ЕТТИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ УЛАРДА ЎЗ АКСИНИ ТОПГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ ХАЛҚИМИЗГА МУНОСИБ ҲАЁТ, ЖАМИЯТИМИЗГА УЛКАН ҚАНОТ БАХШ ЭТАДИ

Мамлакатимизда халқимизнинг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди.

Давлат дастурида инсон қадрини улуғлаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни жадаллаштириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган еттита устувор йўналиш ўрин олган.

Дастур билан танишиб, унинг халқчил ва ҳаётий эканига гувоҳ бўламиз. Жумладан, 2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш чора-тадбирлари белгиланади. Бунинг натижасида масофадан туриб, мобиль иловалар ёрдамида давлат хизматлари сони кўпаяди, ундириладиган тўловлар миқдори эса камаяди. Шу билан бирга, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатлар бекор қилиниб, кўриб чиқиш жараёни ва муддатлари кескин қисқаради. Натижада кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйиляпти. Электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари фуқаро мурожаатини кутмасдан амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ортиқча вақт ва маблағ сарф қилишининг олдини олади.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформасига ўтказилади. Субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими ишга туширилади. Бунда субсидиялар ажратиш тўғрисидаги аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали топширилиб, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва бошқа коррупциявий омиллар бартараф этилиши таъминланади.

Ислоҳотлар бош мақсади инсон қадрини таъминлашга қаратилгани билан халқчиллик касб этади. Шу боис, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ушбу эзгу мақсадларга эришиш учун дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, натижада маҳаллани жамиятнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш борасида дастурдан жой олган режалар ҳаётийлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, “Рақамли маҳалла” марказини ташкил этиш ва “Ижтимоий маҳалла” ахборот тизимини жорий қилиш орқали маҳалладаги аҳоли ва тадбиркорларнинг мавжуд муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказиш натижаларини тегишли давлат органлари ва ташкилотларига юбориш ҳамда кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар, хотин-қизлар ва ёшларга кўрсатилган ёрдам ҳақидаги маълумотлар ҳам мазкур тизимга киритиб борилади.

Маҳаллаларнинг ҳудуди, майдони, инфратузилмаси, чегараси акс этган харитаси, хонадонларнинг жойлашуви, рақамлари ва кўча номларининг ягона базаси юритилади. Фуқаролар дуч келаётган муаммоларни мунтазам ўрганиб бориш орқали реал ечимларга эга таклифлар ишлаб чиқилади ва мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. “Ижтимоий маҳалла” ахборот тизими ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали 40 турдаги маълумотларнинг ягона базаси юритилади.

2023 йил 1 июлдан бошлаб “Маҳалла бюджети” тизимини барча туман ва шаҳарларда жорий этиш орқали маҳаллаларга ўз муаммосини мустақил ҳал этиш ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун 800 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади. Эксперимент тариқасида 14 туманда, 1 июлдан эса барча туман (шаҳар)ларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Ҳаётий тажриба ва халқ ҳокимиятчилиги нуқтаи назаридан жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда маҳалла ролини ошириш долзарб вазифадир. Шу боис, маҳаллаларга маҳаллий вакиллик органларининг кенгашлари сессиялари кун тартибига кўриб чиқиш учун таклиф киритиш, тегишли қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқи тақдим этиляпти.

Ҳудудий муаммоларни ҳал этиш мамлакат миқёсидаги кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигига ижобий таъсир қилади. Шу сабабли маҳаллий вакиллик органларида сифат менежментини йўлга қўйиш заруратдир. Тажриба тариқасида Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашларининг комиссия раислари доимий асосда фаолият юритишини ташкил этиш таклифи ўз ўрнида қабул қилиняпти. Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда ва уни амалга оширишда вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашларининг доимий комиссиялари иштироки таъминланиши халқ манфаатларига мос қарорлар қабул қилишда муҳимдир.

Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади. Ногиронликни белгилаш эса фуқароларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз ҳал этилади. Бунда ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида аниқланади. 2023 йил 1 апрелга қадар ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга ижтимоий мослашуви ва соғлиғини қайта тиклаш тизими акс эттирилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматлардаги ахборот технологияларидан, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

“Ташаббусли бюджет” амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадлари долзарблиги билан алоҳида аҳамиятга эга. 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилиши белгиланяпти. 2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилади. Натижада мазкур тадбирларга ажратилаётган маблағлар миқдори қарийб 2 баробар кўпайтирилишига эришилади. Якунланган 2022 йилда ушбу тадбирлар учун 4,3 триллион сўм маблағ ажратилган эди.

Аҳолининг уй-жойга талабини қондириш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажми 1,6 баробар оширилиб, 90 мингга етказилади. Бунда уй-жой ҳамда ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаштириш ва қуришда автотранспорт воситалари тураргоҳлари, жумладан, кўп қаватли ва ер ости автотураргоҳлар мажбурий равишда барпо этилиши таъминланади. Фуқароларнинг 32 минг нафарига бозор тамойилларига асосланган ипотека кредити, шунингдек, 11 минг фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

2024 йил учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридан бошлаб, давлат органлари томонидан таклиф этилган ижтимоий ҳамда муҳандислик инфратузилма объектларини ушбу дастурга “Очиқ бюджет” порталида овоз бериш жараёнида тўпланган овозлар сонига кўра киритиш амалиёти жорий этилиши белгиланяпти. Бунинг натижасида ташаббусли бюджет жараёни орқали тақсимланадиган маблағ миқдори 15 триллион сўмга ошиб, 8 триллион сўмдан 23 триллион сўмга етади. Лойиҳаларни жамоатчилик фикри ва “Очиқ бюджет” порталида тўпланган овозлар асосида молиялаштиришнинг мутлақо янги тизими яратилиб, амалиётга киритилади. Бунда овоз бериш жараёнларини холис ва маъмурий аралашувларсиз ташкиллаштиришнинг аниқ механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Тараққиётга эришишнинг муҳим ­омили бўлган таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантириш ислоҳотларимизнинг бош мақсадларидан биридир. Шу боис, таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадлари ҳам давлат дастури билан белгилаб олинмоқда. Унга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Жумладан, 76 мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тили иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 ишчи касб, 21 соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади. Бу мақсад учун 2,7 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, 2,5 миллион ўқувчи қамраб олинади. 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ушбу тизим билан 273 минг ўқувчи қамраб олинган эди.

Профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади. Натижада жорий йилда дуал таълим шакли бўйича давлат гранти асосида камида 5,7 минг ўқувчи қабул қилинади. Европа мамлакатлари тажрибасидан маълумки, дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билим олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, кўникмаларини мустаҳкамлайди.

Дастур доирасида адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида ҳам устувор йўналишлар белгилаб олинган. Жумладан, жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади. Шунингдек, қонун лойиҳасида жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабини бекор қилиш каби нормалар акс эттирилади.

2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижлик экспертларни жалб қилган ҳолда, Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилади. Натижада намунавий профтаълим муассасалари Европа Иттифоқи комиссияси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), КФВ банки, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Жанубий Кореянинг ЕДЦФ фонди билан биргаликда ташкил этилади. Ушбу муассасаларга замонавий стандартларни жорий қилиш учун ўқув режа ва дастурларни, таълим шакли ва муддатини мустақил белгилашга рухсат этилади. Шунингдек, ҳар битта муассасага 4 нафардан хорижий эксперт жалб этилиб, ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тилга ўқитиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Бугунги юзага келган вазият энергия ресурсларидан тўғри ва самарали фойдаланиш бўйича қилинадиган ишлар ҳамон долзарб эканини кўрсатиб берди. Иқтисодий барқарорликни таъминлашда энергия таъминоти ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олган ҳолда, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тизимини жорий қилиш учун шароит яратиш бўйича мақсадлар белгилаб олинмоқда. Унга кўра, қуввати 20 кВт. ва ундан паст бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларини паст (0,23-0,4 кВт.) кучланишли электр тармоқларига улаш учун техник шарт олиш талаб этилмаслиги белгилан­япти. Қуввати 20 кВт.гача бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини тармоққа улаш учун техник шартлар олиниб, шартнома тузиш тартиботлари мавжуд. Ушбу тартиб ишга тушгандан сўнг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатмоқчи бўлган жисмоний шахсларга қулайлик яратилади.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб йиллик ҳажми икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган ташкилотлар учун ўз энергия истеъмолининг камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобига таъминлаш мажбурияти юклатилади. Бунинг натижасида камида 1,2 миллиард кВт/соат электр энергияси тежалишига эришилади. Қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига олинадиган минимал энергия миқдори бўйича талабларни бажармаган ташкилотлар томонидан етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда “яшил” сертификатларни сотиб олиш талаби киритилади. Бундай талаб ташкилотларни энергия самарадорлигини оширишга рағбатлантиради, сертификат сотувидан тушган маблағ эса “яшил” технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади. Умумий истеъмолининг 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш талаби бажарилмаган тақдирда мазкур ташкилот ушбу мақсадга эришиш учун етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда ҳар 1 МВт. учун битта “яшил” сертификатни сотиб олади.

2023 йил 1 июлдан бошлаб табиий газни ёқилғи қуйиш шохобчаларига газ ҳажмининг онлайн ҳисобини юритиш тизими, сотилган газ миқдорининг аниқ ҳисобини юритишни таъминловчи ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлар базасига интеграция қилинган дастур мавжуд бўлган ҳоллардагина етказиб бериш амалиёти йўлга қўйилади. Натижада онлайн ҳисобни юритиш тизими орқали объектларда табиий газнинг беҳуда сарфланиши, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг шакллантирилади.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юклатилиб, 2026 йилга қадар уларнинг бинолари энергия истеъмолининг 60 фоизи “яшил” энергияга босқичма-босқич ўтказилиши таъминланади. Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларида 2023 йилда энергия истеъмолининг 30 фоизини “яшил” энергияга ўтказиш ҳисобига 448,7 миллион кВт/соат, 2026 йилда эса 60 фоизини ўтказиш ҳисобига ўртача 897,4 миллион кВт/соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконияти яратилади.

Ресурслар ҳақида сўз кетганда сув масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Дастур доирасида қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида сув ресурсларини бошқаришда узлуксиз тизимни йўлга қўйиш ҳамда тежамкор рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сув етказиб беришдаги табиий йўқотишлар ҳажмини 10 фоизгача камайтириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинган. Сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 миллиард метр куб сув иқтисод қилиш ва уни 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтириш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкасини ошириш орқали сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисми туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилиши таъминланади.

Сув ҳисобини юритиш тизимини жорий этиш ва унинг очиқлигини таъминлаш мақсадида 13 мингта сув хўжалиги объектини рақамлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджети маблағлари ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобидан молиялаштирилади. 16 та йирик насос станциясини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.

Биз дастурдан ўрин олган айрим йўналишлар ҳақида тўхталиб ўтдик. Умуман олганда, кенг муҳокамалар натижасида халқимизнинг муносиб турмуш кечириши ва мамлакатимизнинг тараққий этиши учун зарур бўлган таклифлар асосида қабул қилинган давлат дастурининг амалий ижроси умумий ривожланишимизга хизмат қилади ва халқимиз ҳаётига фаровонлик олиб келади.

Нодир Жумаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор