Қозоғистон Республикасининг ваколатли идоралари маълумотига кўра, жорий йил 30 ноябрь куни соат 21:00 да “Россия Федерацияси – Актобе – Қизилорда – Алмата” республика аҳамиятига эга автомобиль йўлида “Москва – Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, давлат рақами 774BOT13 бўлган “VanHool” русумли йўловчи автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учраган.
Ҳодиса вақтида автобусда 54 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. ЙТҲ оқибатида жабрланувчи ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Барча йўловчилар фавқулодда вазиятлар хизмати ва полиция ходимлари томонидан Актобе вилояти Айтекеби тумани, Қорабутоқ қишлоғидаги масжидга вақтинча жойлаштирилди. Фуқароларга озиқ-овқат ва зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Фуқароларни Ўзбекистонга бошқа автобус орқали тезкор равишда қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Вазият Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчихонаси ва Бош консуллиги томонидан тўлиқ назоратга олинган бўлиб, Қозоғистон томонининг масъул идоралари билан доимий алоқа ўрнатилган.