Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоя асосида амалга оширилиши белгилаб олинди.
Ҳеч шубҳасиз, мустақиллик йиллари халқимиз минг йиллар давомида орзу қилиб келган озодлик, эрк ва эркинлик йўлидаги курашларининг мантиқий натижаси бўлди. Бу йиллар мобайнида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда улкан ютуқларга эришилди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айланди.
Олти-етти йил аввал бошланган янгиланишлар, халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилаётган ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дадил қадамлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам кўтаринки кайфият билан кутиб олинмоқда.
Бугун халқимиз янги Ўзбекистон аслида янги ҳаёт учун кураш эканини, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларсиз барча соҳаларда узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш асло мумкин эмаслигини яхши англаб турибди.
Қолаверса, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳар бир кун биз учун авваллари хаёлимизга ҳам келмаган имконият ва истиқболларни яратиб бермоқда. Шу нуқтаи назардан, юқорида номи қайд этилган қарорда ўтган қисқа, аммо тарихий жараёнлар, ислоҳотларга бой давр мазмун-моҳиятини очиб бериш лозимлиги таъкидланади. Мазкур вазифани “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” ҳаётий шиори моҳияти ва аҳамияти ила очиб берилишига эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.
Шундай экан, вазифамиз ана шу икки даврни адолат тамойилларига амал қилган ҳолда холис таҳлил қилишдан иборат. Таҳлилларни “Кеча” (1991–2016 йиллар) ва “Бугун” (2016 йилдан сўнг) рукни остида амалга оширамиз. Уларнинг айримлари қуйидагилардан иборат:
Кеча мамлакатимизда мажбурий меҳнат авж олгани билан ажралиб туради. 1930 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-конвенциясида, кейинчалик унинг 2014 йилдаги қўшимча баённомасида мажбурий меҳнат қаттиқ тақиқланган, уни амалга ошириш инсон ҳуқуқларини поймол қилишдан иборат экани қайд этилган бўлса-да, узоқ йиллар давомида бу масалага бизда эътибор берилмади.
Айниқса, оқ пахта биз учун “қора доғ”га айланди. Вазият шу даражага етдики, 2010 йилда мамлакатдаги ва хориждаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиш бўйича петицияга имзо чекди.
Мазкур даврда ижтимоий ҳаётнинг қайси жабҳасида бўлмасин, ходимларни асосий иш фаолиятидан иш пайтида ажратиб олиб, гўё “ижтимоий фойдали меҳнат” баҳонасида турли вазифаларни бажаришга мажбур қилиш одатий ҳол бўлиб қолди. Бу, айниқса, таълим тизимининг барча бўғинларида, соғлиқни сақлаш соҳасида авж олди. Мактаб ўқитувчилари ўз фаолиятининг қарийб чорак қисмида қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш, бошқа ташкилотлар функционал вазифаларига кирган топшириқларни бажаришга мажбур бўлди.
Натижада таълим сифати кескин пасайиб кетди. Ўқитувчи, мураббийларнинг таълим тизимидан бошқа соҳаларга ўтиб кетиши кўпайди. Таълим сифати тушиб, ўқувчиларнинг илғор мамлакатлардаги ўз тенгдошларидан билим савияси бўйича кўрсаткичлари пастлаб кетди.
Бугун эса давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Аслида мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича жиддий ишлар 2017 йилнинг аввалиданоқ бошланган эди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг фаол ҳаракатини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.
Халқаро ташкилотлар, экспертлар Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлаб турди. 2022 йил 10 март куни мажбурий меҳнатнинг бекор қилингани, раҳбариятнинг мазкур масала бўйича қатъий муносабатини эътиборга олиб “Cotton Campaign” халқаро каолицияси Ўзбекистон пахтасига жорий этилган бойкотни бекор қилди. Шундай қилиб, 12 йил давом этган бойкот барҳам топди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида эришган катта ва салмоқли ютуғи бўлди.
Мазкур масалада Ўзбекистон раҳбариятининг муносабати қатъий экани янги таҳрирдаги Конституция мисолида ҳам кўринди, унда мажбурий меҳнат тақиқланди.
Кеча биз учун кўплаб масалалар, бажарилиши қийин бўлган вазифалар атайин жамиятдан яширилди. Шунинг учун ҳам бу даврда “ёпиқ мавзу”лар сони талайгина бўлди. Ана шундай “ёпиқ мавзу”лардан бири камбағаллик масаласи эди. Инсон ҳар доим яхши яшашга, фаровон турмуш кечиришга, бировдан кам бўлмасликка ҳаракат қилади.
Бироқ, Ўзбекистон шароитида биз “камбағаллик” сўзини ишлатишга шошмадик. Аниқроқ айтадиган бўлсак, биз ўзимизни ўзимиз алдадик, расмий маълумотларда бу ҳақда ахборотлар беришни эп кўрмадик. Камбағаллик сўзи ўрнига “эҳтиёжманд”, “кам таъминланган” каби сўзларни ишлатишга мажбур бўлдик. Бу омил расмий доираларда муайян даражада хотиржамлик кайфиятини пайдо қилган бўлса-да, аҳолининг камбағаллик даражаси, шунга мос равишда ижтимоий норозилик йилдан йилга ортиб бораверди.
Бугун эса Ўзбекистон ҳукумати катта сиёсий ирода кўрсатиб, камбағаллик муаммоси мавжуд эканини, у узоқ йиллар давомида шаклланган, ўта аянчли ҳолатга айланиб бораётганини баралла айтишдан чўчимади. Тарихимизда илк бор мазкур масала 2020 йил 24 январда Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарилди. Ана шу пайтдан бошлаб бу масала Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий сиёсатининг энг долзарб масаласига айланди.
Айримларда аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий нафақа тизимини яхшилаш, турли имтиёзлар бериш билан камбағаллик муаммосини ҳал этса бўлади, деган фикр бор. Масалага бу тахлит ёндашув бир ёқламадир. Бунинг натижасида айрим масалаларни муайян макон ва вақт ҳолатида ҳал этиш мумкиндир. Лекин бундай ёндашув жамиятда йиллар давомида шаклланган камбағаллик муаммосини асло ҳал этмайди. Камбағалликни камайтиришнинг энг ишончли ва тез ҳал этиш йўли эса аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.
Ўзбекистонда камбағалликни кисқартириш бўйича хориж тажрибаси жиддий ўрганилди. Унинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилди, камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усули, аҳоли моддий таъминотининг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини пухта ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотларнинг 14 эксперти жалб қилинди. Бугунги кунда 2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш концепцияси асосида жиддий ишлар амалга оширилмоқда.
2022 йил якунларига кўра камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайган. Йил давомида 200 минг тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 10 минг корхона фаолияти кенгайтирилди, 11 мингтасининг қуввати тикланди. Олиб борилган ишлар натижасида бугунги кунга келиб 1 миллион киши камбағалликдан чиқарилди.
Кеча ниҳоятда катта имкониятларга эга бўлган ҳолда мамлакат иқтисодиёти, хусусан, саноат соҳасидаги туб ислоҳотлар Ўзбекистонни саноати ривожланган давлатга айлантиришга имкон бермади. Шу билан бирга, мавжуд саноат соҳаси мамлакат ва аҳолининг тобора ортиб бораётган табиий эҳтиёжларини қондира олмади. Айниқса, давлат корхоналари трансформацияси ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш юз бермади. Самарасиз корхоналар сони йилдан йилга ортиб бораверди.
Ўзбекистон саноатини ривожлантиришнинг фундаментал драйверлари яратишда сусткашликка йўл қўйилди. Соҳага замонавий, юксак техника ва технологиялар жорий этилишидаги камчиликлар эса меҳнат унумдорлигини оширишга йўл қўймади.
Ялпи ички маҳсулот таркибида саноат ишлаб чиқариши соҳаси улуши 2016 йилда 19,5 фоизни ташкил этган, холос. Саноат ишлаб чиқариш соҳасига жалб этилган инвестициялар ҳажми 2010 йилда аранг 4,9 триллион сўм бўлган.
Бугун эса янги Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг энг муҳим йўналиши бўлган саноат соҳасини ривожлантириш асосий вазифага айланди. Мамлакатимиз аграр-индустриал давлатдан индустриал-аграр давлатга айланди. Саноат соҳасидаги сиёсатни самарали юритиш, уни инновацион асосда ташкил этиш, ривожлантиришда драйвер ва ўсиш нуқталарини белгилаб олиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб этиш орқали саноат тармоқлари рақобатбардошлиги ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Бундай муваффақиятга эришишда ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмини ташкил этувчи саноат соҳаси улуши сезиларли бўлди.
Ҳозир жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, Ўзбекистон саноати жадал ўсмоқда. Масалан, 2022 йилда саноат ишлаб чиқариши физик ҳажми индекси ўсиши 5,2 фоизни ташкил этга бўлса, бу кўрсаткич Қозоғистонда 1,1 фоиз, Россияда 0,6 фоиз, Озарбайжонда 1,1 фоиз пасайган. Мамлакатимизда саноат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ютуқлар салмоғи тобора ортиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда саноат ишлаб чиқариши ҳажми 551,1 триллион сўмга етди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич авваллари 63 миллиард сўм эди, холос. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноат ишлаб чиқариши соҳасининг улуши 2022 йилда 26,7 фоизни ташкил этди, соҳага жалб этилган инвестициялар ҳажми жорий йилда 124,6 триллион сўмга етди.
Кеча “мамлакат хавфсизлигини таъминлаш” баҳонасида ўта қаттиқ ва мутлақо мантиқсиз паспорт тизими амал қилди. Ўша даврда Ўзбекистон ҳудудида 60 дан ортиқ текшириш пункти ташкил этилди. Жумладан, Хоразмдан Тошкент шаҳригача 17 та, Фарғона водийсидан пойтахтгача 8 та шундай пункт фаолият кўрсатди. Бундай пунктларнинг вазифаси давлат ва миллат хавфсизлигига “раҳна солаётган шубҳали шахслар”ни аниқлаш, уларнинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланишига йўл қўймаслик эди.
Вазият шу даражага етдики, одамлар ўз яқинларининг жаноза тадбирларига, тўй-маъракаларига ҳам бора олмай қолди. Баҳона битта: текширилувчининг ё паспорти ёдидан чиқиб қолган ёки бундай шахслар текширувчиларда шубҳа уйғотган.
Табиийки, бундай ҳолат одамларимизда ҳақли норозиликлар келтириб чиқарарди. Айниқса, хориждан келган меҳмонларнинг бундай пунктлардан ўтишидаги жиддий муаммолар вазиятни янада кескинлаштирар, уларда Ўзбекистонга ишонч кайфияти сўнишига сабаб бўларди.
Бугун эса ўша текширув пунктлари тугатилди. Машҳур қизиқчимиз айтгани каби “энди фуқароларимиз ўзларини бемалол ўзбекистонликмиз, дея оляпти”. Бугун йўлларимизда ҳеч қандай пунктлар, постлар, сунъий тўсиқлар йўқ.
Текширув пунктлари тугатилиши оқибатида одамлар орасида муайян даражада шаклланиб бораётган ишончсизлик кайфияти йўқолди, аҳоли ва куч ишлатар органлар ўртасида ўзаро ишонч ва самимийлик ришталари пайдо бўлди.
Кеча одамларимиз ўз пешона тери билан ишлаб топган пулини нақдлаштириш борасида азоб чекди. Банклар бу вазифани уддалаб беролмади. Дўконлардан маҳсулот оладиган бўлсак, уларни нархидан 10 фоиз қиммат олишга мажбур бўлдик. Бозордан маҳсулот сотиб олишдан ҳам мураккаброқ муаммо йўқ эди.
Бугун эса ўша муаммо таг-туги билан ҳал бўлди. Барча қишлоқ-шаҳарларда пластик карталардаги пулларни нақдлаштиришни кечаю кундуз амалга ошириш имконияти яратилди.
Айни пайтда пул-кредит сиёсати соҳасида кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан, тўлов тизимлари ривожлантирилди, чет эл валютасини сотиб олиш имкони яратилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, узлуксиз ишловчи автоматлаштирилган банкоматлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади.
Кеча мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича муайян ишлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхати тузилди, уларнинг муносиб турмушини ташкил этиш бўйича чоралар кўрилди. Қатор-қатор дастурлар, концепциялар яратилди. Бироқ, бу ишлар самара бермади. Юқорида қайд этганимиздек, камбағаллик даражаси пасаймади, аксинча, салмоғи ортиб бораверди. Турар жойи бўлмаганлар сони йилдан йилга кўпайди. Ишсизлик муаммоси ҳал этилмади. Ҳар йилги ҳисоботларда иш билан таъминланганлар сони 700 мингдан бир миллион кишигача этиб тақдим қилинган бўлса-да, реал ҳаётда уларнинг сони жуда кам эди.
Бугун эса инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор ва муқаддас мақсадига айланди. Жамият қурилиши ва давлат бошқарувида ана шу муҳим ва эзгу ғояга суянилмоқда. Бундай сиёсат “давлат – инсон учун” ва “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Давлат бюджетининг асосий қисми ижтимоий соҳага ажратилмоқда. 2023 йили давлат бюджетидан 130 триллион сўм, яъни жами харажатларнинг салкам 50 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, уларнинг ҳар бир қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим механизми жорий қилинди. Хусусан, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугун 2 миллиондан ортиқ оилага кўмак бериляпти. Ажратилган маблағ эса 7 баробар кўпайди.
Алоҳида эътибор кам таъминланган оилалардаги болаларга қаратилмоқда. Бундай болаларни парваришлаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача этиб белгиланди, мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробар оширилди.
Масаланинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалалари ҳуқуқий кучга айлантирилди. Умуман, Бош қонунимизда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробар ошди.
Ўзбекистонда давлатнинг аҳоли ижтимоий ҳимоясини тўлақонли равишда таъминлашга доир фаолиятида, сўзсиз, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги фармони билан Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши катта воқеа бўлди.
Кеча минг йиллар давомида ўзаро қардошлик муносабатларини йўлга қўйиб келган, анъанавий тарзда борди-келди алоқалари асосида яшаган қардошларимиз – Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон билан чегараларимиз берк эди.
Ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган манзара: 2014 йил, Наманган вилоятининг Косонсой тумани. Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасининг бир томонида муштипар она, чегаранинг нариги тарафида бир неча йиллар аввал қўшни давлатга келин бўлиб тушган қиз бир-бирига қараб юм-юм йиғлаб турибди. Қиз ўз фарзандига тўй қиляпти. Она эса набираси тўйида иштирок этишдан бенасиб – ўртада чегара бор.
Бундай ҳолатни кўришнинг ўзи азоб. Афсуски, ана шундай вазиятни барча қўшни давлатлар чегараларида ҳам кўриш мумкин эди. Қанчадан-қанча ватандошларимизнинг юрак-бағри эзилиб кетди-я!
Бугун эса сунъий равишда қўйилган ва қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатган барча тўсиқлар олиб ташланди. Тўғри, давлат чегаралари муқаддас, уларни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг бурчимиз. Ўзбекистон Қозоғистон билан 2356, Қирғизистон билан 1476, Тожикистон билан 1282, Туркманистон билан 1831 километр чегарага эга. Унинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилиш фуқаролик вазифамиздир. Бироқ, бугун бутун дунёда кучли глобаллашув жараёни кетаётган бир даврда давлат фақат ўз қобиғида яшаши мутлақо мумкин эмас. Айниқса, асрлар давомида бир дарёдан сув ичиб, қуда-анда бўлиб кетган халқларни қандай ажратиб ташлаш мумкин?
Шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватлади. 2017 йил Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаралар очила бошлади. 2019 йилга келиб Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги 17 та назорат-ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланди. Худди шундай ишлар бошқа қўшни давлатлар билан чегараларда ҳам амалга оширилди.
Кеча Ўзбекистонда кичик ватани – ўз уйига эга бўлмаган юз минглаб оила бор эди. Одамларни муносиб уй-жой билан таъминлаш ҳақида кўп гапирилса-да, муаммони реал ҳаётда амалга ошириш имкони бўлмади.
Каталакдек уйларда уч-тўртталаб оила ўнлаб ёш болалари билан яшар, муносиб турмуш учун уларда на санитария-гигиена қоидаларига амал қилинар, на нормал ижтимоий муҳит бор эди. Ҳаётнинг оғирлигидан оилавий келишмовчиликлар кучайиб, ажралишлар салмоғи йилдан йилга ортиб борди.
1991–2016 йилларда Тошкент шаҳрида 77,2 минг хонадонли 1287 та кўп қаватли уй қурилди, холос.
Бугун мамлакатимиз катта қурилиш майдонига айланди. Натижада сўнгги 6 йилда мамлакатимиз бўйича 300 мингта ёки аввалги йиллардагига қараганда 10 баробар кўп уй-жой бунёд этилди. Мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, барчасида уй-жой қурилиши жадал давом этмоқда. Баъзан одам ҳайрон қолади: наҳотки, Ўзбекистонда ўз кичик ватани – уй-жойга эга бўлмаганлар шунчалик кўп бўлса?
Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай эди. Бугун Ўзбекистонда ҳар бир оилани уй билан таъминлаш давлат олдидаги энг катта вазифага айланди. Шу маънода, Президентимиз 2023 йил 13 апрелда имзолаган “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни алоҳида таъкидлаш лозим.
Кеча аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш борасида муайян ишлар қилинган бўлса-да, бу борада тўлақонли фаолият кўрсатиш имконияти йўқ эди. Кўплаб ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилинган, уларнинг самарадорлик даражаси эса паст бўлди.
Маданият масканларини бошқаришнинг ҳуқуқий базаси жуда эскирган, маданият ва санъат ходимларини ижтимоий ҳимоялаш тизими яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Узоқ йиллар давомида “Маданият тўғрисида”ги қонун қабул қилинмади.
Бугун эса маданият ва санъат том маънода давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. 2017–2023 йиллар мобайнида маданият ва санъат соҳасига оид 4 та қонун, Президентнинг 35 дан ортиқ фармон ва қарори, ҳукуматнинг 100 дан ортиқ қарор ва фармойиши қабул қилинди.
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора 2021 йил 23 январда “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланди, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилди. Илк маротаба 15 апрель Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.
Миллий ва жаҳон маданияти намуналари билан аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Халқаро фестиваллар дирекцияси, “Баҳор” давлат рақс ансамбли фаолияти қайта тикланди. Шунингдек, Ўзбек миллий мақом санъати ва Республика бахшичилик санъати марказлари ҳамда унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада институти, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари ташкил этилди.
Кеча мамлакат таълим тизими муаммолар гирдобида ўралашиб қолган эди. 2016 йилда болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш даражаси 27 фоиздан ошмасди. Бундай муассасаларнинг моддий-техник базаси ўта ночор бўлиб, бинолари деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган, боғчаларни малакали тарбиячилар билан таъминлаш барчани ташвишга соларди. Хусусий мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш амримаҳол эди.
Мактаб таълим тизимидаги аҳвол эса ундан ҳам баттар эди. 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури замонавий талабларга жавоб бермас, унинг концептуал жиҳатлари аллақачон эскирган бўлиб, самарадорлик даражаси жуда паст бўлган.
Касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш бирор самара бермади.
Олий таълим тизимидаги аҳвол ҳам деярли қониқарсиз эди. 2016 йилги маълумотларга кўра, ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан ошмади. Шу даврда мамлакатимизда бирорта ҳам нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилмади. Сиртқи таълим тизими ёпилди.
Бугун эса таълим тизими том маънода янгиланмоқда. 2023 йилги маълумотларга кўра, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 72 фоизга етди.
Мактаб таълимида қисқа вақт ичида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилди, мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган 200 га яқин мактаб ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил этилди.
Мактаб таълими яхшиланишига таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келиши, дарсликларнинг энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланиши, мактабларга минглаб хорижий муаллимлар таклиф этилиши алоҳида роль ўйнади. Айниқса, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилиши ушбу соҳа мутахассислари нуфузини янада оширди.
2022 йилги маълумотларга кўра, ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 38 фоизга ёки 4,2 баробар ортди. Олий таълим муассасаларининг сони 2016 йилдаги 77 тадан бугунги кунда 210 тага ошди. Шунингдек, 65 та нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилди, хорижий олий таълим муассасалари сони 4,2 баробар кўпайди.
Қисқа вақт ичида авваллари биз учун мутлақо нотаниш, тасаввуримизда ҳам бўлмаган, моҳиятан янги тушунчалар, атамалар пайдо бўлди. Гап “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс”, “Президент Халқ қабулхоналари”, “Ижтимоий ахлоқ”, “Маърифатли жамият”, “Янги маънавий макон”, “Давлат – инсон учун” каби кўплаб янги атамалар хусусида ҳам эмас.
Энг асосийси, бугун шу каби тушунчалар мамлакатимиз аҳолисининг реал ҳаётига тўлиқ кириб келгани, улар халқимиз ҳаётида аниқ самара ва натижалар бераётганидир. Аслида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоянинг рўёби ҳам шунда, деб ўйлаймиз.
Абдухалил Маврулов,
тарих фанлари доктори, профессор