТдаги доимий вакиллари билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари, Ташкилотнинг республикадаги лойиҳавий фаолиятини янада фаоллаштириш йўллари муҳокама қилинди.
Томонлар ЕХҲТ институтлари билан Ташкилот фаолиятининг барча уч йўналиши бўйича кўп томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди.
Учрашувда илғор технологиялар ва инновацияларни жалб этиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва Оролнинг қуриш оқибатларини юмшатиш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ЕХҲТ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хорижий делегацияга 2022-2026-йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқот чоғида минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.