Самарқандда Ўзбекистон иқтисодий форуми – 2022 доирасида минтақанинг савдо-саноат сиёсатининг истиқболи муҳокама қилинди

Ўзбекистон иқтисодий форуми – 2022 доирасида “Савдо-саноат сиёсати” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, унда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов, молия вазирининг биринчи ўринбосари Омонулла Насритдинходжаев, Навоий кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси Қувондиқ Санақулов, “Агриcо” компаниясининг минтақавий менежери Фируза Татибаева, Жаҳон банкининг савдо ва минтақавий интеграция амалиёти менежери Антонио Нуцифора, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки экспертлари иштирок этди.

Давра суҳбатида пандемия ва давом этаётган геосиёсий жараёнларнинг минтақа иқтисодиётига таъсири кўриб чиқилди. Муаммоларни енгиб ўтиш учун барқарорликни сақлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар улушини ошириш билан бирга экспорт бозорларини диверсификация қилиш ва рақамли иқтисодиётдаги ўринни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Учрашувда саноат сиёсатини такомиллаштириш ва савдони эркинлаштириш, халқаро ташкилотлар ва инвесторлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий ва жаҳон савдо битимларига интеграциялашиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Иштирокчилар Ўзбекистоннинг савдони либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлари ва ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокаралар жараёнидаги муваффақиятларга юқори баҳо бериб, савдо тартиб-қоидаларини янада соддалаштириш ва ташқи бозорларга чиқиш ҳамда инвестициявий салоҳият даражасини ошириш, юқори қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш, янги саноат тизимини жорий этиш, рақобат соҳасида сиёсатни амалга ошириш ва рақобатдош устунликларга асосланган ҳолда устувор тармоқларни ривожлантириш, транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Давра суҳбатида савол-жавоблар бўлиб ўтди, унда минтақани ривожлантиришнинг муҳокама қилинган йўналишлари доирасида иштирокчилар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.