Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги жасорати ва фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси беқиёс. Бутун бутун дунё буни яхши билади ҳамда эътироф этади. Бу йўлда қанчадан-қанча аждодларимиз қурбон бўлган, бир қисми эса қаҳрамон сифатида уйига қайтган. Яна қанча бобо ва момоларимиз фронтдагидан кам бўлмаган шароитда меҳнат қилган.
Шу маънода, бугун ушбу ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, бугунги ёруғ, мусаффо осмонимиз софлигини, тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлаш учун букилмас ирода ва жасорат намунасини кўрсатган, Ватан учун жон фидо қилган жасур боболаримиз матонатини ҳеч қачон унутиб бўлмайди.
Уруш даври мусибатларини бошидан кечирган юртдошларимизнинг хотираларидан маълум бўлишича, одамлар ўша вақтларда совет режимини ҳимоя қилиш зарурияти ҳақида кам ўйлаган. Аксинча, халқимизнинг аксарият қисми мустабид тузумни қораларди. Нега деганда, халқимиз Туркистон мухторияти қонга ботирилиши, истиқлолчилик ҳаракатининг зўравонлик билан бостирилиши ва диний эътиқод учун таъқиб қилинганини ҳали эсдан чиқармаган эди. Қолаверса, жамоалаштиришнинг “сталинча” зўравонлик билан амалга оширилиши натижасида юз берган жиноятлар, мустабид тузумнинг оммавий қатағонларидан қолган яралар ҳали битмаганди. Шунга қарамасдан халқимизнинг фашизмга бўлган кучли нафрати мустабид тузум етказган ғам-аламни орқа ўринга суриб қўйди ва у душманга қарши отланди.
Айтиш жоизки, янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида Иккинчи жаҳон уруши йилларида жасорат ва матонат, меҳр ва мурувват каби инсонийликнинг юксак намунасини кўрсатган халқимизнинг буюк Ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси билан боғлиқ муқаддас хотирани сақлаб қолиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Аввало, давлат раҳбарининг ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошланди. Масалан, 2020 йилгача уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган ва уларнинг 1 миллион 500 мингга яқини урушда қатнашган, деб ҳисобланар эди. Аммо жаҳон архивлари ўрганилиб, янги топилган маълумотлар таҳлил қилинганда эса Ўзбекистондан 1 миллион 951 минга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттасиқўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган. Демак, 451 минг нафар юртдошларимизнинг номлари ва тақдири шунча йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган.
Бундан ташқари, илгари 396 минг нафар Ўзбекистон фуқароси урушда ҳалок бўлган, деб айтиларди. Аслида, бу рақам 538 мингданзиёд бўлган, 158 мингдан кўпроғибедарак йўқолган.
Урушдан қорахат келганларга аза очилган бўлса, бедарак кетган аскарлар яқинларининг мусибати ундан ҳам оғирроқ кечган. Улар дараги чиқмаган аскар ўғли, турмуш ўртоғи ва отасини бир умр кутган, йиллаб излашган.
Бедарак кетганлар орасида 101 аскарнинг тақдири айниқса, бошқача кечган. Улар 1941 йилда урушнинг дастлабки ҳафталарида Смоленск остонасида асирга олинган ва нацистлар томонидан оккупация қилинган Нидерландияга пропаганда мақсадларида жўнатилган.
Дастлабки уч кунда ўзбекларни лагерда овқатсиз, очиқ осмон остида, симтикан билан ўралган ҳудудда сақлашган. Мақсад — бир бурда нон учун бир-бирининг гўштини еган одамлар ҳолати тасвирга олиниб, ундан пропаганда воситасида фойдаланиш эди. Лекин 101 ватандошимиз нацистларнинг бу режасини чиппакка чиқаради. Улар немислар кутгандай нон учун бир-бирини ўлдириш даражасига бормади, уч кун туз тотмаган бўлишса-да, бир-бирини қўллаб-қувватлади.
Хуллас, матонатли бу аскарларнинг 24 нафари 1941 йилнинг қаҳратон қишидан чиқолмай очлик ва касалликдан ҳалок бўлади, қолган 77 нафари 1942 йил 9 апрелда отиб ташланади.
Олиб борилган илмий изланишлар натижасида орден ва медаллар билан мукофотланган Ўзбекистон вакиллари сони бўйича ҳам ойдинлик киритилди. Илгари бу кўрсаткич 120 минг нафар, деб қайд этилар эди. Янги маълумотларга асосан, Иккинчи жаҳон урушида 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланди.
Шу ўринда, Совет иттифоқи қаҳрамон бўлган биргина ўзбек ўғлонининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган матонати тўғрисида тўхталмоқчимиз.
Гап шундаки, Беларуснинг Могилёв туманига қарашли Дашковка қишлоғи ҳудудидан Днепр дарёсини кечиб ўтиш бу ерда жойлашган 385-ўқчи дивизия учун ҳаёт-мамот масаласини ҳал қиладиган энг муҳим операция сифатида алоҳида аҳамият касб этар эди. Ўзбек фарзанди Шоди Шоимов махсус гуруҳ билан биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатади.
Дарёнинг нариги қирғоғидаги душманга сув сатҳи аниқ кўриниб турар, кечувга тушганларни қириб ташлаши аниқ эди. Шундай бўлса-да, Шоди Шоимов ва унинг гуруҳи душман томонидан ёғдирилган ўқ ёмғирлари ичида нариги қирғоққа сузиб ўтади.
Ўзбек ўғлони фашист билан юзма-юз бўлди, яқин масофада туриб жанг қилди ва ўзини босқинчилар хандиғига ташлади. Душман билан кечган қўл жангида паҳлавон ўзбек фарзанди 13 фашистни ўлдиради. 1944 йил 27 июнь куни Днепрнинг ўнг қирғоғида ўрнашган газандалар издиҳоми тор-мор этилади. Дивизия аскарларига Днепрни кечиб ўтиш учун енгиллик туғилади. Бироқ Ш. Шоимов душман билан кечган аёвсиз қўл жангида оғир яраланади ва эртаси куни 28 июнда жароҳати туфайли ҳалок бўлади. У ўшанда бор йўғи 18 ёшда эди…
Эътибор беринг, у 18 ёшида Совет иттифоқи қаҳрамони бўлди. Ўзидан бир донагина сурат ҳам қолдирмаган, лекин жасоратни абадиятга муҳрлаган ўзбек ўғлони Шоди Шоимовнинг бюстини тиклашда синглиси Тиловатнинг расмидан фойдаланилади. Ўша сурат ҳозир Беларуснинг Дашковкадаги музейида сақланмоқда.
Шунингдек, 24 ёшида Совет иттифоқи қаҳрамони бўлган Қўчқор Турдиев, генерал Собир Раҳимов, Зебо Ғаниева, Мамадали Топиволдиев, Аҳмаджон Шукуров ва бошқа кўплаб ватандошларимизнинг жасоратлари ҳам алоҳида эътирофга лойиқдир.
Иккинчи жаҳон урушида бевосита жанговар ҳаракатларда аёллар ҳам қатнашган. Давлат мудофаа қўмитаси урушнинг илк кунларидан бошлаб аёлларни ҳам урушга юбориш борасида бир қатор қарорлар қабул қилган. Гарчи, аввалига фронтга бориш ихтиёрий бўлган бўлса-да, 1942 йил баҳоридан бошлаб ҳаракатдаги қўшин сафига аёлларни оммавий равишда сафарбар этиш бўйича бир тўхтамга келингани маълум.
Ўзбекистондан 4 минг 555 нафар аёл урушда қатнашган, уларнинг орасида алоқачи, учувчи, мерган, зенитчи, тиббий ходим ва разведкачилар бор эди.
Урушнинг бошланғич даврининг энг мураккаб вазифаларидан бири иқтисодиётни ҳарбий изга солиш бўлган. Бу масъулиятли вазифани СССРнинг қарийб 40 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган, кўмирнинг 63 фоизи қазиб олинадиган, пўлатнинг 50 фоизи ишлаб чиқариладиган, доннинг 38 фоизи етиштириладиган, айниқса, кўпгина мудофаа корхоналари жойлашган ҳудудни фашистлар босиб олган бир пайтда ҳал қилиш керак эди.
Шу боис Ўзбекистон уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берадиган муҳим таянч марказларидан бирига айланди. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилди. Жумладан, кўп миллатли халқимиз фидокорона меҳнати билан ўша вақтдаги 300 га яқин ишлаб чиқариш корхоналарида ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 151 тазавод кўчириб келтирилиб, қисқа фурсатда ишга туширилди. Уларда аҳолимиз туну-кун машаққатли меҳнат қилиб, қаҳрамонлик намунаси кўрсатган, десак, айни ҳақиқат.
1941 йил 26 июндан бошлаб мамлакатда ишчи ва хизматчиларга ишдан ташқари вақтда мажбурий меҳнат қилиш, катта ёшдагилар учун ҳафтада 6 кунлик, кунига 11 соатлик режим жорий этилиб, таътиллар бекор қилинди. Идора хизматчилари, уй бекалари ва ўқувчилар ҳам ишлаб чиқаришга жалб қилинди. Агар 1940 йилда саноат ишчилари орасида хотин-қизлар салмоғи 34 фоизни ташкил қилган бўлса, 1942 йилда бу кўрсаткич 63,5 фоизга етди.
Натижада Ўзбекистон уруш йилларида фронт учун 2100 та самолёт, 17342 та авиамотор, 2 318000 дона авиабомба, 60 мингга яқин ҳарбий-кимёвий аппаратура, 22 млн. дона мина ва 560 минг дона снаряд, 1 млн. дона граната, 330 мингта парашют, ҳарбий эҳтиёж учун 100 минг километрдан ортиқ турли симлар, миналарни аниқлаб берувчи 4,5 минг дона қурилма, 2 861000 минг дона армия этиклари ва 59 мингдан ортиқ от ва кўпгина бошқа ҳарбий анжомлар етказиб берди.
Шунинг ўзиёқ ўзбек халқининг ғалабага қўшган ҳиссаси қанчалик салмоқли бўлганлигини кўрсатиб турибди.
Қолаверса, Ўзбекистонда тўпланган маблағ ҳисобидан ўнлаб ҳарбий самолёт ва танклар, жанговар машиналар барпо этилди. 1941 — 1945 йилларда мамлакатимиз собиқ иттифоқ миқёсидаги улкан госпиталга айланиб, бу ерда минглаб жангчилар даволаниб, сафга қайтган.
Оғир дамда халқимизнинг инсонпарварлиги, бағрикенглиги айниқса, яққол кўринди. Аҳолимиз уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, суронли ҳудудлардан кўчириб келтирилган қарийб 1,5 миллион кишини бағрига олди. Уларнинг 250 мингдан зиёди болалар эди. Кўпгина ўзбек оилалари иккита ва ундан ортиқ етим болаларни (Ш. Шомаҳмудов оиласи — 14 нафар, Ҳ. Самадов оиласи — 12 нафар, М. Жўраева ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан) ўз тарбияларига олдилар. Охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди.
Шу билан бирга, Россия, Украина ва Беларуснинг душман босиб олган ҳудудларидан турли миллатга мансуб 200 га яқин ёзувчи ва шоирлар Тошкентга кўчиб келиб, шу ерда ижод қилди.
Албатта, бу шунчаки статистик маълумот эмас. Бу рақамлар мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақиради. Айни чоғда, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга ундайди.
Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан Тошкент шаҳрининг Олмозор туманида “Ғалаба боғи” ташкил қилинди. Бундан кўзланган мақсад —ёшларимизни ота-боболар руҳини ҳурматлаш, миллатни севиш, юртнинг ҳар қарич тупроғини қадрлашга ўргатиш, эзгулик ва саховат сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашдан иборат. Бу эса биринчи галда аждодлар хотирасига чуқур эҳтиромдан бошланади.
“Ғалаба боғи” халқимиз қаҳрамонлигини улуғлайдиган, унинг қадр-қимматини юксалтирадиган бетимсол мажмуадир.
Вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин узоқни кўзлаб, ҳаётнинг ўзи ўртага қўяётган талабларни инобатга олиб, одамийлик, инсонпарварлик фазилатларини улуғлаш, умуман, Ватан учун, элу юрт учун хизмат қилган аждодлар номларини сақлаш, инсон хотирасини қадрлаш йўлида қилинган бундай савобли ишлар ҳеч қачон унутилмайди.
Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ҳар бирига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар бериб келиняпти. Буни ҳеч иккиланмасдан янги Ўзбекистонда халқ жасоратига кўрсатилаётган юксак эҳтиром намунаси, дейиш мумкин. Қолаверса, бу бизни ўтмишдан тўғри хулоса чиқариб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, аждодларимиздан ибрат олиб яшашга рағбатлантиради.
Қутбиддин Бурҳонов,
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.