Дунё тарихида, инсоният тараққиётида турли даврларда юзага келган цивилизациялар, салтанатларнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлган. Улар орасида туркий халқлар томонидан асос солинган қадимий давлатлар, уларнинг заминида ривож топган маданият ва тамаддунлар алоҳида ўрин тутади. Олиб борилаётган тадқиқотлар ўтмишда туркий халқлар жуда катта ҳудудларни ўз таъсир доирасига олгани, дунё тарихида мислсиз ўзгаришларга сабаб бўлганини кўрсатмоқда.
Тарихингдур минг асрлар…
Туркий халқларнинг муштарак ёдгорлиги саналган Ўрхун-Энасой обидалари, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асари ва бошқа кўплаб обидалар аждодларимизнинг нақадар юксак ақл-заковат, салоҳият ва идрок соҳиби бўлишганидан дарак беради. Халқларимиз даҳоси тимсоли бўлган Гўрўғли, Алпомиш. Дада Қўрқут. Манас, Эдигей сингари қаҳрамонлик эпослари асрлар оша инсониятни мардликка, ватанпарварликка, олийжанобликка ундаб келмоқда.
Тарихга назар ташласак, турк ҳоқонлиги, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар, усмонийлар, бобурийлар, сафавийлар сингари буюк сулолалар ўз ҳукмронлиги даврида давлатни ҳақ ва адолат билан бошқаришга, илм-фан, меъморчилик, маданият ва санъатни ривожлантиришга ҳаракат қилишди. Култегин, Ҳасан Буғрохон, Султон Санжар, Алп Арслон, Эртўғрул, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Шоҳ Исмоил Сафавий, Султон Сулаймон Қонуний, Абилайхон сингари ҳукмдорлар ва саркардалар туркий халқларнинг бирдамлиги, туркий элларнинг куч-қудрати ва озодлик учун улкан қаҳрамонликлар кўрсатиб келишган.
Бу туркий давлатлардан то шу кунга қадар жуда кўп тарихий ва маданий ёдгорликлар етиб келди. Туркий кенгликлардан етишиб чиққан ал-Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Имодиддин Насимий, Муҳаммад Фузулий, Насириддин Тусий сингари олим ва мутафаккирлар нафақат турк дунёси, балки жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшиб кетдилар.
Туркийлар қўлни қўлга берганда…
Бугун сайёрамизда яшаётган туркий тилли халқларнинг умумий сони 250 миллион кишидан ошади. Уларнинг асосий қисми олтита мустақил туркий тилли республика – Озарбойжон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон. Қирғизистон ва Қозоғистонда истиқомат қилади. Ушбу давлатларнинг умумий майдони салкам 5 миллион квадрат километрни ташкил қилади. Бугунги кунда мазкур давлатлар ўртасида ҳар тарафлама ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб келмоқда.
Маълумки, ўтган асрнинг бошларида усмонийлар салтанати ўрнида Туркия Республикаси қад ростлади. Кавказ ва Ўрта Осиёдаги туркийзабон давлатлар ўрнида совет ҳукуматига тобе республикалар ташкил топди. Уларнинг ўзаро муносабатлари коммунистик мафкура нуқтаи назаридан белгиланар, нисбатан узоқроқ маконда жойлашган Туркия билан алоқалар ҳам расмий Москва ва Анқара музокаралари доирасидан четга чиқмасди.
Туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқалар совет ҳукумати тарқалганидан кейин, унинг таркибидаги қардош республикалар (Туркманистон, Ўзбекистон. Қирғизистон, Қозоғистон) ҳамда Туркия ўртасидаги қисқа муддат ичида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. 1992 йилдан бошлаб, туркий тилли давлат раҳбарлари саммити ўтказила бошланди. Мазкур давлатлар раҳбарлари ташаббуси билан 1993 йилда Туркий тилли халқлар маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) таъсис этилди. Айни пайтда туркий тилли давлатлар ҳамкорлигида ТуркПА (Туркий тилли давлатлар парламентар ассамблеяси) Туркий маданият ва мерос жамғармаси, илмий тадқиқотлар учун мўлжалланган Туркий академия сингари қатор тузилмалар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Буюк ташаббусни қўллаб-қувватлаб…
2009 йил 3 октябрь куни Озарбойжон Республикасининг Нахичеван шаҳрида мазкур саммит негизида туркий тилли республикалар ҳамкорлиги кенгашини (Туркий кенгаш) тузиш тўғрисида Озарбойжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида битим имзоланган эди. Битимга асосан Туркий кенгаш халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади, унинг мақсад ва вазифалари эса туркий тиллар мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш, минтақада, умуман дунёда тинчликни қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган.
2012 йил 25 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий тилли давлат раҳбарлари Туркий Кенгашнинг байроғини тасдиқладилар. Унда ўша пайтда ушбу ташкилотга аъзо бўлган тўрт давлат (Озарбойжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон) байроқларидан маълум тимсоллар саралаб олинганди. Жумладан Қозоғистон байроғидан мовий ранг, Қирғизистон байроғидан қуёш рамзи, Туркиянинг байроғидан ҳилол ва Озарбойжон байроғидан саккиз қиррали юлдуз олинган.
Айни пайтда Туркманистон ва Венгрия Туркий кенгашнинг кузатувчи давлатлари мақомига эга. Кенгашнинг котибияти Истанбул шаҳрида жойлашган.
Ўзанини топган дарёлар
Маълумки, туркий тилли давлат раҳбарлари саммитига 1996 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон охирги марта мезбонлик қилган, кейинчалик Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ушбу ташкилот доирасидаги фаолияти сезилмай қолганди.
Кейинги уч йил ичида Ўзбекистоннинг ички ва ва ташқи сиёсатида жуда катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти вакиллари, халқаро экспертлар, турли давлатларнинг сиёсий арбоблари ҳам эътироф этиб келишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар қатори қардош туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.
2018 йил 14 сентябрида Ўзбекистон Президенти томонидан Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлисида маъқулланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.
Бу ҳодиса Ўзбекистонда ва бошқа қардош мамлакатлар томонидан катта қувонч билан қарши олинди. Мутахассисларнинг айтишича, Туркий кенгаш унга аъзо давлатларнинг мулоқоти ва ҳамкорлигини илгари суриш мақсадида тузилган йирик минтақавий бирлашма ҳисобланади. Ушбу ташкилотнинг шаклланишига қадар Ўзбекистон туркий тиллар давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ва янада ривожлантиришда фаол иштирокчи ва ташаббускорлардан бири бўлган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштироки ушбу ташкилотнинг аъзо-давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот, табиатни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техникавий, таълим, энергетика, транспорт, кредит-молия ва ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга кўмак кўрсатади.
2021 йил 12 ноябрда туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Истанбул шаҳрида ўтказилган саммитда ташкилот номи туркий давлатлар ташкилоти дея ўзгартирилди. Ўзбекистон мазкур ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида унинг барча йиғилишлари. Тадбирлари. Лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Мазкур тузилмага аъзо бўлиш савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш, товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида божхона ва транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда банк ва молиявий операцияларни енгиллаштириш имконини беради.
“Ўзлигингни англасанг, юксаласан!”
Буюк турк ҳукмдорларидан бири Билга Ҳоқон (717-734) келгуси авлодлар учун ёзиб қолдирган машҳур битиктошида шундай жумлаларни битиб қолдирган эди: “Эй туркий элим, сен ўзлигингга қайт, ўзингни англа, шундайгина сен янада юксаласан!”
Бу сўзлар айтилганига 13 асрга яқин вақт ўтганига қарамай, бугун дунёда юз бераётган турли эврилишлар, сиёсий жараёнлар бурча халқлар қатори туркий тилли халқлар ва мамлакат учун ҳам кучларни бирлаштириш, тарихий ўзакларни англаган ҳолда келажак сари қадам ташлаш заруратини олдимизга вазифа қилиб қўймоқда.
Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг келажаги ҳам бевосита ҳамжиҳатликни, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилишни тақозо этмоқда.
Бинобарин, мамлакатимизнинг ушбу нуфузли кенгашга аъзо бўлиши, юртимизда Нахичеван Битимининг ратификация қилиниши, Ўзбекистоннинг 15 октябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган еттинчи саммитида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши оламшумул ҳодиса сифатида турк дунёси тарихи саҳифаларида муҳрланиб қолажак.
Рустам ЖАББАРОВ
Филология фанлари бўйича
фалсафа доктори, Ўзбекистон
Ислом цивилизацияси маркази
илмий котиби