Истиқлол, ҳурлик, озодлик тушунчалари барча халқлар учун алоҳида қимматга эга. Негаки, ана шу улуғ неъмат туфайли ҳар бир халқ ўз ривожланиш йўлини танлайди, ўз тақдирини ўзи белгилайди, улкан марралар сари дадил интилади. Шу боис, бутун халқимиз Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган кунни катта шодиёна, тантана билан нишонлайди.
Шоядки, бугун мана шу муқаддас сана, яъни мустақиллигимизнинг 31 йиллигини ҳам катта зафарлар ҳамда улуғвор режалар билан қарши олмоқдамиз. Шубҳасиз, шу йиллар Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига мустаҳкам тамал тоши қўйилган ва шу йўлда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилган давр сифатида шонли тарихимиздан муносиб ўрин олади. Нега деганда, сўнгги 5-6 йилда қанчалик қийин бўлмасин, барча жабҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар юзага чиқарилди, уларни ҳал этиш бўйича жуда кенг кўламда ислоҳотлар бошлаб юборилди. Давлатимиз раҳбарининг одилона сиёсати, халқимизнинг бунёдкорлиги эвазига тарих учун қисқа бир даврда барча соҳаларда, энг муҳими, одамлар ҳаётида мана шу ислоҳотларнинг амалий натижалари намоён бўла бошлади.
Кишилик жамиятида нимаики қилинар экан, аввало, инсон манфаатлари учун қилиниши, “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил тўлақонли равишда давлат ва жамият ҳаётига чуқур сингиб кетди, олтин қоидага айланди. Албатта, эришилаётган катта-катта ютуқлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин, лекин бутун дунёда кескин рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора авжига чиқиб бораётган бир даврда юртимизда бир маромдаги, барқарор ривожланишни таъминлаш, тинчлик-осойишталикни сақлаш ҳамда прагматик, очиқ ташқи сиёсатни самарали йўлга қўйишнинг ўзи бўлаётгани йўқ. Буни ҳар бир юртдошимиз чуқур англаб етиши зарур. Давлатимиз раҳбарининг, аввало, халқимиз манфаатларини ўйлаб юритаётган адолатли, халқчил сиёсати, юртдошларимизнинг биргаликдаги шарафли меҳнати орқали мана шу ютуқларга эришмоқдамиз.
Президентимизнинг давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорида таъкидланганидек, халқнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир. Шундан келиб чиқиб, истиқлолнинг қадру қиммати ва аҳамияти нимада эканини, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш доимий вазифамиз бўлиб қолмоғи керак.
Негаки, юртимизда кечаётган демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифодалаш, турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, жамиятда тинч-осойишта ҳаётни таъминлаш борасидаги ишлар мазмун-моҳиятидан бохабарлик юртдошларимизда дахлдорлик туйғусини юксалтиради, уларни янада улкан мақсадлар сари руҳлантиради.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоя асосида барча ҳудудларда ташкил этилаётган маънавий-маърифий, маданий тадбирларда парламентимиз аъзолари, жумладан, сенаторларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда. Бўлиб ўтаётган турли учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа оммавий тадбирларда улар одатдаги маърузабозликдан қочиб, янги, таъсирчан усуллардан фойдаланган тарзда аҳоли билан мулоқотга киришмоқда. Ёшлар парламенти аъзолари ўзлари алоҳида чора-тадбирлар режасини тузиб, ўз тенгқурлари, ўқувчи-талабалар, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида уларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган давлат дастурларининг ижобий натижаларини, имкониятларини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтирмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳасини эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари жадал давом этаётган бир даврда ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари — парламент, хусусан, Сенат ҳамда маҳаллий кенгашларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Давлат бошқаруви органлари ваколатида бўлган қатор назорат функциялари унга ўтказилди, янги қўмиталар ташкил этилди. Долзарб ижтимоий-иқтисодий соҳа ва йўналишлар, хусусан, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар, туризм, коррупцияга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ва гендер тенглик, ёшлар, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик бўйича алоҳида ваколатлар белгиланиб, Сенат қўмиталари ихтисосликлари кенгайтирилди. Бу сенаторларнинг масъулиятини оширди, ўз ишига муносабатини тубдан ўзгартирди. Сенат аъзолари бугун халқ орасига кириб бормоқда, юртдошларимиз билан дилдан суҳбатлашиш асносида уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.
Сенат таркибида янгидан ташкил этилган биргина Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси фаолияти бунга яққол мисолдир. Сир эмас, кўп йиллар давомида Оролбўйи минтақасида юзага келган экологик вазиятни юмшатишга унчалик эътибор қаратилмади. Натижада ҳудуддаги ҳолат борган сари оғирлашаверди. Фақат давлатимиз раҳбари ўз фаолиятини бошлаган илк йилданоқ Орол денгизи қуриши билан боғлиқ муаммоларни, минтақа аҳолиси турмуш шароити ва сифатини яхшилашга жиддий киришилди. БМТ бош минбаридан туриб мазкур масалага оид глобал таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Муҳими, улар дунё ҳамжамияти томонидан якдил қўллаб-қувватланди. Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳисоботларини бевосита эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳудуднинг ўзида фаолият юритадиган ушбу қўмита томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги 700 дан ортиқ объект ўрганилди ва уларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Натижада биргина ўтган йилда қарийб 9 триллион сўм ўзлаштирилиб, мингдан ортиқ лойиҳа ишга туширилди ва 8 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Қолаверса, 95 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиши ҳисобига қўшимча 853 та иш ўрни очилди.
Сўнгги йилларда давлат суверенитетини, фуқаролар тинчлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, жамиятда демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари такомиллашди. Қонун ҳужжати лойиҳаси Сенатга киритилгач, тегишли қўмиталар томонидан етук мутахассислар ва тажрибали экспертларни жалб этган ҳолда бафуржа кўриб чиқилмоқда, холис хулосалар берилмоқда. Мамлакатимизда жадал давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўплаб соҳаларга доир мавжуд қонунчилик базасини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Табиийки, шундай бир вазиятда қонунларнинг сонига эмас, сифатига жиддий эътибор қаратиш муҳим саналади. Мазкур талабдан келиб чиққан ҳолда, 2017–2021 йиллар давомида 341 та қонун Сенат ялпи мажлисларида муҳокама қилинди. Ваҳоланки, 2010–2016 йилларда, яъни шунча муддатда 179 та қонун муҳокамаси ўтказилган.
Шунингдек, амалдаги қонунлар ижро ҳолатини мониторинг қилиш амалиёти йўлга қўйилиб, ўнлаб қонунларни бугунги кун талаби асосида қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритилди. Парламент юқори палатаси қўмиталари ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан турли тармоқлар, айниқса, ижтимоий соҳага тааллуқли қонунлар мунтазам мониторинг қилиб бориляпти. Натижалар умумлаштирилиб, ҳукумат вакиллари иштирокида йилда икки марта кенг муҳокама қилинмоқда. Шу тарзда ўтган давр мобайнида 50 дан зиёд қонун тизимли таҳлилдан ўтказилиб, улардаги номувофиқликларни бартараф этиш, замон талабларига жавоб бермайдиган нормаларни янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва ҳукуматга тақдим этилди.
Сенатнинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Натижада парламент ва ҳукумат ҳамкорлиги кучайди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча муҳим масалалари юзасидан ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисобот ва ахборотларини мунтазам эшитиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бу амалда қандай самара бераётгани барчага маълум.
Парламент сўрови институти фаол қўлланилаётгани бу борадаги яна бир ютуғимиз бўлди. Охирги икки йилда турли соҳалардаги долзарб масалалар юзасидан ҳукуматга 31 та, жумладан, шу йилнинг ўзида 5 та парламент сўрови юборилган ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг аксарияти ҳал этилган. Парламент сўровига фақат назорат шакли сифатидагина эмас, балки унда кўтарилган муаммони ҳал қилишда ҳукумат билан амалий ҳамкорлик воситаси сифатида ёндашилмоқда. Қолаверса, сенаторлар томонидан юборилаётган юзлаб сўровлар ҳудудлардаги муаммоларнинг самарали ечим топишига хизмат қиляпти.
Ҳудудлар манфаатларини илгари суриш, уларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалалар устуворлигини таъминлаш учун маҳаллий кенгашларда қонунлар муҳокамасини ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилган. Депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар Сенатнинг масъул қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, кўп ҳолларда қабул қилинмоқда.
Шу тариқа Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан ҳамкорлик кучайтирилди. Бунинг учун ўндан зиёд қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, маҳаллий кенгашлар ваколати кенгайтирилди, уларда доимий фаолият юритувчи алоҳида котибиятлар ташкил этилди. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудлардаги маҳаллий кенгашларга бириктирилиб, улардаги доимий комиссиялар иши Сенат қўмиталари фаолияти билан уйғунлаштирилди. Доимий комиссиялар раислари ва котибиятлар вакиллари Сенат ялпи мажлисларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда маҳаллий кенгашлар депутатлари учун махсус ўқувлар йўлга қўйилди.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, халқаро майдондаги нуфузини ошириш билан боғлиқ қатор муҳим йўналишларда ҳам Сенат зиммасига алоҳида масъулият юкланган. Хусусан, гендер тенгликни таъминлаш, одам савдоси, мажбурий меҳнат ҳамда коррупцияга қарши курашиш, халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш, барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича ташкил этилган миллий комиссиялар ва кенгашлар фаолиятига Сенат Раиси раҳбарлик қилмоқда.
Сенат хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, 2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, олий даражадаги ташрифлар натижасида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш, жумладан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши каби муҳим йўналишларда ҳам фаол иш олиб бормоқда.
Бугун айрим давлатлар ўртасида қарама-қаршилик, миллий ва диний зиддиятлар авжига чиқиб бораётган бир даврда халқ дипломатияси ҳар қачонгидан кўра, муҳим аҳамият касб этади. Парламентлараро йўлга қўйилган ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан бири ҳам дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстона муносабатни кенгайтиришдан иборат.
Жумладан, Парламентлараро иттифоқ, МДҲ парламентлараро ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеяси каби халқаро тузилмалар билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди. Улар билан биргаликда қатор халқаро форум ва анжуманлар ўтказилди. Бухоро шаҳрида ўтказилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” ҳамда Самарқанд шаҳрида кенг жамоатчилик ва дин арбоблари иштирокида ташкил этилган “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли” каби мавзулардаги йирик халқаро форумларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти тузилди. Унга илк раислик қилган Ўзбекистон томонидан мулоқот доирасида 10 дан ортиқ тадбир ўтказилиб, 8 та якуний ҳужжат қабул қилинди. Уларда минтақа аёлларининг давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, фан, санъат, гендер тенглик, умуман, барқарор ривожланиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар қамраб олинган.
Халқаро алоқаларимиз ҳақида сўз борганда, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган 25 та парламентлараро гуруҳ ва 2 та комиссия фаолияти йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, Россия Федерал Мажлиси билан парламентлараро қўшма комиссия фаолияти қайта тикланди, АҚШ Конгрессида Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи тузилди. Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси ва бошқа шу каби нуфузли халқаро парламент тузилмалари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз кенгайиб бормоқда.
Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хотин-қизлар форумида ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро муносабатларни кенгайтиришда хотин-қизлар салоҳиятини тўлиқ сафарбар этиш, ШҲТ маконида инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни янада фаоллаштиришга қаратилган қўшма коммюнике қабул қилинди.
Ўтган йили Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг Венада бўлиб ўтган саммитида мазкур форматдаги навбатдаги 14-саммитни Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилган эди. Ушбу халқаро анжуманнинг илк бор МДҲ ҳудудида, айнан юртимизда ўтказилаётгани ҳам мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда жамиятни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилаётганига ёрқин мисол бўла олади. Жорий йил сентябрь ойида “Парламентнинг етакчи роли: янада самарали барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда хавф-хатарни баҳолаш” мавзусида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро тадбирда дунёда юзага келган бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда энг долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Сўнгги йилларда халқимиз Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан марралар сари дадил одимламоқда. Турли ҳудудларда қурилаётган йирик иншоотлар, қад ростлаётган муаззам иморатлар Ўзбекистоннинг нақадар юксакликка интилаётганини, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти нақадар буюклигини намоён этмоқда.
Яқинда Самарқанд шаҳрида давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган, уни оммавий ахборот воситалари орқали томоша қилган миллионлаб юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғулари янада юксалди
Боқий шаҳар” мажмуаси, унинг теварагидаги катта майдонни эгаллаган, энг замонавий талабларга жавоб берадиган кўркам бинолар, Улуғбек астрономия мактаби вакилларининг тадқиқотлари натижаси бўлган буюк мерос — “Зижи жадиди Кўрагоний” тимсолидаги кўркам амфитеатр, қадимий Самарқанднинг бетакрор қиёфасини гавдалантирган обидалар, муаззам туризм маркази, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз номидаги меҳмонхона, янги “Samarqand city” манзаралари ҳар қандай кишини ҳайратлантиради, ҳаяжонга солади. Шубҳасиз, буларнинг бари яна ўз мавқеига қайтаётган, халқимизнинг буюк тарихи ҳамда бугунги фаровон замонни ўзида уйғунлаштирган Самарқанд дунёдаги энг қадимий, энг гўзал ва обод шаҳар, “Ер юзининг сайқали” сифатида ўз ўрнини янада мустаҳкамлашига хизмат қилади.
Президентимиз бу каби лойиҳаларни Бухоро шаҳрида, юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга ошириш режалаштирилаётганини алоҳида таъкидлади. Зотан, бунёд этилаётган мана шундай улуғвор обидалар, осмонўпар бинолар ҳамда аҳоли учун барча қулайликларга эга “Янги Ўзбекистон” массивлари ватандошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларни юксалтириш, инсон қадрини улуғлаш каби эзгу ғояларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодасидир.
Танзила Норбоева,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси