Иш ҳақи миқдорини ошириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳамда фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш мақсадида:

1. 2022 йил 1 июндан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилсин.

2. 2022 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 920 000 сўм;

базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 300 000 сўм этиб белгилансин.

3. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплансин.

Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилсин.

4. Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 августдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ–6279-сон Фармонининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж. А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев