9 февраль — Алишер Навоий таваллуд топган кун

НАВОИЙГА ЕТМОҚ БАХТИ

Буюк бобокалонимиз Амир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратларининг бетимсол ижоди ул мўътабар зот ўзлари таърифлаганидек, дунё мамлакатларини забт этган чинакам умумбашарий ижодиётдир. Ґазрат бобомизнинг бой адабий мероси — юксак инсонпарварлик ғоялари, эзгулик ва дўстлик, бағрикенглик ва меҳр-мурувват сингари мангу мавзуларни тараннум қилиши билан оламшумул аҳамиятга молик. Девон ва достонлари вақт ҳамда макон танламайди, жуғрофий-чегаравий сарҳадларга бўйсунмайди.

“Лисон ут-тайр” достонида ўз асарларининг жаҳоншумул кўлам ва миқёси ҳақида гапирар экан, шундай шеърий маълумотга гувоҳ бўламиз:

Назму насрим, котиби тахминшунос

Ёзса, юз минг байт этар эрди қиёс.

Бу ҳазилакам гап эмас — адо бўлмас адабий хазина, абадиятга қадар мўлжалланган маънавий карвон.

Шу боис асарлари бутун олам аҳлига тааллуқли ва дахлдорлиги билан қадрлидир. Шеърият мулкининг султони деган улуғ мартаба бобокалонимизга ғоят ярашган.

Номлари эллар ва тилларда достон, миннатдор авлодларнинг фахру ифтихори бўлиб кўнгилларга маърифат ва адабиёт зиёсини таратмоқда, маънавият ва тарбияга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи чоғида кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашув пайти вилоятнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий соҳадаги, балки маънавий-маърифий юксалиш йўлидаги фаолияти ҳақида тўхталиб ўтиб, 2025 йилни вилоятда “Алишер Навоий йили”, деб эълон қилган эди. Бу таклиф ва ташаббус наинки биргина вилоят доирасида, балки мамлакатимиз кенг жамоатчилиги, олиму шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, зиёлилар, қўни-қўшни республикалардаги маърифат аҳли томонидан катта қувонч, фахр ва миннатдорлик билан кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббусини ижтимоий-маънавий ҳаётимизга татбиқ этиш борасида қисқа даврда кенг кўламли чора-тадбирлар режаси тузилди, бажариладиган хайрли ишлар дастури навбатма-навбат амалга оширилаётир. Муҳташам халқаро анжуманлар, назм ва наво кечаларию мушоиралар ҳам улуғ бобокалонимизнинг муборак номи, ўлмас хотирасига авлодлар эҳтиромининг самимий изҳоридир.

Кейинги кунларда пойтахтимиз Тошкент шаҳри марказида жойлашган Адиблар хиёбонида, бобомиз номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида, Навоий шоҳкўчасида, вилоятларда, бир томони Қозоғистону Тожикистон, бу ёғи Болтиқбўйи, Беларусь диёри, нарёғи Москвадан тортиб Озарбайжону Токиогача, яна бир томони Туркиядан Можаристонгача, Сеулдан Вашингтонга қадар, Ашхободдан то Шанхайгача бўлган чексиз-чегарасиз ҳудудлар — мамлакатлару шаҳру кентлардаги Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гуллар, гулдасталар қўйилади, бобокалонимизнинг муборак номи ва хотирасига халқаро миқёсда муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.

Улуғларимиз эътирофларидан иқтибос келтирадиган бўлсак, Алишер Навоий — инсонийлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик ғояларини катта санъаткорлик билан тараннум этган буюк ижодкор, туркий халқлар тили ва адабиётини жаҳон миқёсига кўтариб чиқа олган даҳо адибдир. Шу жиҳатдан у зот жаҳон адабиётининг энг ёрқин сиймолари — Гомер, Данте, Рудакий, Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Деҳлавий, Ҳофиз сингари буюклар қаторидан муносиб ўрин олган. Мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндаси, ҳазрат бобомизнинг шогирди Муҳаммадризо Огаҳийнинг ҳазрат Навоий даҳосига берган таърифу тавсифлари ҳаммамизга маълум. Улуғ озарбайжон шоири Фузулий Алишер Навоий ижодига таъриф бераркан, у кишини “Султони салотини шуаро”, яъни “Шоирлар султонларининг султони”, деб атаган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да: “Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтғон эмас”, дея улуғлагани ҳам маълум ва машҳур.

Алишер Навоий ҳукмдорлар ҳақида сўз юритаркан, эл-улуснинг чорасози, яъни тахт ва салтанат эгаси том маънода халқпарвар, адолатпеша, саховатли ва айни пайтда билимли ва донишманд зот бўлиши керак, деган ижтимоий ғояни асарларида илгари сурган ва тараннум этган. Бобур Мирзо “Ҳусайн Мирзо замони ажиб замоне эрди”, дея тавсифлаганидай, маъоний мулкининг соҳибқирони Алишер Навоий ҳам темурийлар сулоласининг давомчиси Ҳусайн Бойқаро шахсияти, салтанати ва бошқарув санъатига ибратли баҳо беради:

Шаҳеким улус чорасозидурур,

Улус фозили Шоҳи Ғозийдурур.

Ки, Тенгри фузун айласин давлатин,

Ети чархдин ҳам бийик рифъатин

Ки, келди замонига сендек киши

Ки, эрмас ишинг одамизод иши.

(“Садди Искандарий”дан)

Бу ўринда сўз соҳибқирон Амир Темур бобомиз тамал тошини қўйган Иккинчи Уйғониш даврининг бардавомлиги ва мўжизавий бунёдкорликлари, уларни амалга оширган ҳақиқий ҳукмдор — буюк бунёдкор ҳақида бораётир. “Одамзод қилиши мумкин бўлмаган ишлар”, дея таъриф бераркан, Алишер Навоий ўз замонасининг инсон аҳли бовар қилмайдиган маҳобатли ўзгаришларини назарда тутади. Ва албатта, замон қасрининг бунёдкорини ҳақли равишда юксакка кўтаради. Худди шу ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, маънавий-маърифий янгиланишлар ва ортга қайтмас буюк ислоҳотларнинг амалий ифодасини биз бугунги янги Ўзбекистонимиз тимсолида, учинчи Уйғониш даврининг мустаҳкам пойдеворини яратишдек улуғвор ва устувор ишларда, унинг Бош меъмори — давлатимиз раҳбарининг жўшқин ва беором фаолиятида, азму шижоати, матонат ва ғайратида кўриб турибмиз.

Шу манзаралар оғушида бугунги Навоий вилоятига назар ташласангиз, она диёримизнинг барча манзилу маконларида бўлгани каби унинг нашъу намосидан дилингиз яйрайди, кўнглингиз равшанлашиб кетади. Улуғ аждодимиз номи билан шарафланган шаҳар ва вилоят аҳлининг, бунда камол топаётган ўғил-қизларнинг, фарзанд тарбиялаётган оилалар, отахонлар ва онахонларнинг орзу-ниятлари, эзгу мақсадлари бир дунё.

Табиийки, ҳар бир буюк шахс миллати ва халқу Ватани бахтига Яратган томонидан ўз тарихий миссияси ва вазифаси билан дунёга келади. Беихтиёр атоқли шоиримиз Ғафур Ғуломнинг донишмандона ҳамоҳанг сатрлари кўнгилдан кечади:

Дурахшон юлдузлар сари ўкирган,

Бўйнида занжиру, қалби озод шер.

Инсоний муҳаббат, меҳр ила вафо,

Эрку бахт тимсоли улуғ Алишер.

Не-не тарихларни бошдан ўтказиб,

Не-не жафоларни тортган кўҳна Шарқ —

Талай даҳоларни тарбият қилиб,

Офтобдай жаҳонни нурга қилди ғарқ.

Алишер Муштарий юлдузи каби,

Ўзбек осмонида балқиган чоғи,

Яна бир муҳтарам ўғил кўргандай

Каттароқ очилди олам қучоғи.

Биз — бугунги авлодлар “даҳолари офтобдай оламни нуру зиёга ғарқ қилган” мамлакатда, янги замонамиз ва сиёсатимиз шарофати билан олам бизга қучоғини кенг ва каттароқ очган сершиддат, айни пайтда дориламон бир даврда яшамоқдамиз. Сертаҳлика дунёнинг турфа авзойи ва рафторига қарамай она халқимиз Президенти раҳнамолигида ўзи танлаган йўлдан дадил ва мардона истиқболга интилмоқда. “Лашкар бехатар бўлмас”, дейди донишманд халқимиз. Табиийки, ислоҳотларимиз ҳам ортга қайтмайди.

Албатта, карвон ҳам бехатар бўлмаслиги табиий ҳол. Кенг кўламли янгиланишлар, ўзгариш ва уйғонишлар, ҳақиқатан ҳам, ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Жонажон Ватанимизнинг кўрку жамоли оламни ҳайратга солаётгани ҳам бор гап. Дўстларимиз, давлатлараро ҳамкорларимиз кўпайгандан кўпайиб бораётир.

Ичлари ғижимланиб, ола кўз билан қараётганлар ҳам топилади. Юрт эгаси лутф этгандай, ҳеч нарса ўз-ўзидан кўкдан тушмайди, биз учун ҳеч ким жонини жабборга бериб бир нима қилиб бермайди. Ўзимиз бажармоғимиз керак, ўзимиз курашмоғимиз керак! Бошқа йўли йўқ. Валломатлару шоввозларни айтмайлик, кўринмас “ағёрлар”дан, тутқич бермас рақиблардан асрасин. Мамлакат қачон обод бўлади, халқу миллат қачон шод ва фаровон яшайди, деган эскирмас саволларга, мана, улуғ шоиримиз қандай жавоб берган эканлар:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Биз шу шодликни, шу ободлик ва фаровонликни бугун она Ўзбекистонимиз тимсолида қураётирмиз, кўраётирмиз. Фарзандларимиз, азиз ўғил-қизларимизнинг бахту толеи, келажаги ва тақдири учун барчамиз бирдек масъул ва жавобгармиз.

Дилбандларимизнинг ўй-хаёлидаги, дилидаги орзу-ҳаваслари учун ҳам бурч ва масъулиятимиз бор. Маълумки, Алишербек билан Ҳусайн Мирзо бобомиз болалик паллалариданоқ ажралмас дўст ва ҳаммаслак бўлган. Бирга ўқиб, бирга таълим олган, тарбия топган.

Мана, “Рисолаи Ҳусайн Бойқаро”да ҳукмдор ҳазратлари ўз садоқатли дўсти ҳақида нақадар юксак баҳо беради:

“…Мир Алишер аслаҳаллоу шонаҳуким, тахаллуси Навоийға машҳурдурур ва ашъорида бу тахаллуси мастур — турк тилининг ўлган жасадиға Масиҳ анфоси била руҳ киюрди ва ул руҳ топқонларға туркий ойин алфоз тору пудидин тўқулғон ҳулла ва ҳарир кийдурди… Ҳар синф шеър майдониғаким, таковар сурди — ул кишварни тиғи забон била ўз хиттаи тасарруфиға кивурди. Анинг назми васфида тил қосир ва баён ожиз турур…

Бу кун назм арконининг рубъи маскунида қаҳрамон ул турур ва бу мамолик фатҳиға соҳибқирон ани десалар бўлур:

Эрур сґз мулкининг кишварситони,

Қаю кишварситон, хисравнишони.

Дема хисравнишонким, қаҳрамони,

Эрур гар чин десанг, соҳибқирони”.

Алишербек буюк тарихнавис Шарафиддин Али Яздийдан ақллилиги, ҳозиржавоблиги учун беш ёшида дуо олган, улуғ зотнинг оқ фотиҳасига мушарраф бўлган. Бу мавзуда мисол ва тамсиллар жуда кўп. Жомий ҳазратларию мавлоно Лутфийнинг ҳайрат ва эътирофлари ҳам азиз ўқувчиларга яхши маълум.

Бугунги замонамизга қайтадиган бўлсак, шу аснода устоз Абдулла Ориповнинг улуғ шоир ва мутафаккирга бағишланган шеъри ёдга тушади:

Бойқаро ирғишлаб истак отида,

Жаҳонга боққанда мисли бола шер —

Ҳирот дарвозасин бир қанотида

Шеърий лашкарини тизган Алишер.

Шу ўринда, бундан чамаси йигирма йиллар аввалги бир ибратли воқеани айтиб ўтсам. Абдулла ака бошчилигида бир гуруҳ ижодкорлар поездда Навоий шаҳри сари йўлга отланган эдик. Устоз бора-боргунча Алишер Навоий ижоди ҳақида тўхтовсиз гурунг берди. Буюк бобокалонимизнинг ғазаллари қолмади, достонлари қолмади, қитъалари билан фардлари, “Муншаоти”, “Арбаин”у “Муҳокамат ул-луғатайн”и қолмади — биз ҳар сўзи ва таҳлилидан билим ва маърифат балқиб турган донишманд бир зотнинг ақлу заковатидан ғайрат ва ҳаяжонда эдик. Қизиқарли ва мароқли суҳбат билан манзилга етиб келганимизни ҳам сезмай қолдик. Вагон навбатчиси вокзалга яқинлашганимизни маълум қилди. Тадоригимизни кўраётиб, вагон йўлагига қаторлашиш асносида ҳамроҳларимиздан кимдир Абдулла акага:

— Навоийга етиб келдик… — дея эслатгандай бўлди.

Шунда устоз ярим ўгирилганча ёноқлари пирпираб шундай деди:

— Биз Навоий шаҳрига етиб келдик! Навоийга етгунча ҳали яна беш юз йиллар юрмоқ керак! Буни эсингдан чиқарма!..

Биз бугун янги Ўзбекистон замонида, учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишдек улуғвор ўзгаришлар, “Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал” бўлаётган сершиддат ва буюк бунёдкорликлар даврида ҳазрат Алишер Навоийга асрлар қадар яқинлашганимизни англамоқдамиз.

Мана шундай ҳаяжонли паллаларда беихтиёр яна бир устозимиз, мумтоз шеъриятимизнинг закий билимдони ҳурматли Эркин Воҳидовнинг фахру ифтихорга тўла сатрлари кўнглимиздан кечади:

Менга Пушкин бир жаҳону

Менга Байрон бир жаҳон,

Лек Навоийдек бобом бор,

Кўксим осмон, ўзбегим!

Ғурур ва сурурга тўла ушбу қутлуғ айёмда, шу табаррук сарзамин ва шу муборак кунларда улуғ бобокалонимиз номи ва ижоди олдидаги қарздорлигимизни биз, авлодлар янада теранроқ ҳис этмоқдамиз. Навоий ҳазратларининг муҳтожлик жойлари йўқ, лекин биз ул зоти шарифнинг даҳоси олдида, бетимсол ижоди ва ўлмас ғоялари, эскирмас ва мангу сабоқлари олдида ҳамиша муҳтожлигимизни сезиб яшаймиз.

Мамлакатимиз бўйлаб навоийхонлик анжуманлари, мушоиралар, шеърхонлик, учрашув ва маърифий суҳбатлар давом этаётир. Ҳавас қилса арзийди: Улуғ Ватан тимсолини олган улуғ бобокалонимизнинг навқирон орзу-умидлари — келажак эгаси ва бунёдкорлари бўлмиш ўғил-қизларимизнинг бахт ва толеи баланд бўлсин! Илоҳо, бу суҳбатлар ҳеч қачон тугамасин.

Навоийлик ёшларга қараб, уларнинг саодатли чеҳраларига боқиб, буюк шоир бобомизнинг минг бир ҳавас ва завқлари келиб, мана, тахминан нима деган бўлар эдилар:

Боқиб Сизга, Навоий, бу сўзимдир:

Юзингизким менинг порлоқ юзимдир.

Ёниб турган шул ўтлуғ кўзларингиз —

Шараф осмонида юлдузларингиз.

Шижоат бирла мардлик мутаносиб,

Бағоят қоматингизга муносиб.

Азиз авлодларим, соҳибжаҳонлар,

Муборак Сизга бу давру замонлар.

Бу даврон эгаси, қалқони Сизлар,

Элу юрт эртаси, қўрғони Сизлар.

Менинг беш асрлик девонларимни,

Ҳама шеъру ғазал, достонларимни.

Мудом эслаб, мени ёд айлагансиз,

Руҳимни доимо шод айлагансиз.

Қилур то давру даврон Сизни эъзоз —

Саодат бирла бўлгайсиз сарафроз.

Валекин ўз-ўзидин келмагай Бахт,

Билим олингу илм излангиз ҳар вақт.

Жаҳонни қутқарувчи бир жиҳат бор:

Жаҳолат енгилур то маърифат бор.

Умидим шул эди ҳар лаҳза, доим,

Умидингизга еткизмиш Худойим.

Кўриб Сиз навқирон авлодларимни,

Яна эслаб буюк аждодларимни.

Деюрман: кимга мерос номус, ордир,

Ки унга доимо толеи ёрдир.

Жаҳон эврулди гарчи неча минг бор,

“Темурхон наслидин…” деб айтганим бор.

Темурийзодалардин бу шижоат:

Ватанга хизмату элга садоқат.

Жаҳонга шоҳ сиз — огоҳ сизсиз,

Агар огоҳ сизсиз — шоҳ сизсиз.

Боқиб Сизга, Навоий, бу сўзимдир:

Юзингизким менинг ёруғ юзимдир,

Баланд ору баланд ному баланд шон

Билан юксак бўлиб ҳар лаҳза, ҳар он,

Яшарсиз токи бу кавну маконда —

Енголмас Сизни ҳеч бир куч жаҳонда!

Сирожиддин Саййид,

Ўзбекистон халқ шоири,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.