Мамлакатимиз Бош консулхонада 18 ноябрь -Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан «Муқаддасдир Ватан байроғи» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Манғистау вилоятидаги «Пахтакор» ўзбек этно-маданий бирлашмасининг фаол аъзолари, Ш.Есенов номидаги Каспий давлат технологиялар ва инжиниринг универиситетида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда Манғистау вилоятида вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбати қатнашчиларини мамлакатимиз Бош консули Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан самимий табриклар экан, ушбу давлат рамзи шонли тарихимиз, миллий қадирятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуларни ўзида мужассам этганини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, ватандошлар давлатимиз асосий рамзи бўлган байроғимиз хориждаги ватандошларни бирлаштиришини, уларнинг қалби она Ватанимизга бўлган садоқат ва муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашини таъкидлашди.