854 нафар ОАВ вакиллари муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш учун МСКдан аккредитациядан ўтди

ТОШКЕНТ, 20 июнь. /«Дунё» АА/. Бугун Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) муддатидан  илгари Ўзбекистон Президенти сайловига  тайёргарлик кўриш  ва  ўтказиш бўйича навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев олиб борди.  

МСК маълумотига кўра,  комиссия аъзолари мажлисда  сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан навбатдаги – ОАВ вакилларини аккредитация қилиш  масаласини кўриб чиқдилар.

 МСКга  йўлланган мурожаатлар  асосида  31 та  маҳаллий ОАВнинг 300 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Умумий ҳисобда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий ОАВ ходисларининг сони 854 нафарни ташкил этмоқда.

 Хусусан, маҳаллий ОАВдан 36  та  телерадиоканал, 80 та  босма ОАВ, 19 та интернет  нашрлари ҳамда 3 та  ахборот агентлиги  вакилларига  аккредитасия берилган.

14 июнь ҳолатига кўра, 27 та хорижий  ОАВнинг  47 нафар  ходими аккредитациядан  ўтказилган.

ОАВ вакилларининг ваколат муддати унга аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. МСК томонидан тасдиқланган календарь режага мувофиқ,  ОАВ  20 майдан бошлаб, сайловга кечи билан ўн кун қолгунга қадар МСКга ўз вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.