Инсон қадри ва халқ манфаатлари акс эттирилган Бош қонун

Янгиланган Конституциямиз халқимиз бахтли ҳаётини таъминлашга пойдевор яратишига шубҳа йўқ. Буни ҳар бир юртдошимиз яхши тушуниб турибди.

Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бошланишида ҳар куни 700 га яқин таклиф келиб тушган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, улар сони кунига 10 мингга етмоқда. Мана шу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси муддати жорий йил 15 июлгача узайтирилди.

Тарихий ва бугунги зарурат

Ҳар қандай қонун-қоида, норматив ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, Конституциянинг ҳам яшаш даври бўлади. Боиси, замон шиддат билан ривожланаётган бир вақтда ана шу суръатга улгуриш, давр билан ҳамнафас бўлиш учун ҳуқуқий механизмларни ҳам такомиллаштириб бориш зарур.

Фақат инсон капиталига, унинг интеллектуал салоҳияти маҳсулига асосланаётган XXI асрда рўй бераётган ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий бўҳронлар, таҳликали таҳдидлар ва “оммавий трансформация”лар шароитида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, ҳар қандай хатти-ҳаракатнинг қонуний мезонини ишлаб чиқиш давр тақозоси ҳисобланади.

Конституция характери

Конституция давлатда ҳуқуқий муносабатлар мувозанатини, қонуний барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган асосий ҳужжатдир.

Шу боис, Конституцияга ўзгартириш киритиш “Конституция моҳияти”, “Конституция табиати”, “Конституция характери”, “Конституция интизоми”, “Конституция хусусияти” каби алоҳида тушунчаларни ўрганишни, бунда дунё халқлари урф одат ва анъаналари, миллий ўзига хослиги ва менталитети, инсонпарварлик ва байналминаллик ғояларини тарғиб этишга хизмат қилувчи жиҳатларни комплекс таҳлил қилишни тақозо этади.

Конституция аслида ҳамма учун тушунарли тилда ёзилиши, содда, равон бўлиши, нормалар аниқ белгилаб қўйилиши лозим бўлган, олий ҳуқуқий кучга эга, жорий қонунчиликнинг мустаҳкам базаси бўлиб хизмат қилувчи барқарор ҳуқуқий ҳужжат саналади. Конституциянинг ана шундай тамойилларга жавоб бериши давлатнинг узоқ йиллик барқарор тараққиётини кўзда тутувчи характерга эгалиги билан изоҳланади.

Ўзбекистон конституцияси деярли 30 йил мобайнида мамлакат тинчлиги ва барқарор тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий мезони бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоячиси, мустаҳкам қалқони сифатида инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, орзу-мақсадлари рўёбга чиқишига тўсқинлик қилмаслик характерига эга бўлди.

Тарихий ҳақиқат шуки, турли халқлар учун бир хил даражада мос келадиган конституциялар, уларни яратиш учун моделлар, механизмлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий ифодаси

Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва унинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш юзасидан Конституцияга бир қатор ўзгартиришлар киритилиши, аввало, тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятда мужассам бўлади.

Хусусан, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли экани тўғрисидаги норманинг асосий Қонунга киритилиши нафақат тадбиркорлар учун имконият яратади, балки мамлакат иқтисодий инфратузилмаси такомиллашувига хизмат қилади.

Агар тадбиркорга имконият яратилса у бизнесини кенгайтиради, натижада ишчи ўрни яратади ва ишсизликнинг олдини олади, кўпроқ даромад топади ва давлатга солиқ тўлайди. Хуллас бу орқали бир қатор муаммоларнинг ўз-ўзидан олдини олишга эришиш мумкин бўлади.

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

Фаол конституциявий ислоҳотлар шароитида Конституциямизга киритиш таклиф этилаётган ўзгаришларнинг асосий қисми айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, аҳолига яратиладиган шарт-шароитлар ва имкониятлар “Инсон қадри учун” тамойилига ҳар томонлама хизмат қилишга қаратилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”, деб таъкидлагани, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “Қонун устуворлиги”, “Инсон қадри учун”, “Инсон манфаатлари”, “Дин ва эътиқод эркинлиги” каби фундаментал демократик тушунчалар реал ҳаётдан тобора мустаҳкам ўрин олиши янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганидан далолат беради.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 16 марта ўзгартириш киритилган бўлса, уларнинг аксарияти давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ бўлиб, фақатгина 2014 йил 16 апрелда 32-моддага жамоатчилик назоратига доир нормалар киритилганидан ташқари инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид ўзгартириш бўлмаган. Зеро, замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уни дунё стандартлари ва ҳуқуқий ҳужжатлари билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тўғри, кейинги олти йил мобайнида Президент фармон ва қарорлари, қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш, қонун ва қонуности ҳужжатларни имзолаш каби чора-тадбирлар амалга оширилган бўлса-да, Асосий қонунимизга айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинлари билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” дея ўзгартирилиб, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш фаол амалга ошириб келинмоқда. Бу, аввало, ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаёти, турмуш-тарзи, моддий имкониятлари ва давлатга бўлган ишончи ошишида намоён бўлмоғи даркор.

Миранда қоидаси

“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз берган кўрсатмаларнинг барчасидан судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, сиз давлат томонидан адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”.

Бу сўзлар америкалик айбланувчи Эрнесто Артуро Миранда томонидан айтилган бўлиб, унинг номи билан “Миранда қоидаси”, “Миранда ҳуқуқлари” тушунчалари ҳуқуқшунослик соҳасига кириб келган. Аниқроғи айнан мазкур воқеадан кейин “Миранда қоидаси” дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумон қилинувчи ва айбланувчига унинг ҳуқуқлари тушунтирилишини кафолатлаш тартибини бошлаб берган.

Бу борада айбланувчининг қандай ҳуқуқбузарлик содир этгани ва бунга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси қўлланишини билиш, айбловга нисбатан ўз муносабатини билдириш ёки билдирмаслик, ҳар қандай пайтда ва сўроқ вақтига қадар ўзи танлаган адвокат билан холи маслаҳатлашиш каби муҳим қоидалар бугунги кунда кўпчилик дунё мамлакатлари қонун амалиётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган.

Таъкидлаш лозимки, “Миранда қоидаси” ҳозирга келиб барча давлатлар Конституцияси ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган норма сифатида белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади

Ўлим жазоси энг оғир жазодир. Бу маҳкумнинг энг қимматли инсоний ҳаётдан маҳрум бўлиши билан белгиланади. Инсоният тарихида ўлим жазоси берилиши нисбий равишда қадимги Юнонистондаги Спарта ва Афина давлатлари ўртасидаги Пелопоннес урушлари натижалари билан боғлиқ бўлиб, юнон тарихчиси Фукидид маълумотига кўра, аслида ғолиб Афина сардори Диодот ҳам бундай жазога қарши бўлган. “Табиатан ҳамма одамлар шахсий ва жамоат ҳаётида ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилишга мойил ва ҳеч қандай қонун уларни бунга тўсқинлик қилмайди. Бир сўз билан айтганда, қаттиқ қонунлар ёки бошқа қўрқитиш воситалари билан одамлар бошқа одамларни табиатан мойил бўлган нарсаларни қилишдан сақлай оладилар деб тахмин қилиш имконсиз ва аҳмоқлик бўлар эди”, деб таъкидлаган эди Диодот.

Шу маънода Ўзбекистонда 2008 йилда ўлим жазоси бекор қилинган бўлиб, эндиликда буни Конституцияда аниқ белгилаб қўйиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни энг юқори нотага олиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “…демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган”.

Бу билан Ўзбекистон ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканини бутун дунёга яққол намоён қилган бўлди.

ЕХҲТ Парламенти Ассамблеясининг Ўлим жазосини бутун дунёда тақиқлаш тўғрисидаги резолюциясида “ўлим жазоси ‒ инсонпарвар жазо эмас, балки инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган давлатларга муносиб бўлмаган ваҳшийлик ҳаракатидир, чунки у айбсиз шахснинг ҳаётидан маҳрум этилишига олиб келиши мумкин”лиги қайд этилади.

Ўлим жазоси қўлланилишини бекор қилиш Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришнинг устувор йўналишига айланди. Ўзбекистон Республикасининг ўлим жазосини бекор қилишга доир сиёсати жаҳонда кечаётган жараёнларга тўла мос бўлиб, мамлакатнинг Асосий қонунида мустаҳкамланган инсонпарварлик ва одиллик принципларини ўзида тўла акс эттиради.

Мирзаюсуф РУСТАМБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат

 хавфсизлиги университети бошлиғи,

Конституциявий комиссия аъзоси.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил 6 июль сони