БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади

11 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжатни Нью-Йоркда ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов тақдим этди.

Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳрида 2021 йил июль ойида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари ушбу муҳим анжуманда сўзга чиқиб, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг тарихий яқинлигини қайд этиб, ушбу муносабатларни ўзаро ишонч ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаганди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти тегишли резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва БМТ Бош Ассамблеясига киритиш, унда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги мулоқотнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойиллари ва йўналишларини белгилаб қўйишни таклиф қилган эди.

Ўтган йил Тошкент конференциясида дунёнинг 50 та давлатидан мисли кўрилмаган таркибда делегациялар иштирок этганини таъкидлаш лозим. Конференциянинг 600 га яқин делегатлари орасида давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар етакчилари бор эди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, ўзаро боғлиқлик Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо, иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишда муҳим роль ўйнашини, узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Эътиборлиси, резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди, балки дунёнинг турли қитъаларида жойлашган 40 га яқин мамлакат ҳаммуаллифлигида қабул қилинди. Бу давлатимиз раҳбари ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилганининг халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилганининг ифодаси бўлди. Ўзбекистон томонидан тайёрланган ҳужжатга ҳаммуаллиф бўлган давлатлар орасида Озарбайжон, Арманистон, Ангола, Вьетнам, Вануату, Гана, Куба, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Кот-д’Ивуар, Қатар, Миср, Эрон, Непал, Малайзия, Монголия, Марокаш, Покистон, Россия, Сенегал, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Шри-Ланка, Филиппин ва бошқалар бор.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош маслаҳат органи томонидан қабул қилинган резолюцияда ушбу олий даражадаги конференция ўтказилиши ва унинг якунида икки минтақа ташқи ишлар вазирлари томонидан маъқулланган қўшма баёнот юксак баҳоланган.

Ҳужжатда Вена декларацияси ва унинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун 2014-2024 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги, шунингдек, иқтисодий ўсишни жадаллаштиришда ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар, уларнинг ноёб транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқаришда транспорт ва транзит йўлакларининг юқори аҳамияти таъкидланган.

Бундан ташқари, қарорда минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳудудий ташкилотларнинг муҳим ўрни эътироф этилган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Президентининг 2022 йилни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилиш бўйича ташаббусига юксак баҳо берилган.

Резолюцияда Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ўрнатишдаги роли, шунингдек, мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ушбу мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувининг муҳимлиги ҳам урғуланган.

Ҳужжатда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш, денгиз портларига қулай, барқарор ва хавфсиз йўналишларни очадиган янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича асосий қоидалар ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳужжатда барқарор ривожланишга, жумладан, тоза энергия ҳосил қилиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича технологиялардан фойдаланишга имконият яратиш орқали ўзаро тажриба алмашиш муҳимлигига алоҳида урғу берилгани эътиборни тортади.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг жорий йил 25-26 июль кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказиш ниятини олқишлади. Ушбу форум Афғонистонга зарур ёрдам кўрсатиш ва уни минтақавий жараёнларга фаол жалб этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда яна бир амалий қадам бўлишига ишонч билдирилди.

Резолюция, шунингдек, БМТга аъзо барча давлатларни Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликка умумий таҳдидлар ва хавф-хатарларга қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақиради.

Мазкур резолюциянинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан қабул қилингани Ўзбекистон раҳбариятининг икки минтақа ўртасида тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, барқарорлик ва хавфсизликка умумий таҳдидларга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган давлат сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол ифодаси бўлди.