Жорий йил 3–7 июль кунлари “Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ўтказилди.
Ҳафталик доирасида фуқаролик жамияти институтлари, тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият томонидан 300 дан ортиқ хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 8 та халқаро анжуман ва 50 дан зиёд конференция, семинар, давра суҳбати ва амалий мулоқотлар ташкил этилди.
Халқаро тадбирларда 60 та давлат ва 5 та халқаро ташкилотдан жами 400 дан зиёд таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, йирик бизнес вакиллари ва экспертлари, жумладан, 203 нафар хорижий ташкилот, компания ва ассоциация бошлиқлари, 70 дан зиёд нуфузли университетлар, тадқиқот марказлари ректорлари, президентлари, директорлари ва бошқалар иштирок этди. Шунингдек, 10 мингдан зиёд миллий сиёсатчи, олимлар, бизнес ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди.
Биргина янги “Ивет холл” марказида ўтган халқаро анжуманларда 17 та умумий йиғилиш ва қатор учрашувлар ташкил этилиб, 160 дан ортиқ, жумладан, 107 нафар хорижий эксперт маърузалар билан иштирок этди. Хусусан, тадбирларда “VEON” компанияси давлат органлари билан ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси, Сербия собиқ Президенти Борис Тадич, Латвия Республикасининг собиқ Президенти Раймондс Вейонис, Грузия собиқ Президенти Георгий Маргвелашвили, Қирғиз Республикаси собиқ Бош вазири Джуумарт Отарбаев, Молдова Республикаси собиқ Бош вазири Кирил Габуричи, БМТнинг Халқаро электралоқа иттифоқи собиқ бош котиби (2007–2014) Ҳамадун Туре, Руминия рақобат органи президенти Богдан Кирису, Ташқи сиёсат бўйича АҚШ Миллий қўмитаси президенти ва Бош директори Сьюзен Эллиотт, “NCAFP “ACWA Power” компанияси ижрочи вице-президенти Абид Малик, “ACIR” компаниясининг Марказий Осиё минтақавий директори Мигел Де Ла Круз, “Smart Workers Ltd” компанияси бош директори Джани Хавунун, “Japan Regio Sahou Association” компанияси президенти (Япония) Норио Амемия, “Work Global Canada Inc” компанияси президенти (Канада) Пол Шеллий ва бошқалар қатнашди. Шунинг ўзи ҳам ушбу тадбирлар қанчалик нуфузли эканини кўрсатиб турибди.
Тадбирларда мамлакатимиздаги сўнгги 6,5 йилда юзага келган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор вазифалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва мавқеи ортиб бораётгани, янги Ўзбекистон – инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланадиган ижтимоий давлат, очиқ фуқаролик жамиятига айланиб бораётгани эътироф этилди. Янги Ўзбекистоннинг дунёга, дунёнинг эса Ўзбекистонга очилганига алоҳида урғу берилди.
Хорижлик маърузачилар томонидан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг янги “кучли йўлбарс”ига, минтақамиз барқарор ривожининг драйверига айланаётгани юксак баҳоланди.
Янги Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий ташаббуслари нафақат Марказий Осиё, балки бошқа турли минтақаларнинг барқарор ривожи ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ушбу ташаббуслар асосида биргина БМТ Бош Ассамблеясининг 10 дан зиёд резолюцияси қабул қилингани эътироф этилди. Зеро, БМТ томонидан дунёда жуда камдан кам давлатлар раҳбарларининг 6 йил ичида 10 ташаббуси бўйича резолюциялар қабул қилинган.
Қуйида хорижий иштирокчилари томонидан билдирилган айрим хулосаларни келтирамиз.
Биринчи. Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг бош боғловчи бўғинини, ўзагини янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун”, “Аввал инсон – кейин жамият ва давлат”, “Ҳеч ким ортда қолмаслик” ғоялари ташкил этади. Ўзбекистон тарихда илк маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши – мамлакатда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътирофидир.
Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” ғояси, ҳар қандай шахснинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати, бошқа дахлсиз ҳуқуқларини жойига қўйиш, улуғлаш ҳамда мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаётни, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутиши алоҳида эътироф этилди ва юксак баҳоланди.
Экспертлар таъкидлашича, қаторасига бешинчи йилдирки Қонун устуворлиги индексида давлатлар рейтинги жаҳон миқёсида пасайиб бораётганига қарамай, Ўзбекистон 2022 йилда кўрсаткичи ошаётган давлатлар қаторига кирди ва 7 поғонага кўтарилиб, 140 давлат орасида 78-ўринни эгаллади.
Бугунда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғоясини ҳаётга татбиқ этиш – умуммиллий ҳаракатга айланган. Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, турли соҳаларнинг экспертлари билан учрашувлар фуқаролар ислоҳотларни нафақат тўла қўллаб-қувватлаётгани, балки янги Ўзбекистоннинг ўз кучи ва иқтидорига таяниб барпо этаётган фаол ва жипслашган ижтимоий куч эканини намойиш этмоқда.
Иккинчи. Янги Ўзбекистонни дунёнинг тараққий топган, ижтимоий-иқтисодий барқарор ўсаётган ва инсон капитали юқори бўлган демократик давлатлари қаторига киришини таъминлаш – амалдаги ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини ташкил этади.
Экспертларнинг якдил фикрига кўра, Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат тамойилининг конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши, инсон қадрини янада улуғлаш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганини алоҳида эътироф этиш зарур. Зеро, бу икки тушунча ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Бундай давлатда барқарор ривожланишнинг муҳим мақсадлари бўлмиш – ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий соҳаларнинг мунтазам тараққий этишини таъминлаш, самарали ижтимоий суғурта таъминотини йўлга қўйиш, жамиятда кескин ижтимоий фарқланиш ва ижтимоий тенгсизликка йўл қўймаслик, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифаларга устувор аҳамият берилади.
Хорижлик иштирокчилар эътироф этишича, агар 2018 йилда мамлакатнинг ижтимоий сиёсатни амалга оширишга йўналтирилган харажатлари 35 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 105,5 триллион сўмга етди (3 баробарга ошган). 2023 йилда таълим соҳаси харажатларига 58,4 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 триллион сўм, маданият соҳасига 2,5 триллион сўм, спорт соҳасига 2,3 триллион сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,8 триллион сўм йўналтириш белгиланди.
Бу сўнгги беш йил ичида ижтимоий сиёсатни изчил мустаҳкамлаш имконини берди ва янги Ўзбекистон “ижтимоий давлатлар” орасида муносиб ўринни эгаллашига хизмат қилмоқда.
Учинчи. Янги Ўзбекистон — ташқи дунёга очиқ ва инвестиция киритиш учун жозибадор мамлакат.
Хорижий экспертлар миллий иқтисодиётимизни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриб келинаётганига юқори баҳо берди.
Уларнинг фикрига кўра, жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган қийинчиликларга қарамасдан Ўзбекистонда 2017–2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларни эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўртача йиллик ўсиши 5,1 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми 2020–2021 йилларда авжига чиққан “COVID-19” пандемияси шароитида ҳам тадрижий равишда 2018 йилдаги 1597 доллардан 2022 йилда 2255 долларгача ошганки, бу камдан кам мамлакатларда кузатиладиган кўрсаткич ҳисобладани.
Натижада амалга оширилган ишлар халқаро миқёсда эътироф этилиб, 2022 йилга келиб Ўзбекистон Очиқ маълумотлар рейтингида 191 мамлакат орасида 40-ўринга ва Марказий Осиё мамлакатлари ичида 1-ўринга кўтарилди.
Тўртинчи. Янги Ўзбекистон – инсоннинг экологик ҳуқуқлари таъминланадиган, мамлакат табиий ресурслари асраб-авайланиб, оқилона фойдаланиб, барқарор тараққиётга ҳизмат қиладиган давлат.
Дунёда аниқланган мавжуд табиий ёқилғи-энергия ресурслари (табиий газ, нефть) 60–150 йил ишлатишга етади. Шу сабабли, кўп давлатларда энергия хавфсизлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш сиёсати қўлланилмоқда. Энергетика бутун дунёда долзарб масалага айланиб бораётгани боис, салоҳиятли давлатлар унинг муқобил йўлларини изламоқда. Бугун жаҳон энергетикасида “яшил энергетика” улуши қарийб 30 фоизга етган, айрим Европа давлатларида 80–90 фоиздан ошган.
Тадбирда иштирок этган энергетика соҳаси мутахассислари ва олимларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва “яшил энергетика” сиёсатини амалга ошириш, яъни қайта тикланадиган энергия манбаларидан, жумладан, қуёш, шамол ва сув энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги 4,5 йилда Ўзбекистонда иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан умумий қиймати 16 миллиард 62 миллион долларга тенг 34 та битим имзоланди.
Бешинчи. Янги Ўзбекистоннинг тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларга турли имконият ҳамда имтиёзлар бериш, самарали фаолияти учун зарур кафолатлар билан таъминлаш борасидаги ишлари ҳам мутлақо янгича.
Мутахассислар таъкидлашича, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида Ўзбекистонда сўнгги олти йилда амалга оширилган ислоҳотлар барчани қувонтириши табиий. Мисол учун, 2017–2022 йилларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жами 3087 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Шунинг ўзи тизимдаги ишлар кўламини яққол кўрсатиб турибди.
Дарвоқе, экспертлар таъкидлашича, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон Глобал иқтисодий эркинлик индексида 33 поғонага кўтарилиб, сармоя ва молиявий эркинлик билан боғлиқ вазиятни сезиларли даражада яхшилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар ҳам инсон қадрини улуғлаш, мамлакатда ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиб келмоқда.
Олтинчи. Янги Ўзбекистон – рақамли жамият қуриш, барча соҳаларда замонавий ахборот-коммуникациялардан унумли фойдаланишга интилаётган мамлакат. Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Экспертлар таъкидлашича, ажабланарлиси шундаки, Ўзбекистонда ҳар йили IT-хизматлари экспорти ҳажми ўртача 2 баробар ортиб бормоқда. Электрон ҳукумат соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар қатор халқаро ташкилотлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, ўтган йили Ўзбекистон БМТнинг “Электрон ҳукумат” рейтингида 18 поғонага кўтарилиб, “тез ривожланаётган давлатлар” қаторига кирди, Жаҳон банкининг “Давлат технологиялари етуклиги” рейтингида эса мамлакат 37 поғонага кўтарилиб, дунёда 43-ўринни эгаллади.
Еттинчи. Янги Ўзбекистон – инсон капиталини юксалтириш, “инновацион ривожланиш”, “билимлар иқтисодиёти”га ўтиш орқали Учинчи Ренессанс асослари мустаҳкамланаётган давлат.
Хорижий экспертлар Ўзбекистон Инсон тараққиёти индекси–2022 бўйича 0,727 индекс қиймати билан 2020 йил ҳисоботига нисбатан ўз рейтингини беш поғонага яхшилаганига эътибор қаратди. Зеро, сўнгги йилларда мамлакатда таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш, уни энг ривожланган мамлакатлар таълим тизими даражасига кўтаришга қаратилган қатор стратегиялар ва концепциялар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Натижада, биргина мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилга нисбатан 2,5 баробарга оширилиб, 27,7 фоиздан 71,8 фоизга етказилди. Ҳозирда мактабгача таълим ташкилотларида 2 миллиондан ортиқ бола тарбияланмоқда. Бунга соҳага хусусий тадбиркорликнинг кириб келиши, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилгани, давлат-хусусий шериклик институтидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари асос бўлмоқда.
Хорижлик экспертлар мамлакат тараққиёти мактабдан бошланишига алоҳида урғу берди ва бу ғоя янги Ўзбекистон барқарор ривожининг ҳаракатлантирувчи кучи экани ва бунда мактаб соҳасини ислоҳ этиш борасидаги чора-тадбирлар аҳамияти юксаклигига эътибор қаратди. Жумладан, бугунги кунда 10,1 мингдан зиёд умумтаълим мактаби, 14 та Президент мактаби, 166 та ихтисослаштирилган мактаб, 219 та Баркамол авлод болалар мактаби фаолият юритаётгани ва уларда 6,4 миллион ўқувчи таълим олаётгани, 527 минг ўқитувчи таълим бераётгани янги Ўзбекистон ютуқлари сифатида кўрсатиб ўтилди.
Олий таълим тизимида асосий эътибор мамлакатимиз ёшлари таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга қаратилди. Натижада, ўтган 6 йил мобайнида олийгоҳлар сони 77 тадан 210 тага етказилди, уларга қабул 3,5 баробарга ортди. Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 65 нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилди. Хорижий олий таълим муассасалари сони 30 тага, давлат олий таълим муассасалари 115 тага етказилди.
Мутахассилар Ўзбекистонда ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 39 фоизга оширилгани – мамлакатда инсон капиталини юксалтириш орқали “билимлар иқтисоди” ва “инновацион ривожланиш” йўлидан собитқадамлик билан илгарилашга хизмат қилишини таъкидлади.
Сўнгги олти йил ичида соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида 2022 йилда Ўзбекистон Глобал инновациялар индексида тўрт поғонага кўтарилиб, умумий рейтингда 82-ўринни, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари орасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин 3-ўринни эгаллаган.
Саккизинчи. Бугун очиқлик ва ошкоралик, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланган ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, хорижий иштирокчилар:
– халқаро ҳафталикни ўтказиш айнан фуқаролик жамияти институтлари томонидан ташаббус қилингани;
– “CNN” халқаро медиа компанияси ҳафталикнинг медиа ҳамкори сифатида иштирок этгани, тадбирларнинг “Euronews”, “Россия-24” ва бошқа 70 дан ортиқ нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларида 400 дан зиёд журналист ва блогерлар томонидан кенг ёритилгани, таҳлилий материаллар 20 дан ортиқ тилларда тарқатилгани;
– тадбирлар Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, собиқ маданият ва халқаро тараққиёт вазири Лорд Уортон, “Business New Europe” халқаро нашриётининг бош муҳаррири Бен Арис, ҳалқаро журналист Стивен Коул, телебошловчи ва журналист Али Аслан каби таниқли хорижий модераторлар томонидан олиб борилганига алоҳида эътибор қаратди.
Бу эса, давлатнинг тегишли очиқлик ва ошкоралик сиёсатининг инъикоси, “меваси” сифатида эътироф этилди.
Тадбирлар иштирокчиларининг умумий фикрига кўра, ушбу кўрсаткичларнинг барчаси бугунги кунда янги Ўзбекистонда мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон юзага келганидан далолат беради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиздаги муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга жараёнларни энг юксак халқаро талаблар асосида ўтказишга асос бўлди ва шундай бўлиб қолади.
Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистонни барпо этиш шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосга эга, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазият тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишига мос, миллий манфаатига тўла жавоб берадиган объектив зарурат эканлиги яна бир бор эътироф этилди.
Тадбир иштирокчиларнинг умумий фикрига кўра, юртимизда улуғ ниятлар билан пойдевори қўйилаётган янги Уйғониш даврининг ёрқин саҳифаларга бой буюк тарихи яратилмоқда ва бу оламшумул, самарали воқеа-ҳодисаларга тўла давр келгуси авлодларга муносиб мерос қолдириши шак-шубҳасиз.
Абдулазиз Абдуллаев, сиёсатшунос, халқаро муносабатлар бўйича эксперт