Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан Хитойда бўлади
Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигининг замонавий босқичи 1992 йил 2 январда, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида Хитой Халқ Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатган онлардан бошланди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг тарихий илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади ва бугунги кунда ҳозирги босқичда самарали, ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Минтақаларни боғлаб турган, ўзаро ҳамкорлик ва маданий алмашинувга туртки бўлган қадимий Ипак йўли бугунги кунда янгича аҳамият касб этиб, ўз навбатида мамлакатлар ва халқлар ўртасида иқтисодий, маданий ва гуманитар кўприк бўлиб хизмат қилишни давом этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитойнинг халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, глобал хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича позиция ва ёндашувлари ўхшаш. Хитой Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлини, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Икки давлат БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, «Марказий Осиё-Хитой» формати ва бошқа кўп томонлама халқаро тузилмалар доирасида ҳам яқин алоқаларни мустаҳкамлаган ҳолда умумий манфаатларни ҳимоя қилиб, бутун дунёда хавфсизлик ва тараққиётга эришишга ижобий ҳисса қўшмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой ШҲТни ташкил этишда фаол қатнашган ва икки томонларнинг илгари сурилган ташаббус ва таклифларни амалга оширишда ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаяпти.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг замонавий ривожланишида давлатларимиз раҳбарлари ўртасида ўрнатилган ишончли ва яқин дўстона мулоқот муҳим роль ўйнамоқда.
Сўнгги етти йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Цзиньпин кўп томонлама саммитларда учрашдилар, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро давлат, расмий ва амалий ташрифлари бўлиб ўтди, қатор телефон мулоқотлари амалга оширилди.
ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2022 йил сентябрдаги Ўзбекистонга ташрифи, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ва 2023 йил май ойларида Хитойга буюрган давлат ташрифлари икки томонлама муносабатлар ривожида кучли туртки бўлди.
Юқори даражадаги ўзаро алоқалар ҳам ҳамкорликнинг динамикаси ва барқарорлиги билан ажралиб турибди. Парламентлараро ҳамкорлик фаоллашди. 2017 йил май ойида Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ тузилди. Самарали парламентлараро мулоқот давом этмоқда, парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари алмашиляпти.
2019 йилда ҳукуматлараро алмашинуви доирасида Бош вазир Абдулла Ариповнинг Хитойга ва ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцяннинг Ўзбекистонга расмий ташрифлари, шунингдек, 2021 йил июнь ойида ҳукумат раҳбарларининг онлайн учрашуви бўлиб ўтди. 2022 йил августда эса Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Хитой Ҳукуматлараро қўмитасининг 6-мажлиси онлайн тарзда ташкил этилди.
2023 йил октябрь ойида Бош вазир Абдулла Арипов XIX Осиё ўйинларининг ёпилиш маросимида иштирок этиш учун Хитойга ташриф буюрди ва ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар механизми яратилган ва у муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ушбу форматда жами 17 давра учрашувлари ўтказилди. «Марказий Осиё – Хитой» формати доирасида ҳам ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўртасида самарали мулоқот йўлга қўйилган.
2023 йил ноябрь ойида Пекинда икки давлат ТИВ раҳбарларининг биринчи Стратегик мулоқоти бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида Гуанчжоу шаҳрида бизнес-форум ва Шанхайда икки давлат ишбилармон доира вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ва савдо шериги ҳисобланади. 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,2 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 34 фоизга ошди.
2011 йилдан буён Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Хитой Ҳукуматлараро қўмитаси доирасида томонлар ривожланиш масалалари ва амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиб келмоқда.
Қайд этиш керакки, Хитой Ўзбекистондаги энг йирик сармоядорлардан биридир. 2017-2022 йилларда Хитой сармояларининг ўзлаштирилган умумий ҳажми салкам 11 миллиард долларга тенг бўлди. Тўғридан-тўғри Хитой сармоялари бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг кўплаб тармоқларида, жумладан, кимё саноати, нефть-газ сектори, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Республикамизда йирик сармоявий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган Хитой компаниялари сони муттасил ортиб бораётир. Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида 2 минг 125 корхона фаолият юритяпти. Хусусан, 2023 йилда Хитой капитали иштирокида 601 та янги корхона ташкил этилган.
Икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналишдан бири – бу камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликдир. Мазкур жабҳада Ўзбекистон томони Хитой Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Декабрь ойи охирида Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Хитой Ҳукуматлараро қўмитаси доирасида Камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича қуйи қўмитанинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг апрель ойида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Сирдарё саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт соҳаларида «илғор инновациялар ҳудуди»га айланиши кераклигини таъкидлаган эди. Бу жараёнда саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт соҳаларида мисли кўрилмаган ютуқларга эришган Хитойнинг катта тажрибасидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
Шу муносабат билан 2023 йил июнь ойида Гулистон шаҳрида Хитойнинг «Хуавэй», «ТиБиИЭй», «СиСиСевен» ва бошқа етакчи компанияларининг 250 нафар вакиллари иштирокида «Сирдарё–Хитой» бизнес-форуми бўлиб ўтди. Форум якунлари бўйича умумий қиймати 322 миллион долларлик 30 га яқин битимлар имзоланди.
Хитой–Ўзбекистон ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан яна бири транспорт-коммуникация соҳасидир. У Ўзбекистоннинг ўзини «денгизга чиқмайдиган мамлакат»дан «қуруқлик билан боғланган мамлакат»га айлантириш манфаатларига, шунингдек, Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси концепциясига тўлиқ жавоб беради.
Мазкур ташаббус доирасида Ўзбекистонда хитойлик ҳамкорлар иштирокида мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиёдаги энг узун туннелга эга бўлган «Ангрен–Поп» темир йўл линияси қурилди. «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» транспорт йўлаги тоғларни кесиб ўтувчи халқаро артерияга айланиб бормоқда. «Марказий Осиё – Хитой» газ қувурининг тўртта йўналиши ҳам Ўзбекистон ҳудудидан ўтиб, қўшни давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар учун намуна бўлмоқда.
Минтақаларимизни асрлар давомида боғлаб турган Буюк ипак йўли Шарқ ва Ғарб ўртасида тинчлик, ҳамкорлик ва очиқлик рамзи бўлиб, ўзаро савдо, маданий ва илмий алмашинувга хизмат қилган. Қадим замонлардан бери мазкур йўл орқали Ўзбекистон ва Хитой ўзаро дўстлик ва маданий алоқаларни давом эттириб келаяпти.
Бугун Ўзбекистон ёшлари хитой тилини ўрганишга катта қизиқиш билдиряпти, ўз навбатида хитойликларнинг ҳам ўзбек тилини ўрганишга иштиёқи баланд. Ушбу омиллар ўзаро билим алмашинуви ва маданий алоқаларни рағбатлантиради. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида ташкил этилган Конфуций институтлари Хитой маданияти ва тилини ўрганишнинг асосий марказларига айланди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Хитойда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш кучайиб, Марказий Миллатлар университети ва Пекин хорижий тиллар университети, Шанхай халқаро тадқиқотлар университети каби таълим муассасаларида муваффақиятли ўқитилмоқда. Шунингдек, мамлакатдаги нуфузли таълим муассасаларидан бирида Хитойда ихтисослаштирилган ўзбек тили кафедраси мавжуд. Бу қизиқиш Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хитойлик талабалар сони ортиб бораётганида ва икки давлат ўртасида билим алмашиш ва маданий алоқаларни ривожлантиришда яққол намоён бўлаяпти.
2022 йил 18 май куни Сиань шаҳрида «Марказий Осиё – Хитой» биринчи саммити доирасида «Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили»нинг расмий тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Жорий йил доирасида қатор маданий тадбирлар, концерт ва фестиваллар, кўргазмалар, гастрол алмашинуви ва ўзбек маданиятининг тақдимотлари уюштирилди.
2023 йил май ойида Пекиндаги «Beijing Opera House»да Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театри оркестри жамоасининг концерти бўлиб ўтди. 2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Хитойнинг Гансу провинциясининг Дуньхуан шаҳрида бўлиб ўтган «Ипак йўли» VI халқаро ЭХПО кўргазмасида қатнашди.
2023 йил сентябрь ойида Пекиндаги «Гугун» император саройи музейида «Археологик ҳамкорлик – Бир макон, бир йўл» кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон тарихий мероси «Олтин фонди»дан ўрин олган 18 та экспонат намойиш этилди.
Ўз навбатида, 2023 йил октябрь ойида маданият ва туризм вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида «Хитой маданияти кунлари» бўлиб ўтди.
2023 йил 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистондан 380 нафардан зиёд атлет спортнинг 39 турида муваффақиятли иштирок этди. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 22 олтин, 18 кумуш ва 31 бронза медаллари қўлга киритиб 5-ўринни эгаллади.
Иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши Хитойда Ўзбекистонга, унинг тарихи ва анъаналарига бўлган қизиқишнинг ошишига ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилда мамлакатимизга 40 мингдан зиёд хитойлик сайёҳ келгани шундан дарак беради.
Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Хитойнинг инглиз тилида босиладиган нуфузли «Global Times» газетаси ёзганидек, 2023 йил Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари тарихида муҳим давр бўлди. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг Хитойга бўлажак давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликдаги муваффақият ва ютуқларни мустаҳкамлайди, шунингдек, икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида самарали ҳамкорликнинг кейинги янги истиқболларини очишга хизмат қилади.
«Дунё» АА