Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июнда конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда Конституциямизда “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурган эди. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу ғоя янада мустаҳкамланиб, ижтимоий давлатни барпо этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари бу хусусда тўхталиб, “Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак”, дея таъкидлади.
“Ижтимоий давлат” тушунчаси “Инсон қадри” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ушбу ғоянинг туб негизида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳолига хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам. Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиб беради. У ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.
Шунингдек, ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. Шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.
Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандликни таъминлаш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар яратиш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасида ҳам аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор нормалар ўз ифодасини топган. Хусусан, амалдаги Конституциямизнинг 37-моддасига қўшимчалар киритилиб, “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”лиги белгиланмоқда.
Ижтимоий давлат моҳияти қандай?
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, “ижтимоий давлат” тушунчаси илк бор 1850 йилда Лоренс фон Штейн томонидан қўлланилган. У давлатнинг вазифаси ижтимоий тенглик ва шахсий эркинликни ўрнатиш, қуйи ва кам таъминланган табақаларни бойлар ва қудратлилар даражасига кўтаришдан иборат, деб ҳисоблаган.
Миллий давлатчилигимиз тарихини ўрганганимизда ҳам “ижтимоий давлат” тушунчаси шунга ўхшаш номларда кўплаб учрашига гувоҳ бўламиз. Масалан, IХ-Х асрларда яшаб ижод қилган Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида фозил шаҳар ҳақида билдирилган фикрлар айнан “ижтимоий давлат” тамойилининг мазмун-моҳияти ҳисобланади. Шунга ўхшаш фикрларни Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш каби буюк аждодларимиз асарларида ҳам учратиш мумкин.
Президентимиз ушбу тушунчани изоҳлар экан, “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, дея таъриф берган эди. Назаримизда, буюк боболаримиз орзу қилган ва ўз асарларида келтирган “фозил шаҳар” ҳам айнан шу “ижтимоий давлат”дир.
Ижтимоий давлат хусусиятлари, функциялари ва халқаро тажриба
Глобаллашув жараёни ва бозор иқтисодиёти шиддат билан ривожланаётган даврда олимлар ижтимоий давлатнинг ўзига хос белгилари мавжуд эканини таъкидлайди ва Лоренс фон Штейндан фарқли равишда ушбу жиҳатларга қуйидагиларни киритади:
— аҳолининг даромадлари ва бойликларини йирик мулкдорларга дахл қилмасдан қайта тақсимлаш имконини берувчи мамлакат иқтисодий ривожланишининг юқори даражаси;
— ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти;
— кўп тармоқли ва аралаш иқтисодиёт;
— фуқаролик жамиятини шакллантириш;
— давлат томонидан турли ижтимоий дастурларни ишлаб чиқиш;
— давлатнинг ҳар бир инсон учун муносиб турмуш шароити, ижтимоий таъминот ва шахс сифатида ўзини ўзи англаш йўлида тенг бошланғич шароитларни таъминлаш мақсадларини тасдиқлаш;
— фуқаролар олдидаги ижтимоий жавобгарлик;
— суғурта ижтимоий тўловларининг ривожланган тизими ва бюджетни ташкил этувчи солиқларнинг юқори даражаси, ижтимоий соҳага тўловларнинг юқори миқдори;
— аҳолининг барча гуруҳлари учун хизмат кўрсатиш ва ижтимоий хизматларнинг ривожланган тизими;
— бюджет ижтимоий тўловларининг мавжудлиги;
— ижтимоий ҳимоя, ижтимоий таъминот ва бандлик давлат тизимларининг мавжудлиги;
— жамиятнинг барча муҳтож аъзоларини истисносиз ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими мавжудлиги;
— фуқароларнинг фаровонлик даражаси учун жавобгарликни давлат ўз зиммасига олиши.
Ҳозирги замон тажрибасига кўра, Европа мамлакатларида ижтимоий давлат ғояси турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган. Хусусан, Германияда унинг ижтимоий давлат экани Конституция даражасида белгиланган. Шунингдек, ижтимоий давлатнинг Скандинавия ва континентал моделлари ҳам мавжуд бўлиб, бунда давлатлар ўз фуқароларининг ижтимоий фаровонлиги, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига, болалар ва ёшларга, кексаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун масъул бўлади.
Ижтимоий давлат тор маънода ўз фаолиятида аҳолига нафақалар тўлашни, жамиятга хизмат кўрсатишни амалга оширади ва уй-жой билан таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади. Кенг маънода нафақат аҳолини бевосита қўллаб-қувватлашга қаратилган сезиларли даражада кўп сонли дастурларни, балки иқтисодиётни бошқариш ва ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни, шу жумладан, бандлик ва у билан боғлиқ масалаларни ҳамда комплекс макроиқтисодий бошқарувни амалга оширади.
Ижтимоий давлатнинг ўзига хос функциялари мавжуд бўлиб, олимларнинг аксарияти уларнинг асосийлари сифатида қуйидагиларни кўрсатади:
— аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш;
— коррупция, қашшоқлик ва ишсизликка қарши кураш;
— ёш тадбиркорларга ёрдам;
— аҳоли бандлиги ва даромадлари доимий ўсишини таъминлаш;
— жамиятнинг барча аъзоларини ижтимоий суғурта билан таъминлаш;
— таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий ривожланишнинг қулайлигини таъминлаш;
— эҳтиёжманд шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш;
— жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликни камайтириш, имтиёзларни қайта тақсимлаш орқали муносиб турмуш шароитларини яратиш;
— ижтимоий хизматлар кўрсатиш.
Умуман олганда, ижтимоий давлатда меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсоннинг бандлиги таъминланади. Унинг муносиб ҳаёт кечириши учун етарли миқдордаги иш ҳақи белгиланади, ишчи учун хавфсиз меҳнат шароитлари яратилади, ишсизликдан ҳимояланиш, сифатли таълим, малакали тиббий хизмат олиш ҳуқуқлари реал амалга оширилади. Болалар, аёллар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.
Мамлакатимизда ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг аксарияти ижтимоий соҳага йўналтирилганини кўришимиз мумкин. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга давлат томонидан кафолатлар тизими орқали ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Одамларнинг фаровон ва ҳаётдан рози бўлиб турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш, бандликни таъминлаш ва даромадини ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, турмуш шароити ва сифати жиҳатидан табақаланишга йўл қўймаслик каби масалаларга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим бериш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий диққат марказида. Давлат бюджетининг асосий қисми айнан шу каби масалаларга йўналтирилаётгани ҳам фикримизнинг амалий тасдиғидир. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалар, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш учун республика миқёсида жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “маҳаллабай” ишлаш тизими ҳам ижтимоий давлатнинг моҳиятини ва ҳаётий кўринишини намоён этмоқда.
Шу ўринда мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари ҳам диққатга сазовор. Чунончи, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга ошиб, 2 миллионга яқин боланинг боғча билан қамраб олингани халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда. Олий таълим муассасалари 2,5 баробарга ошиши, яъни уларнинг сони 198 тага етиши, ўз навбатида, олий таълимга қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ортишига замин яратди. Шу қаторда, 40 дан зиёд олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилиши улардаги таълим шароити ва сифати сезиларли даражада юксалганига ҳисса қўшганини қайд этиб ўтиш ҳам адолатдан бўлади.
Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини уй-жой билан таъминлаш ижтимоий давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир. Таъкидлаш ўринлики, сўнгги олти йилда мамлакатимизда 500 мингга яқин янги уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш бўйича биринчи марта аёллар ва ёшларга, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилди. Мазкур тизим қонуний, адолатли ва шаффоф ишлаши учун онлайн платформалар ишга тушди.
Айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ёшлар бандлигини таъминлашда илғор замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда, йигит-қизларимиздан 5,2 минги “Future Skills Uzbekistan” ва “Бир миллион дастурчи” лойиҳалари доирасида IT касбларига, 6,4 минги “Ёшлар 1+1” ва “Тадбиркор аёл” лойиҳалари доирасида тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тиллар бўйича ўқитилди.
Ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Ишга марҳамат”, банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Мономарказ”, туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолият юритмоқда.
Юқорида келтирилган кенг кўламли ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш ва бардавом бўлишини таъминлаш зарурати “ижтимоий давлат” тамойилини Конституцияда акс эттиришни тақозо этмоқда. Шу сабабдан ҳам умумхалқ муҳокамасидаги аксарият таклиф ва мулоҳазалар айнан ижтимоий соҳага йўналтирилган эди. Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам, асосан, “ижтимоий давлат” тамойилини мустаҳкамлашга қаратилган. Шу ўринда, Асосий қонунимизда мамлакатимизнинг ижтимоий давлат эканини мустаҳкамлаб қўйиш Янги Ўзбекистоннинг мазмун-моҳиятига ҳам шаклан, ҳам маънан мос бўлади, десак адашмаган бўламиз.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ижтимоий давлат масалалари
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Мисол учун, унинг “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” номли тўртинчи устувор йўналишида ижтимоий давлат негизини ташкил этувчи масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 43-мақсад бевосита ҳар бир инсон учун муносиб шароит яратиш ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб боришга йўналтирилган.
Эътироф этиш керак, Тараққиёт стратегиясининг мақсадларига эришишда Президентимиз асосий эътиборни биринчи галда Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция ҳисобланган таълимни ривожлантиришга қаратиш кераклигини таъкидлади. Жумладан, жорий йилда 70 та янги мактаб қурилиши, 460 мактаб кенгайтирилиши, хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳаси бошланиши, келгуси беш йилда уларнинг сонини мингтага етказиш белгилаб олингани ҳам бежиз эмас.
Эндиликда мамлакатимизда нафақат мактаб қурилиши ва сифатли таълимга, шу билан бирга, сифатли таълим негизини яратувчи “соғлом турмуш тарзи ҳамда соғлом ва сифатли овқат билан таъминлаш”га ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур тажриба 2022 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилиб, 285 минг бошланғич синф ўқувчиси учун бепул овқатланиш йўлга қўйилган эди. Жорий йилдан эса ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиб, бунинг учун давлат бюджетидан етарли маблағ ажратилди.
Маълумки, мактаб битирувчиларини касбга ўргатиш масаласи ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида устувор ечимлардан бири саналади. Мақсад — ёшларни ҳам билимли, ҳам касбли қилиш ва натижада уларни иш билан таъминлаш. Бу йўналишда ҳам аниқ тизимли механизм ишлаб чиқилди, яъни жорий йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилиб, унга кўра, ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Узлуксиз таълимнинг бир қисми бўлган олий таълим муассасаларида ўқиётган ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан жорий йилда имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм, илм-фан ва инновацияларга эса 1,8 триллион сўм ажратилмоқда.
Давлат дастурига “Ижтимоий давлат” тамойили асосидаги ёндашув
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасини таҳлил қиладиган бўлсак, 309 бандни ўзида бирлаштирган дастур етти йўналишдан иборат ва у қуйидагича тақсимланган:
1-йўналиш. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш — 22 банд.
2-йўналиш. Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш — 18 банд.
3-йўналиш. Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш — 113 банд.
4-йўналиш. Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш — 82 банд.
5-йўналиш. Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш — 21 банд.
6-йўналиш. Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш — 30 банд.
7-йўналиш. Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш — 23 банд.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодий йўналишдан кейинги энг йирик ижтимоий йўналиш бўлиб, давлат дастурининг 154-235 бандларини ўзида қамраб олган. Мазкур бандларда Тараққиёт стратегиясининг 33 мақсадини ҳаётга изчил татбиқ этиш ва амалга ошириш назарда тутилган.
Хусусан, унда жорий йилда ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини талабгор касбларга ўқитиш ҳамда 14 минг нафарининг касбий малака даражасини тасдиқлаш ва уларга малака паспортларини тақдим этиш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 75 минг ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш режалаштирилган. Бу эса ишсизларни мақсадли ўқитиш ва улар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, 6 ёшли болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 92 фоизга етказиш белгиланган бўлиб, бунда 269 та қисқа муддатли, 94 та тўлиқ кунлик, 1384 та мажбурий бепул тайёрлов гуруҳлари ҳамда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш ва бу учун давлат бюджетидан 60 миллиард сўм ажратиш назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, малакали тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Узоқ йиллар давомида кутилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига жорий этилиб, унинг таҳлили натижасида қолган ҳудудларда босқичма-босқич амалга киритиш режалаштирилган.
Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Урология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг филиалларини янги ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш масалалари киритилган бўлиб, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси кредит маблағлари ҳисобидан жами 31,5 миллион доллар ажратиш кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган барча шарт-шароит ҳамда қулайликларни яратишга қаратилган. Бу йилги давлат дастурида назарда тутилган ҳар бир банд ва уни мақсадли амалга ошириш механизмлари ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
Бу хайрли ишлар “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат”, деган эзгу ғояни рўёбга чиқариш, халқимизни рози қилиш, эркин ва фаровон жамият барпо этишда муҳим омил бўлади.
Шаҳноза Жолдасова,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори