Бугун Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматидаги Вазирлар учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва вакиллари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, сув-энергетика, экологик ва маданий-маданий соҳаларда икки минтақа ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов мазкур анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши тўғрисидаги қарор Марказий Осиё, хусусан, Самарқанд шаҳрининг минтақалараро ўзаро алоқалардаги янги «хаб» сифатида геосиёсий аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор эканлиги ҳамда Европа Иттифоқининг 2019 йилда қабул қилинган Марказий Осиё бўйича Стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, мазкур стратегия амалга оширилишини жадаллаштириш учун қўшма «Йўл харитаси»ни қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Самарқанддаги Вазирлар учрашуви минтақалараро мулоқотнинг янги кун тартибини ишлаб чиқишга ҳамда узоқ муддатли истиқболда самарали ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилашга имкон беришига ишонч билдирилди.