Охирги йилларда юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган “Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси асосида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Муҳими, бу саъй-ҳаракатлар ўзининг кутилган натижаларини бераётир.
Буни Янги Ўзбекистонимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида янгича рух ва кайфият, халқимизнинг асрий интилишларига мос, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган янгича ҳаёт хар биримизнинг турмуш тарзимизга кириб келаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади ҳалқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.
Ислоҳотлар марказида — халққа ҳизмат қилиш, аҳоли розилигига эришиш, улар дарди билан яшаш, муаммоларини хал этиш вазифалари турибди.
Муҳими, ана шу жараёнда очиқлик ва ошкораликка амал қилган ҳолда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Бу йўналишдаги асосий натижа ва ҳалқаро эътироф сифатида Ўзбекистоннинг илк маротаба Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021 — 2023 йилларга сайланганлигини келтириш мумкин.
Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқларини таъминлашда меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласи асосий вазифага айланди ҳамда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Шу йўналишдаги тизимли ишларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга чиқиши, эришилган натижалар ва энг асосийси, аҳолининг барча қатлами манфаатларига ижобий таъсир кўрсатишида қуйидаги тамойиллар асос бўлиб ҳизмат қилмоқда:
- давлат бошқаруви органларининг очиқлиги;
- халк билан мулоқот;
- фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳар кандай ҳолатни фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаш;
- хориж давлатларида фаолият юритаётган фуқаролар ҳуқуқларини тизимли таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш;
- муносиб меҳнат тизимига халқаро стандартларни жорий этиш.
|Айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда меҳнат муносабатлари тизими тубдан ислоҳ қилинди, сохада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, мажбурий меҳнатга бархам бериш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
Жорий йилнинг 10 март куни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистонга нисбатан қўйилган “пахта бойкоти” бекор қилингани бунинг ёрқин мисолидир.
Айтиш жоизки, ўзбек пахтасига қўйилган бойкотнинг бекор қилиниши юртимизда, биринчи навбатда, ҳудудларда миллионлаб янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлик даражасини ошириш, янги бозорларни очиш ҳамда кўплаб истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Шунингдек, 2016 йилда юртимизда тизимли болалар меҳнатига барҳам берилиши ҳисобига Европарламент Ўзбекистоннинг текстиль протоколига қўшилиши ҳақидаги қарорни қабул қилди.
2020 йилда АҚШ Савдо вакили (USTR) Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мезони бўйича АҚШнинг Преференциялар бош тизимига (GSP) мувофиқлигини эълон қилди ҳамда Еврокомиссия таҳдиллари асосида Ўзбекистон “GSP+’’да қатнашиш мезонларига жавоб беради, деган хулосага келди.
Ўтган йили эса АҚШ Давлат департаменти жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон позициясини “Иккинчи тоифага мансуб мамлакатлар” рўйхатига киритди.
Эришилган ушбу муваффақиятлар меҳнат муносабатлари соҳасидаги тизимли ислоҳотлар самараси бўлиб, улар қуйидаги йўналишларда амалга оширилди:
- қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш;
- ҳалқаро стандартларни имплементация қилиш;
- қишлоқ ҳўжалигини ислоҳ этиш;
- институционал асосларни ривожлантириш;
- тизимли мониторинг ва тадқиқотлар олиб бориш;
- фуқаролик жамияти ва ихтисослаштирилган халқар ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш.
Миллий қонунчилик такомиллаштирилди
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, соҳага оид қонунчилик асосларини ҳалқаро стандартларга мувофиқлаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2021 йилда 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 4 та қонун, Президентнинг 2 та Фармони, 4 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори қабул қилинди.
Вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоялаш кафолатларини янада кучайтириш мақсадида Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бунинг натижасида болалар меҳнатига йўл қўйган шахсларни дастлабки қилмиши учун жиноий жавобгарлик белгиланди ва болалардан фохишалик мақсадида фойдаланиш ҳамда уларни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари фаолиятида қатнашишга ундаш ва мажбурий меҳнатга жалб этиш учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Шуларга мос холда, фарзандликка олиш тартиби ҳуқуқий асосларини соддалаштиришга йўналтирилган қонун қабул қилинди. У билан унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга ҳам фарзанд асраб олишга руҳсат берилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги ҳамда “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги конвенциялари ратификация қилинди.
Миллий қонунчиликни такомиллаштиришда асосий эътибор халқаро норма ва стандартларни имплементация қилишга қаратилди. Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан кўп қиррали ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, охирги 10 йил давомида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат муносабатлари сохасида ҳалқаро стандартларни жорий этиш борасида самарали ишлар рўёбга чиқарилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 19 та конвенциясини, жумладан, 8 та асосий ва 4 та директив конвенциясини ратификация қилди.
Ўзбекистон хар йили БМТнинг ўртача 2 та конвенциясини ратификация қилиб, бу тузилманинг 100 йиллигига бағишланган халқаро меҳнат стандартларини ратификация қилиш кампаниясида фаол иштирок этди.
Шундай қилиб, мажбурий меҳнатга қарши курашишда қонунчилик базасини такомиллаштириш ва халқаро конвенцияларни ратификация қилиш орқали ушбу соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилди ҳамда жиноят учун жазо халкаро стандартларга мос равишда кучайтирилди.
Ташкилий-институционал база замон талаби асосида
мустаҳкамланди
Муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга табиқ этиш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида институционал базани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий комиссияларнинг ташкил этилгани, шунингдек, ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти таъсис қилингани мазкур йўналишдаги ишларни ҳам миллий, ҳам маҳаллий даражада комплекс мувофиқлаштириш имконини бермоқда.
Миллий комиссия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири — барча фуқаролар учун қулайликлар ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашишда аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлашдан иборат.
Миллий комиссия ўз аъзолари билан биргаликда тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти, жумладан, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади. Комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ҳалқаро ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти вакилларининг барча тавсиялари инобатга олинади.
Шунингдек, Миллий комиссия ўз фаолияти давомида миллий қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, ҳалқаро стандартларни имплементация қилишга, институционал асосни ривожлантиришга, соҳада амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини таҳлил этиш ҳамда мавжуд муаммолар ечимига тизимли ёндашишга эътибор қаратади. Шу мақсадда фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда тегишли ҳалқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу ўринда Миллий комиссия фаолиятининг мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги узига хос хусусиятлари ҳақида ҳам тўхталмоқчимиз. Улар қуйидагилардан иборат:
- мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ва бошца дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширишни ташкиллаштиради ҳамда ижросини назорат қилади;
- бу борадаги жиноятларни аниқлаш ва уларга чек қуйиш амалиётини мониторингдан ўтказади;
- шу йуналишдаги самарали халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади.
Таъкидлаш керакки, мажбурий меҳнатга қарши курашишда Халкаро меҳнат ташкилотининг тамойиллари асосида 2018 йилда иш берувчиларнинг қонуний манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон иш берувчилари конфедерацияси ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Айни пайтда бу тузилма мамлакатимизда меҳнат муносабатлари соҳасида уч томонлама ҳамкорлик тўлиқ йўлга қўйилишида муҳим роль ўйнамоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон 2019 йилда БМТнинг “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслахатлашувлар тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилди ва ижросини таъминлаш мақсадида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиям тузилди.
Эътиборлиси, бу комиссия томонидан қисқа вақт давомида ўз фаолияти доирасида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид 120 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойихалари кўриб чиқилди, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш борасида кўламли ишлар рўёбга чиқарилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари —
давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири
Қишлоқ ҳўжалигини ислоҳ қилиш ҳам давлат сиёсатининг энг мухим йўналишларидан бири саналади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида қишлоқ ҳўжалиги соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги тизимида кластерлар фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борадаги дадил қадамлардан бири бўлди. Зеро, унинг мақсади — тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барча жараёнини, яъни хомашё етиштиришдан тортиб, то уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни бирлаштирган ягона занжирни шакллантиришдан иборатдир.
Шундай қилиб охирги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш ва уни бозор талабига мослаштиришга катта урғу берилмоқда. Ана шу мақсадда пахта етиштириш ва териш жараёнини механизациялаштириш бўйича фаол иш олиб бориляпти. Бунинг самараси ўлароқ, 2021 йилда пахта териш машиналари ёрдамида хосилнинг қарийб 12 фоизи (2020 йилда 8,5 фоизи) териб олингани диққатга сазовордир.
Бундан ташқари, теримчилар меҳнатига хақ тўлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йилда 1 кг. қўлда терилган пахта хомашёси учун тўлов 2015 йилдагига нисбатан қарийб 10 баробар оширилди. Умуман, бу борадаги ишлар мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олишда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилаётир.
Мониторинг натижалари қандай?
Мамлакат бўйича меҳнат муносабатларига риоя қилиниши, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши курашиш юзасидан тизимли мониторинг ишлари йўлга қўйилган.
Шу ўринда 2015 йилдан бошлаб Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан “Учинчи томон мониторинги” пахтачилик соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида ўтказиб келинаётганини айтиш зарур.
Мазкур мониторинг ишлари дастлабки йилларда халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган бўлса, 2018 йилдан унга махаллий фуқаролик жамияти институтлари фаоллари жалб этила бошланди. 2021 йилда эса тўлиқ фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бўлган мустақил кузатувчилар томонидан уюштирилди.
Бизни қувонтирадигани шуки, сўнгги олти йилда ўтказилган мониторинглар натижалари тизимли мажбурий меҳнатнинг йўқлигини кўрсатиб келмоқда. ХМТ экспертлари томонидан мамлакатимизда 2021 йилда хам пахта йиғим-терими давомида тизимли мажбурий меҳнатдан умуман фойдаланилмаганлиги тўғрисида якуний хулоса берилди ҳамда шу йўналишдаги мониторинг ишлари тўлиқ Ўзбекистон томонига топширилганлиги эълон қилинди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти мониторингидан ташқари, хар йили Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий мониторинг ҳамда Меҳнат инспекциясининг мониторинги ўтказиб келиняпти. Шунга мос ҳолда, сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан журналист ва блогерлар иштирокида парламент назорати ўрнатилди. Мазкур мониторинг ишларига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам кенг жалб этилмоқда.
Бу жараёнда аҳоли ўртасида ва меҳнат жамоаларида ахборот кампаниясини ташкил этиш ва уни амалга ошириш муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, аҳолининг мажбурий меҳнатнинг салбий омиллари тўғрисида хабардорлигини ошириш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилаётир. Масалан, 2021 йилда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида аҳоли ҳабардорлигини ошириш учун 20 мингдан зиёд тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Барча туман ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум жойларда мажбурий меҳнатнинг олдини олишга йўналтирилган мингта баннер ўрнатилди, миллиондан ортиқ флаерлар, 10 минг дона плакат тарқатилди.
Халқаро ҳамкорлик кучайтирилмоқда
Юртимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли химоялаш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкор давлатлар билан самарали алоқалар олиб борилмоқда.
Хусусан, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Халкқро миграция ташкилоти, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, АҚШ Давлат департаменти, Меҳнат вазирлиги ҳамда “Cotton Campaign” коалициям каби хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон меҳнат бозорида демографик юк юқори бўлган мамлакат ҳисобланади. Ҳозирги вақтда меҳнатга лаёқатли аҳоли 20 миллион, иш билан бандлар 15 миллион, ишга мухтожлар эса 1 миллион 300 минг кишини ташкил этади. Яна ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшлар катта ҳаётга қадам қўймоқда.
Бу масаланинг самарали ечими сифатида Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида Ўзбекистонда бандликка кўмаклашиш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Стратегиянинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
– меҳнат бозори талабларига мувофиқ ҳолда ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишни ривожлантириш;
– меҳнат бозорида рақобатдош бўлмаган шахсларни, айниқса, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлганларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш; норасмий меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни рағбатлантириш мақсадида меҳнат муносабатларини тартибга солишни такомиллаштириш;
– хавфсиз, уюшган, қонуний ички ва ташқи меҳнат миграцияси тизимини кучайтириш;
– халқаро стандартларни жорий этиш орқали меҳнатни мухофаза қилиш тизимини такомиллаштириш.
Маълумки, Халкаро меҳнат ташкилотининг бир асрлик фаолиятида муносиб меҳнат марказий ўрин эгаллаб келмоқда. Бироқ фақат шу асрнинг сўнгги ўн йилликларида бу масала кенг қамровли, глобал хусусият касб этди. Бу кўпроқ дунё давлатларининг фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоялашга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганлиги билан боғлиқ.
Бундай шароитда давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг миллий, минтақавий ва глобал даражада муносиб меҳнат тамойиллари бўйича саъй-харакатлари янги стратегик имкониятларни очиб беради, энг мухими, меҳнат муносабатларига доир муаммоларни самарали хал қилишга кўмаклашади.
Юртимизнинг ХМТ билан самарали ҳамкорлигининг асоси сифатида 2014 йилда қабул қилинган, кейинчалик 2020 йилгача узайтирилган 2014 — 2016 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини кўрсатиш мумкин. Ўтган давр мобайнида бу дастурда кўзда тутилган барча чоралар тўлиқ бажарилди.
Мазкур ҳамкорликни тизимли давом эттириш ва янада ривожлантириш мақсадида 2021 йил сентябрда шу ташкилот билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури қабул қилинди. Мазкур дастурда асосий эътибор халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда, муносиб меҳнат тамойилларини илгари суришга, норасмий бандликни қисқартиришга ва ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратилди.
Ушбу меҳнат индикаторлари истиқболда иқтисодий имкониятларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, энг муҳими, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига ҳизмат қилади.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда халқаро ҳамкорлар билан меҳнат муносабатлари бўйича “Better Work” ва “BCI” халқаро стандартларини жорий этиш юзасидан хам фаол иш олиб борилмоқда. 2021 йил охирида Ўзбекистон ХМТ ва Жаҳон банкига “Better Work” дастурини амалга оширишга кўмаклашиш имкониятини кўриб чиқиш учун мурожаат қилди ва ижобий жавоб олди. Бугунги кунда шу халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.
Истиқболдаги устувор вазифалар
Мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар ушбу масала бўйича таъсис этилган Миллий маърузачи томонидан кенг таҳлил қилиниб, келгусида эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилиши яхши анъанага айланган.
Хусусан, 2021 йил якуни бўйича Ўзбекистонда шу йўналишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, натижалари юзасидан давлат раҳбарига таҳлилий ахборот киритилди ва тегишли топшириқлар олинди.
Шунингдек, мазкур масала Миллий комиссиянинг яқинда бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилиниб, таҳлилий ахборотда қайд этилган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича алоҳида “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Унга асосан жорий йилда хам мажбурий меҳнатга қарши курашиш изчил давом эттирилади, халқаро ташкилотлар билан алоқа кучайтирилади, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароити яратиш бўйича янги лойиҳа ва чора-тадбирлар рўёбга чиқарилади. Хусусан, соҳага оид миллий қонунчилик халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади, меҳнат соҳасидаги қатор конвенцияларни ратификация қилиш масалалари кўриб чиқилади.
Ўз навбатида, нафақат қишлоқ ҳўжалигида, балки қурилиш, ипакчилик, умумий овқатланиш тармоқларида ҳам меҳнат қонунчилиги талаблари бузилишининг олдини олишга оид мониторинглар олиб борилади. Албатта, бу ишларга фуқаролик жамияти институтлари вакиллари кенг жалб қилинади.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар тизимли давом эттирилади, асосий эътибор соҳада муносиб, хавфсиз меҳнат шароити яратиш, меҳнатга муносиб ҳақ тўланишига эришиш ва тизимни механизациялаштиришга қаратилади.
Миллий тўқимачилик корхоналари ва ушбу сохада фаолият юритаётган халқаро бренд ва корхоналар билан манзилли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича алоҳида комплекс чоралар ишлаб чиқилади.
Қолаверса, халқаро стандартларни татбиқ этиш янада фаоллаштирилади. Бу ўз ўрнида, биз учун янги бозорларнинг очилишига, юртимизда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга кенг имкониятлар яратади.
Қуйидагилар амалга оширилиши режалаштирилган:
– миллий қонунчилик халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади, меҳнат соҳасидаги қатор конвенциялар ратификация қилинади;
– мажбурий меҳнат бўйича ўтказиладиган мониторинглар тизимли давом эттирилади;
– 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида ислоҳотлар янада кучайтирилади;
– миллий тўқимачилик корхоналари ва шу соҳада фаолият юритаётган халқаро бренд ва корхоналар билан манзилли ҳамкорликни йўлга қўйишга оид комплекс чора-тадбирлар қабул қилинади;
– “Better work” ва “BCI” сингари меҳнат соҳасидаги стандартларни татбиқ этиш ишлари фаоллаштирилади;
– мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ахборот-тарғибот кампанияси давом эттирилади;
– нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларга меҳнат-ижтимоий соҳалардаги фаолияти учун молиявий грант аж ратиш йўлга қўйилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, кучли сиёсий ирода ва ислоҳотларга комплекс ёндашув, қишлоқ хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари кенг татбиқ этилиши, қолаверса, терилган пахта учун тўлов миқдори оширилгани, меҳнат ва дам олиш шароити сезиларли даражада яхшилангани, давлат ва жамоатчилик томонидан ушбу йуналиш доимий назоратга олингани туфайли мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида сезиларли ютуққа эришилди ва бу натижаларимиз халқаро ҳамжамият томонидан хам эътироф этилмоқда. Шу маънода, бу йуналишдаги ишларимизни изчиллик билан давом эттириб, натижаларни янада яхшилаш йўлидан борамиз. Зеро, бу Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги учун ниҳоятда долзарбдир.
Танзила НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси
“Халқ сўзи” газетаси 26.05.2022й.