АЛИШЕР НАВОИЙ – ТУРКИЙ ХАЛҚЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ ЯЛОВБАРДОРИ

Кўплаб илмий тадқиқотлар ва мўътабар манбаларда қадим-қадимдан туркий халқлар орасида кўплаб улуғ авлиё ва алломалар,  мутафаккир ва шоирлар, фотиҳ ва кураги ерга тегмаган саркардалар етишиб чиққани таъкидланади. Айниқса,  жаҳон илм-фани тараққиётига мислсиз  ҳисса қўшган икки Ренессанс даврида юртимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг илмий кашфиётлари, адабиёт ва санъат аҳли томонидан яратилган бетакрор ижод намуналари рўйхатининг ўзи бир неча жилдли китобни ташкил этиши бу ҳақиқатнинг ойдин далилидир. “Ҳар гулнинг ўз иси бор” деганларидек мозийда ўтган олиму фозилларнинг ҳар бири илм-фан, адабиёт ва санъат оламида ўз ўрнига эга, албатта. Аммо улуғларимиз орасида жавоҳирлар шодасида ўзгача ёғду таратувчи Кўҳинур олмосидек алоҳида ажралиб турадиган бир сиймо борки, у – туркий халқларни бирлаштирувчи маънавий яловбардор, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси ҳазрат Мир Алишер Навоийдир.

Учинчи ирмоқ

Мавлоно Абдураҳмон Жомий “замон ва маконни ўз измига бўйсундирган зот” дея таърифлаган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “беназир шахс” дея юксак баҳо берган мумтоз шоир бобомизнинг шахсияти ва ижоди беш асрдан зиёд муддатда соғлом тафаккур соҳиблари учун комиллик маёғи, маҳорат мактаби вазифасини ўтаб келмоқда. Одатда, даврлар ўтиши билан аксар тарихий сиймолар авлодлардан йироқлашади. Аммо ҳар бир қоидада истисно бор. Ҳазрат Навоий ҳам вақт ўтгани сари миллатимизга янада яқинлашиб, ҳар жабҳада муаллимлик қилмоқда. Зотан, унинг  нурли ҳаёти, бунёдкорлик ишлари, мамлакат тинчлиги ва ободлиги йўлидаги жасорати ва ҳиммати, илм-фан, санъат ва маданият аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги қанчалик ибратли бўлса, ҳар жиҳатдан ҳайратланарли улкан ижодий мероси ҳам бугунги кун саволлари, келажак идеалларига жавоб топишда бебаҳо сарчашма ҳисобланади.

Милодий XV асрга қадар Хуросон ва Мовароуннаҳр минтақасида бақамти яшаб келган  халқларнинг муштарак маданий-маънавий мероси асосан форс ва араб тилларида яратилган бўлса, Алишер Навоийнинг амалий саъй-ҳаракатлари ва баракали ижоди шарофати ила туркий тилда яратилган адабиёт мусулмон Шарқи илму ирфон денгизига учинчи кучли ирмоқ бўлиб қўшилди. Навоийнинг даҳолиги шундаки, у араб ва форс адабиётларининг кўп асрлик тажрибаларини ижодий ўзлаштирган ҳолда якка ўзи ушбу адабиётларга тенг бўла оладиган муҳташам адабий обидалар ярата олди. Мутафаккир бобомиз адабий-бадиий, диний-тасаввуфий ва илмий асарлари билан ўзбек адабиётининг ўзигача бўлган даврдаги кемтикликларини тўлдириб, сўз санъати борасида туркий тил бошқа лисонлардан заррача кам эмаслиги, аксинча, ўзига хос латофат, зарофат ва дақиқликларга эга эканини амалда исботлади. Шарқу Ғарб олимлари бир овоздан тан олганидек, Навоийнинг ижоди алоҳида олиб қаралганда мумтозлик даражадаги мукаммал бир адабиёт талабларига тўла-тўкис жавоб беради.

Алишер Навоийнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини тасаввур қилмоқ учун унгача бўлган давр ҳамда кейинги асрларни қиёслаш кифоя. Туркийлар асрлар давомида мусулмон Шарқининг сиёсий, иқтисодий ҳаётида етакчи халқлардан бўлганига қарамай, маданий ҳаёт ва айниқса, адабиёт соҳасида туркий тилнинг роли сезиларли даражада эмасди. Ҳазратнинг оламшумул асарлари туфайли ўзбек тили адабий лисон сифатида узил-кесил шаклланиб, бу тилда наинки шоиру адиблар, олиму фозиллар ҳам турли мавзуда асарлар, илмий рисолалар ёзиш имконини қўлга  киритишди. Даҳо ижодкорларнинг тарихий хизмати шундаки, улар ўзларига қадар ҳеч ким қадам босмоққа журъат қилмаган ёлғизоёқ сўқмоқлардан юриб, халафлари учун янги йўллар очадилар. Навоийдан улги олган, уни ўзларига муаллими аввал деб билган бошқа туркий халқлар намояндалари ҳам ўз она тилларида миллий адабиёт яратишга камарбаста бўлдилар. Алҳол, бошқа туркий халқларнинг адабиёти ҳам мумтозлик даражасига кўтарилди. Шу маънода, Алишер Навоий ижодини бутун туркий халқларнинг маънавий байроғи десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Вақтдан ғолиб сиймо

Арабларда “Дунёдаги ҳамма нарса вақтдан қўрқади, вақт эса эҳромлардан” деган мазмунда ҳикмат бор. Бу нақлда эҳромларнинг асрлар суронидан омон чиққани, ҳатто шафқатсиз вақтдан ҳам ғолиб келганига ишора бор. Ҳазрат Навоийнинг бой маънавий мероси ҳам вақтдан ғолиб қадриятлар сирасига киради. Хўш, Навоий ижодининг умрбоқийлиги сири нимада?

Аввало, “авлиёлар авлиёси” дея таърифланган мутафаккир бобомиз ижоди Қуръони карим, ҳадиси шариф каби боқий сарчашмалардан сув ичганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳар бир сатри илоҳий ҳикмат, инсоний ибратга йўғрилган асарларнинг замонлар эврилса-да, аҳамиятини мисқолча йўқотмай келаётгани бош сабаби шу. Қолаверса, ёлғон, ўтрикдан ҳазар қилган бу улуғ зот ҳар қандай вазиятда ҳам фақат рост сўзни айтмоқни бурчи деб билган. Сирасини айтганда, “Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил” шиори билан яшаган ҳақгўй шоир адабиётда фақат рост сўз яшашга ҳақлигига имон келтирган эди. Ўз умри давомида ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тотиб, оддий навкарликдан мамлакат сиёсатининг асосий устуни даражасигача бўлган босқичларни босиб ўтди, тақдирнинг турли-туман синовларини ўз танасида яшади. Мутафаккир шоир ҳақиқат ва адолатнинг шунчаки куйчисигина эмас, балки фаол курашчиси бўлгани боис, унинг асарларида юксак тарзда бадиий ифода топган хулоса ва кузатувлар, мушоҳада ва мулоҳазалар, рост сўз ва расо фикр вобаста бўлган ҳикматлар ҳаққонийлиги, ҳаётийлиги билан бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Адабиёт аталмиш cоҳир санъат пайдо бўлганидан буён рўйи заминда неча юз минглаб шоирлар, адиблар яшаб ўтгандир. Илло улар орасида Навоий каби жаҳоний шуҳрат қозонган, номи инсоният тарихига абадийян муҳрланганлари кам. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов топиб айтганидек, “Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро жаҳонгири кам бўлар, рости”.

Ҳомер, Фирдавсий, Низомий, Данте, Шекспир каби алп ижодкорларнинг мўъжизакор ижод намуналари қаторида ҳазрат Навоийнинг мероси, айниқса, безавол “Хамса”си ҳам жаҳон тамаддуни йилномасининг олтин  саҳифасини ташкил этади. Абдураҳмон Жомийнинг “Алишер Навоий “Хамса”си – темурийлар салтанатининг энг муҳим ҳосиласи”, деган баҳосида улкан ҳаётий ҳақиқат мужассам. Чиндан ҳам, ўзбек халқи тафаккури қомуси ўлароқ яратилган бу асар Соҳибқирон Амир Темур асос солган қудратли салтанатда амалга оширилган маънавий ислоҳотларнинг хулосаси ўлароқ майдонга чиқди. Беш хазина – беш достондан иборат ушбу муаззам асар ўзбек халқининг маънавий қудрати унинг ҳарбий ва сиёсий салоҳиятидан асло кам эмаслиги, маърифат ва адолат ўзбек давлатчилиги, тафаккурининг асосини ташкил этишига яққол далилдир. Жаҳон сиёсати, ҳарбу зарб тарихини ўзбек халқи асос солган давлатчиликсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, дунё адабиёти, инсоният тафаккури тарихини Алишер Навоий сиймоси ва унинг қаламига мансуб ҳайратангиз асарларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Мутафаккир шоирнинг юксак бадиий йўсинда ифода этилган инсонпарварлик қарашлари барча давру замонларда олам ва одам, ҳақиқат ва адолат, тўғрилик, инсоф, ростгўйлик, ўзликни англаш ва шу орқали Яратганни таниш каби умрбоқий жумбоқлар ҳақида тафаккур қилиш, оқилона хулосалар чиқаришга кўмакдош бўлиб келаётир. Айниқса, бугунги таҳликали замонда “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, / Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш” дея ўгит берган зотнинг тинчлик ва фаровонлик, ватанпарварлик ва инсонсеварлик хусусидаги мушоҳадалари янада кўпроқ аҳамият касб этмоқда.

Миллий маънавиятимизнинг ўқтомири

Алишер Навоийнинг шахсияти ва ижодига қизиқиш унинг ҳаётлиги давридаёқ бошлангани маълум. Мутафаккирнинг ҳаётидан нақл этувчи илк тарихий манба Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул-баҳрайн” бўлса, адабий фаолияти ҳақида биринчи бўлиб бошқа бир самарқандлик олим – Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” асарида маълумот берилган. Навоийшуносликнинг асл Ватани  – бугунги Ўзбекистон эканини ҳисобга олган ҳолда, миллий давлатчилигимизнинг маънавий асоси ва ўзлигимизни англаш жараёнини улуғ бобомизнинг шахсияти, унинг уммондек теран ва тоғлардек улкан меросини тадқиқ ва тарғиб этиш билан боғлиқ равишда амалга оширишимиз лозим. Негаки, халқимиз маданий ҳаёти ва тарихини муаззам бир чинорга ўхшатсак, ҳеч шубҳасиз, ҳазрат Навоийнинг ижоди ушбу азим оғочнинг ўқтомири эрур.

“Лисон ут-тайр” достонида бундай байт бор:

Одамиға яхши кўп авсоф эрур,

Лек аларнинг ашрафи инсоф эрур.

Агар шу байтдаги ҳикматга амал қилиб, инсоф юзасидан фикр юритсак, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Алишер Навоийнинг шахсияти ва бебаҳо меросини тарғиб қилиш бўйича жуда кўп ишлар ва ташаббуслар амалга оширилганига амин бўламиз. Айниқса, мутафаккир бобомизнинг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори жаҳон навоийшунослигининг янги сифат босқичига кўтарилишида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Дунё зиёлилари томонидан “Туркий халқларнинг Нобель мукофоти” дея эътироф этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилиши, ўттиз жилддан иборат “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” илмий тадқиқотлар мажмуасининг нашри каби эзгу ишлар орқали шоир муҳибларининг асрлик орзулари рўёбга чиқаётир. Корея Республикаси, Беларусь, Қозоғистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон каби мамлакатларда Навоийнинг ҳайкал ва бюстлари ўрнатилиши ҳам шундан гувоҳлик берадики, олиб борилаётган адолатли ва маърифатпарвар сиёсат туфайли жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон деганда Навоийни, Навоий деганда Ўзбекистонни тасаввур этмоқда.

Туркийзабон мамлакатлар ичида Ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш, таржима ва тадқиқ этиш борасида Исо Ҳабиббейли, марҳум Рамиз Аскар, Яшар Қосим, Алмаз Биннатова, Бедирхон Аҳмедли, Ғолиб Сайилов, Акиф Азалп каби қардош озарбойжонлик олимларнинг илғор сафда тургани бизни алоҳида қувонтиради. Алишер Навоийнинг безавол “Хамса”си, “Маҳбуб ул-қулуб” ва бошқа насрий асарлари ҳамда ўзбек навоийшуносларининг энг янги тадқиқотларини озарбойжон тилига таржима этилиши ҳамда Навоий ва озарбайжон адабиёти масалаларини ёритилишида бу олимларнинг хизмати улуғ. 

Мўйсафид дунё яна тўқнашувлар, манфаатлар зиддияти, таҳликаю талвасаларга рўбарў бўлмоқда. Киприкдаги ёшдек қалқиб турган курраи арздаги шиддаткор ўзгаришларни кўриб инсон юрагига ваҳм тушади. Маънавий жабҳадаги хатарлар, кўз кўриб қулоқ эшитмаган таҳдидлардан ақл шошади. Назаримизда, маънавий-мафкуравий таҳдидларга қарши курашга бел боғлаган бугунги кун зиёлиси ҳазрат Навоий асарлари билан қуролланмоғи лозим ва лобиддир. 

Технократик инқилоблар замонида одам фарзандининг инсоний қиёфасини йўқотмай, асли-насли, илдизидан узоқлашмай яшаши чин қаҳрамонлик бўлиб қолмоқда. Бундай вазиятда ҳазрат Навоий ҳамда унга туғишган биродардек бўлиб қолган бошқа мутафаккирларнинг маънавий раҳнамолигида яшамоқ оқилона йўлдир.



Олимжон ДАВЛАТОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий

тадқиқотлар институти директори