2025 йил учун “Актау – туркий дунёнинг маданий пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан 4–6 апрель кунлари Каспий соҳилидаги Актау шаҳрида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда туркий давлатлар делегациялари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги вакиллари, артистлар ва рақс гуруҳлари иштирок этди. Очилиш маросимида Қозоғистон Республикаси маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ҳамда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев нутқ сўзлади.
Тадбир доирасида миллий анъаналар ва маданий меросни акс эттирувчи “Дархан дала” этношаҳарчаси очилди, унда 7 та этноқишлоқ туркий халқларнинг турмуш тарзи ва маданиятини намоён этди.
Очилиш маросимида туркий давлатлар санъаткорлари, жумладан, «Тумор» ва «Лазги» рақс ансамбллари ҳамда ўзбек эстрадаси хонандаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ Артисти Юлдуз Усмонова иштирок этишиб, ўзбек санъатини намоён этди.
Шунингдек, Актау осмони юзлаб дронлар ёритган тамошабоп шоуга гувоҳ бўлди.
Йил давомида Актауда 30 дан ортиқ халқаро маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.